1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Муфтий ҳазрат Халқаро мусулмон уламолар кенгашига аъзо бўлдилар

18:14 / 23.06.2023 2086 pdf Ўқиш режими + -

2023 йил 22 июнь юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳаётида қувончли ва тарихий кун бўлди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Халқаро мусулмон уламолар кенгаши аъзоси сифатида қабул қилинганлари эълон қилинди.


Бу фарахбахш воқеа диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофи бўлиб, юртимиз уламоларининг динимиз ривожига қўшаётган ҳиссаларига берилган юксак баҳодир.


Халқаро мусулмон уламолар кенгаши раиси, профессор доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига йўлланган хатда, жумладан, шундай дейилади:
— Халқаро мусулмон уламолар кенгаши Сизга ўзининг юксак эҳтиромини ифода этиб, доимий соғлик-саломатлик ва муваффақият тилайди. Сизга ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига самимий саломларим ва юксак эҳтиромимни йўллайман...


Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров ҳазратларининг Халқаро мусулмон уламолар кенгашига аъзо этиб қабул қилинганини мамнуният билан маълум қиламан.
Биз ишонамизки, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров ҳазратларининг Халқаро мусулмон уламолар кенгаши сафига қўшилишлари бутун дунёда Ислом ва мусулмонлар хизматидаги муштарак саъй-ҳаракатларимизни янада ривожлантиради.


Шунинг билан бирга, мазкур нуфузли халқаро ташкилот раҳбари томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, фазилатли Шайх Нуриддин Холиқназаров ҳафизаҳуллоҳ ҳазратларига, деб бошланган алоҳида мактубда эса шундай жумлалар баён этилади:
— Халқаро мусулмон уламолар кенгаши Сизга ўзининг энг юксак ҳурмат ва эҳтиромини изҳор этиб, доимо соғ-саломатлик ва муваффақиятда бўлишингизни тилайди.


Аллоҳ таолодан Сизга ташкилотнинг фаолиятини қўллаб-қувватловчи фаол аъзолардан бўлиш, мусулмон уммати хизматида, унинг турли муаммоларини ҳал этишдаги мақсадларини рўёбга чиқаришда ўз ҳиссангизни қўшишингизда Яратганнинг Ўзи ёрдам беришини сўраймиз...


Таъкидлаш жоизки, профессор доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий ўз мактубларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва уламолари билан ҳамкорлик қилиш имконияти пайдо бўлганидан мамнун эканини изҳор этган. Мусулмонлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топишга умид боғлаган. Шунингдек, мазкур ҳамкорлик алоқалари ушбу олий мақсадлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши ва илмий-маърифий тажриба алмашишга асос бўлишига ишонч билдирган.


Қайд этиш керакки, Шайх Нуриддин домла ҳазратларининг ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлишлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги меҳнатлари самарасидир.


Нуриддин домланинг муфтийлик фаолиятларида юртимиздаги ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда Фатво маркази ташкил этилиши, масжид-мадрасалар, Қуръон курслари очилиши, қадамжолар обод этилиши, алломалар мероси тадқиқ этилиши ҳамда ҳаж-умра қилувчилар сони кескин ошишида муносиб ҳиссалари бор.


Муфтий ҳазратларининг Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Туркия, Озарбайжон, Германия ҳамда Қирғизистон, Қозоғистонда ўтказилган халқаро анжуманларда диний-маърифий ислоҳотлар ва мўмин-мусулмонларни қийнаётган муаммоларга ечим сифатида илгари сурган таклифлари халқаро майдонда юқори баҳоланган.


Нуриддин домла юртимиз ва хорижий ОАВларида мунтазам чиқишлар қилиб турадилар. Хусусан, ижтимоий тармоқлардаги доимий кузатувчилари сони 2 миллион 200 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Ҳазратнинг руҳий тарбия, одоб-аҳлоқ, илму маърифат, фарзанд тарбияси, ота-онани эъзозлаш, Ватанга муҳаббат туйғуси каби мавзулар баён қилинган 10 та китоб ҳамда CD, DVD дисклари нашр этилган.


Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг олий бошқарув органлари — Уламолар Кенгаши, Олий ҳайъати раиси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Халқаро Илмий ҳайъати раиси каби масъулиятли вазифаларга сайланганлар. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий кенгаши томонидан “Фахрий доктор” илмий унвони ҳам берилган.


Навбатдаги мартаба ва мақом муфтий Шайх Нуриддин домла ҳазратларига шараф ва масъулият юклайди.

Маълумот ўрнида, Халқаро мусулмон уламолар кенгаши 2004 йилда 50 нафар уламо томонидан тузилган мустақил, нуфузли ташкилот. Бош қароргоҳи Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган.


Ташкилот мақсадлари: уламоларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, уммат олдидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий саъй-ҳаракатларни амалга оширишдан иборатдир.
Ташкилот вазифалари: Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, замонавий ахборот воситалари ва тарғибот-ташвиқот орқали Ислом дини таълимотларини оммага етказиш, шунингдек, ҳар бир фаолиятда илм-фан ва мўътадилликка асосланиш ҳамда мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги муҳим масалалар билан шуғулланишдир.


Ташкилот тузилмаси ва бошқарув шакли: кенгаш бош котиб ва унинг уч нафар ўринбосари томонидан бошқарилади. Шунингдек, кенгаш таркибида “Аъзоликка қабул қилиш”, “Фиқҳ ва фатволар”, “Маданият, ғоя ва тадқиқотлар”, “Исломий масалалар”, “ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш”, “Таржималар ва таълиф” ҳамда “Мулоқот” каби шўъбалар мавжуд.


Халқаро мусулмон уламолар кенгаши ўз тарихида бир қанча муҳим ишларни амалга оширган. Жумладан, Суданнинг Дарфур вилоятида тинчлик ўрнатилишига муносиб ҳисса қўшган.


“Одам ўғирлаш ва савдосига қарши” ва “Бегуноҳ одамларни ўлдириш оғир гуноҳлиги” ҳақида фатволарни ишлаб чиққан. Айрим мамлакатларда бўлиб ўтаётган нотинчликлар юзасидан ҳам ўз муносабати ва баёнотларини  эълон қилади.


Ҳозирги кунда Кенгашга мусулмон дунёсидаги энг кўзга кўринган 46 нафар нуфузли уламо аъзо сифатида қабул қилинган. Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳаётлик даврларида ушбу ташкилотга аъзо бўлган эдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига Халқаро мусулмон уламолар кенгашидаги фаолиятларида Аллоҳ таолодан куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Мавзуга оид мақолалар
Хабарингиз бор бугун Чеченистоннинг Шали туманида .Рамзан Қодиров, номидаги масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтаётган эди. Тадбирдан олинган хабарларга кўра, давоми...

3364 14:00 / 23.08.2019
2023 йил 28 ноябрь куни шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари .Кўкалдош, ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни .Кўкалдош, ўрта махсус ислом билим юрти давоми...

1419 11:41 / 28.11.2023
Москва биржаси 19 октябр куни Россияда биринчи Ислом инвестиция индекси Islamic Investment index йўлга қўйилганини маълум қилди.Мамлакатнинг энг йирик банки ndash Сбербанк давоми...

1976 06:00 / 28.10.2021
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг Жомиъ аҳком ассиғорrdquo асарининг ўзбек тилидаги илк нашри ва quotШайх Муҳаммад Содиқ давоми...

1781 23:29 / 11.01.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021