1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Уламоларнинг ёнида ақлинг билан ўтир

14:12 / 28.01.2024 3158 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қабилалардан бирининг шайхи вафот этди. Қабила вакиллари ўзларига янги шайх тайинламоқчи бўлдилар. Раҳбарнинг ўғли қабилага бош бўлишга ҳали кичиклик қилар эди. Ёши катта эркаклардан беш кишининг номи раҳбарликка номзод сифатида танлаб олиниб, ўртага ташланди. Номзодлар орасида баъзи келишмовчиликлар юз бергач, барчалари раҳбарлар киядиган тўнни кийиб, қозининг ҳузурига йўл олдилар. Вафот этган шайхнинг ўғлини ўзларига ҳамроҳ қилиб олдилар. Қозихонага етиб борганларида кичик болакайни ташқарида қолдириб, ўзлари эса қозининг ҳузурига кириб кетишди. Қози номзодларнинг сўзини эшитгач, ҳар бирларига бир финжондан (пиёла ёки стакан) қаҳва тортиқ қилиб: «Ҳар бирингиздан шу идишни ичидаги қаҳвасини ичмай ва тўкиб юбормай бўш ҳолда қайтаришингизни истайман», деди. Раҳбарликка номзод бўлиб борганлар қозининг бу талабидан ҳайрон бўлиб, бир-бирларига қарадилар. Уларни шу ҳолда кўрган қози: «Вафот этган шайхингизнинг фарзанди борми?», деб сўради. Улар: «Ҳа бор, лекин ҳали ёш, ўзимиз билан бирга олиб келганмиз, ташқарида турибди», дейишди.


Қози болани ичкарига олиб киришни буюриб, унга ҳам бир финжон қаҳва узатар экан: «Шу идишнинг ичидаги қаҳвасини ичмай ва тўкиб юбормай уни бўш қайтаришингни хоҳлайман», деди.


Бола бошидаги салласининг бир учини финжон ичига тиқиб қаҳвани тўлиқ унга шимдириб олди. Кейин бўм-бўш идишни қозига узатар экан: «Финжонингиз бўш, қаҳвангиз эса бошим устига», деди. Қози ундан: «Даромад, раъсулмол (маҳсулот учун тикилган асосий маблағ) ва зарар кўриш нима?», деб сўради.


Бола: «Даромад отангиздан-да, яхшироқ ҳаёт кечиришингиздир.


Раъсулмол (маҳсулот учун тикилган асосий маблағ) отангиз каби яшамоғингиздир.


Зарар кўриш эса отангиздан ёмонроқ ҳаёт кечиришингиздир», деб жавоб берди.


Қози яна сўради: «Кечадан олдин, кеча ва бугун нима?»


Бола: «Кечадан олдин бу бобом, кеча бу отам, бугун эса мен», деб жавоб берди. Бу гапларни эшитган қози болакайга «Аллоҳ сени азиз қилсин!», деди-да, раҳбарликка номзод бўлиб келганларга: «Ҳой одамлар, раҳбарингизни маҳкам ушланглар, малака, тажрибани қўлга киритиш молдан ва қимматбаҳо тўнларни кийишдан муҳимроқдир. Бу бола қабила шайхининг хонадонида тарбия топган, отасидан катталар билмайдиган маълумотларни ўрганган, ваҳоланки, савлатли тўн кийиб юрадиганлардан бирортаси бу маълумотларга эга эмас».


Мол дунёга эга бўлган, виқорли либос кийган ҳар бир киши шайх бўлиб қолавермайди. Ҳакимлардан бир айтади: «Уламоларнинг ёнида ақлинг билан ўтир. Амирларнинг ёнида илминг билан ўтир. Дўстларнинг ёнида одобинг билан ўтир. Оила-аъзоларинг ёнида меҳр-шафқатинг билан ўтир».


Нозимжон Ҳошимжон & Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳақиқатлар манбаи ваҳийдир.Аллоҳга исён қилган иблис қувилди. Унинг барча истаги оламлар Роббисининг қонунларига тескаридир. Қилмишлари эса исёндан давоми...

4230 12:00 / 25.08.2021
Сен у Зот билан ҳақиқатдан дўст, ҳамроҳ ва қўшни бўлиб у киши билан бирга ўйнашни истайсанмиЯна сен у Зот алайҳиссалом ҳақиқатдан ҳам сен билан суҳбат қуришларини, давоми...

6194 13:50 / 07.07.2021
Намознинг фарз, вожиб ва суннатлари борлиги маълум. Шунингдек, намознинг руҳи ҳам бўлиб, у ният, ихлос, хушуъ ва қалб ҳозирлигидан иборат.Аввал ҳам таъкидлаб давоми...

3608 10:04 / 13.12.2019
Махлуқотлар ичида Аллоҳ таоло фақат инсонгагина ўйфикрини, хоҳишистагини ифодалаши учун тил берди, инсоннинг ботинини зоҳирга таржима қиладиган неъмат билан давоми...

1582 12:34 / 13.05.2025