1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шаъбон ойининг фазилатлари, Бароат кечаси

18:45 / 06.03.2023 3242 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шаъбон ойи – ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, асосий урғу Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришга қаратилганини англаймиз. Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ أُسَامَة بْنِ زَيْدٍ رضي الله عنه قَالَ: " قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ لَمْ أَرَكَ تَصُومُ شَهْراً مِنَ الشُّهُورِ مَا تَصُومُ مِنْ شَعْبَانَ . قَالَ "ذَلِكَ شَهْرٌ يَغْفُلُ النَّاسُ عَنْهُ بَيْنَ رَجَبٍ وَرَمَضَانَ وَهُوَ شَهْرٌ تُرْفَعُ فِيهِ الأَعْمَالُ إِلَى رَبِّ الْعَالَمِينَ فَأُحِبُّ أَنْ يُرْفَعَ عَمَلِى وَأَنَا صَائِمٌ " (أَخْرَجَهُ النَّسَائِيُّ).

«Эй Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбон рўзасидек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бу бир ойки, одамлар ундан ғафлатда қоладилар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Мен ҳам амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар  (Имом Насоий ривояти).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: " لَمْ يَكُنْ رَسُولُ اللّهِ صلى الله عليه وسلم فِي الشّهْرِ مِنَ السَّنَةِ أَكْثَرَ صِيَاماً مِنْهُ في شَعْبَانَ " (رَوَاهُ مُسْلِمٌ)

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг ҳеч бир ойида Шаъбондагидек кўп рўза тутмасдилар” (Имом Муслим ривояти).

Тобеъин, Куфа шаҳрининг фақиҳларидан бири Ҳабиб ибн Абу Собит Шаъбон ойи кирса: “Бу қориларнинг ойидир”, дер эди. 
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик (масофага) узоқ қилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти). 

Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб осий бандаларнинг тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиши, ризқлар тақсимланиши, беморлар шифо топиши ва ундан бошқа фазилатларга эга экани борасида турли ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар якка ҳолда заиф ҳадислар ҳисоблансада ҳамма санадларини жамлаб, умумий ҳолда хулоса қилинса, шариатимизга кўра ушбу кеча фазилатли ва баракотли кеча ҳисобланиши маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Абул Ало Муҳаммад ибн Абдурроҳман Муборакфурий “Шаъбон ойи 15-тунининг фазилат борасида бир қанча ҳадислар бор бўлиб, уларнинг мажмуаси унинг шариатда ишончли асоси бор эканига далолат қилади”, деган (Туҳфатул аҳвазий. 3-жуз, 365-бет). 

Машҳур мужтаҳид олим Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

بَلَغَنَا أَنَّهُ كَانَ يُقَالُ: " إِنَّ الدُّعَاءَ يُسْتَجَابُ فِي خَمْسِ لَيَالٍ: فِي لَيْلَةِ الْجُمُعَةِ وَلَيْلَةِ الأَضْحَى وَلَيْلَةِ الفِطْرِ وَأَوَّلِ لَيْلَةٍ مِنْ رَجَبٍ وَلَيْلَةِ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ"

яъни: “Бизга етган хабарларда айтилишича беш кечада дуо ижобат бўлади: жума кечаси, қурбон ҳайит кечаси, Рамазон ҳайити кечаси, Ражабнинг биринчи кечаси ва Шаъбон ойининг ярмидаги кечаси” (манба: Ал-Умм. 1-жуз, 264-бет)

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Диннинг Жаброил алайҳиссалом ҳадисида зикр қилинган асосий уч қисмига биноан, унинг ҳукмларининг ҳам учга бўлиниши собит ҳақиқатдир.1. Мўминмусулмон банданинг давоми...

3060 15:30 / 23.06.2019
Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадиларҲазрати Мавлоно Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки, олим аслида илмига амал давоми...

2982 10:00 / 29.06.2019
Олимлар чумолилар дунёсини узоқ ўрганганларидан сўнг, уларнинг ҳаёти кўп сирларга тўлалигини таъкидламоқдалар. Ана шу сирлардан бири чумолиларда урушиш, давоми...

4454 11:06 / 05.11.2020
15бобФақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадиларҚозиликни қабул қилиш тўғрисида ҳам уламолар орасида ихтилоф бор. Баъзилар қозиликни қабул қилиш дуруст давоми...

1925 18:00 / 15.11.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021