1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳар бир нафснинг покланиши учта омилга боғлиқ

14:09 / 04.10.2023 3243 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эҳсон» диннинг қалб тарбиясига боғлиқ қисми бўлиб, у одатда, «тариқат» ҳам дейилади. Бу қисмга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм «тасаввуф илми» деб аталадиган бўлиб қолган.


Исломнинг руҳий-маънавий ва ахлоқ-одобга оид таълимотларини Қуръони Карим ва Суннат асосида руҳий тарбия илми – тасаввуф баён қилиб беради.


Руҳий-маънавий қисм «тазкиятун-нафс» – «нафсни поклаш» деб ҳам аталади, чунки унда мўминларнинг нафсларини, яъни шахсиятларини поклаш, уларга фазилатларни касб қилдириш ва уларни разолатлардан холи қилиш борасида ҳаракат кетади.


Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми ҳисобланади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, дин «яхши» деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, «ёмон» деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида олиймақом қадрият ҳисобланади.


Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.


«Ахлоқ» сўзи «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради. Тасаввуф илмида ўша хулқларнинг яхши ва ёмони, уларнинг яхшисига амал қилиб, ёмонидан четланиш йўллари баён этилади. Сўнгра ҳусни хулқ ҳақида алоҳида тўхталиб, унга оид кўплаб маълумот ва тажрибалар ўрганилади.


Мусулмонлар Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал, мукаррам ахлоқлар дини бўлган Ислом орқали ҳусни хулқни ўзларига касб қилганлар. Уларнинг ўзлари бу улуғ неъматлардан баҳраманд бўлибгина қолмай, ўзгаларга ҳам яхшиликлар етишини истаганлар.


Ҳар бир нафснинг покланиши учта омилга боғлиқ:
биринчи омил – покланиш, яъни қалб хасталикларидан даволаниш;
иккинчи омил – тикланиш, яъни маълум мақомотларни рўёбга чиқариш;
учинчи омил – хулқланиш, яъни маълум исм ва сифатлар ила хулқланиш.
Мазкур асосдаги руҳий тарбия инсон зоти ва унинг икки дунёдаги саодати учун жуда ҳам зарурдир. Ислом дини ҳар бир мусулмонга мазкур тарбияни мукаммал ҳолда тақдим этади.


Иймон-эътиқоди, дунёқараши тўғри ва соф, амаллари эзгу, ҳар бир лаҳзада, барча ҳолатда «Аллоҳ мени кўриб турибди» деган ишонч-эътиқод асосида яшайдиган, барча ёмонлик ва номаъқулчиликлардан покланган, ҳамма яхшилик ва фазилатларни ўзида мужассамлаштирган, Роббул оламийннинг хулқлари билан хулқланган, ўз зиммасидаги ҳақ ва бурчларни тўла адо этган шахсгина том маънодаги «комил инсон» бўлади.


Ислом динининг жамиятдаги хизмати ана шундай комил инсонни тарбиялаш ва ўшандай инсонлардан таркиб топган жамиятни барпо этишдир. Мақсад инсонга унинг инсонийлигини қайтариш, унинг яратилишидан кўзланган мақсадни рўёбга чиқаришдир. Сиз буни шу сатрларгача бўлган маълумотлардан ҳам англаган бўлсангиз керак. Бу ҳам бўлса, Ислом динининг айнан инсон бахт-саодати учун юборилгани ҳамда дунёда унга эркин, фаровон, бахтли ва унумли ҳаёт, охиратда эса чексиз саодат тақдим этувчи илоҳий таълимот эканидандир десак, муболаға қилмаган бўламиз.


Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг бевосита иштирокида айнан ана шундай жамиятнинг юзага чиқишига хизмат қилдилар. У зотга Аллоҳ таолонинг салавотлари ва саломлари бўлсин!


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саҳобаларнинг кўплари бу сулҳни ёқтирмадилар. Натижаси уларга ёмон бўлиб кўринди. Улар ўзларини мағлуб бўлгандек, енгилгандек ҳис қилдилар. Улар орасида Умар ибн давоми...

2830 17:30 / 06.06.2021
ЎРТА ШАРҚ НАСРОНИЙЛАРИ ВА МУСУЛМОНЛАРИ. Арабистон ҳудудидан ташқарига чиқишда араблар икки халқ ndash Ғарб насронийлари ва Форс зардуштийлари билан жанг қилишга давоми...

11337 05:00 / 24.02.2017
Пайғамбарлар қиссаси иймон йўлидаги тинимсиз курашнинг узоқ йўлини акс эттирувчи баёнотдир. Ўтганлар ҳаётида иймон учун кураш қандай борганини, оқибат нима давоми...

6464 05:00 / 06.01.2017
Қурбонлик қилиш.Бас, бола унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида .Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўряпман, бир ўйлаб кўр, нима дейсан, деди. У .Эй давоми...

4095 18:00 / 07.02.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021