1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Нега бунча синиқ ҳолатдасан?

11:01 / 26.10.2023 3923 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар Уҳуд жангидан мағлуб бўлиб қайтишди. Аслида, бизни тарбиялайдиган, нафсларимизни, хатоларимизни кўрсатадиган мағлубият туғёнга бошлайдиган ғалабадан афзалдир. Аллоҳ таоло бу умматни ҳар хил усул билан тарбия қилишни истади. Агар уммат Аллоҳ ва Расулига итоат этмаса, унга нусрат берилмаслигини англатишни ирода қилди. 


Яқинларни йуқотиш оғир. Айрилиқ аламли. Саҳобалар ҳам инсон. Улар мағлубиятдан маҳзун бўлишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни йўқотиб маҳзун бўлдилар. Бу яра у зотга токи вафо қилгунларича оғриқ бериб юрди. Аммо ҳаёт давом этади. Улар жароҳатларини боғлашди. Бири бошқасига тасалли берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам гарчи кўп алам кўрган бўлсалар-да, саҳобаларини энг кўп юпатдилар, уларга тасалли бердилар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни кўриб қолдилар.


У киши хафа эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:
– Ҳой Жобир, нега бунча синиқ, ҳолатдасан?
– Эй Аллоҳнинг Расули! Отам Уҳудда қатл қилинди. Менга оила ташвиши ва бир дунё қарз мерос қолди!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Аллоҳ отангга қандай муомала қилганини айтайми?
– Айтинг, Аллоҳнинг Расули!
– Аллоҳ, кимга гапирган бўлса, парданинг ортидан гапирган. Аммо У Зот отангни тирилтирди ва бевосита гапирди. Аллоҳ, отангга: «Эй бандам! Мендан сўра. Сўраганингни бераман!» деди.


Отанг айтди: «Раббим! Мени қайта тирилтирсанг, Сенинг йўлингда жанг қилиб, яна шаҳид бўлишни истар эдим!» Аллоҳ азза ва жалла: «Вафот қилганлар дунё ҳаётига бошқа қайтмайди, деб ҳукм қилганман!», деди. 
Иборанинг гўзаллигига қаранг:
«Ҳой Жобир, нега бунча синиқ ҳолатдасан?».


Гоҳида инсонлар ширин сўзни, елкасини силайдиган мулойим қўлни хоҳлашади. Уларга бошқа нарса керак эмас. Улар учун ғам чекканинг, уларнинг маҳзунлиги сенинг ҳам юрагингни оғритгани кўнгилларига таскин беради.


Саҳийлик фақатгина мол билан қилинмайди.
Эътиборли бўлиш ҳам саҳоватдир. Гоҳида тасалли бериш бутун дунёнинг молидан афзал бўлади. Буни ҳаётингизда татбиқ қилиб кўрганмисиз? Дўстингиз хафа бўлганида ундан ҳол сўраганмисиз? Унинг учун ғам чекаётганингизни ҳис қилдирганмисиз? Унинг бошидан ғамни аритиш учун ёнида турганмисиз? Ёки фақатгина ўзингиз яхши бўлсангиз бўлдими, бошқалар билан ишингиз йўқми?!


Жобир розияллоҳу анҳу отасини дин ва шариатни ҳимоя қилиш йўлида шаҳид бўлганини билар эди. Ҳаётининг охирги лаҳзалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг байроқлари остида ўтган эди. Қандай гўзал хотима! Аммо уни фақат отасининг охиратдаги аҳволи ҳақидаги яхши хабаргина юпатиши мумкин эди.


Мусибатзада инсонларга тасалли бериб таъзия изҳор қилмоқчи бўлсангиз, унга маййитнинг яхшиликларини, гўзал ахлоқларини гапиринг.


Унинг яқинларига бугун маййит инсонларнинг қўшничилигидан Аллоҳнинг қўшничилиги томон сафарга чиққанини айтинг. Бу гаплар мусибатзадалар қалбига малҳам бўлади.


Ҳадисда Жобир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг отасининг қарзини узганларини гапирмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Бу ишни фақатина Жобир розияллоҳу анҳунинг отасига эмас, бошқаларга ҳам қилганлар. Мол кўпайганида кишиларга қараб шундай деган эдилар: «Кимдан мол қолса, у меросхўрлариники. Кимдан қарз қолса, у бизнинг гарданимизда!»

Гоҳида бир инсон шифохонада вафот этади. Унинг гарданида меросхўрларига ҳам оғир келадиган қарзлар қолади. Уларни тўлаш ортидагиларга оғирлик қилади. Сиз уларнинг аҳволини биласиз. Шунда дарҳол улардан ҳол сўранг. Оқил инсон инсонларнинг муҳтож эканини билса, улар сўрамасидан ёрдамга шошилади. Уларда қарз оғирлиги ва яқинларини йўқотиш ғами бирга жамланмасин!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, юртимизда ёш авлодни қўллабқувватлаш борасида катта ижтимоийсиёсий ҳаракатлар бошланди. Халқимизда иқтидорли, эркин фикрли, давоми...

6866 16:26 / 05.04.2018
Бир киши бойнинг қўлида беш дирҳам пул эвазига ижарачи бўлиб ишлаши, топган пули ҳеч нимага етмаётганидан Имом Шофеъийга шикоят қилди.Ҳазрат бойнинг олдига бориб давоми...

3594 20:35 / 02.01.2023
АлВаҳҳоб исми неъматларни беҳисоб берувчи Зот деган маънони англатади. .Ваҳҳоб, сўзининг луғавий маъноси ҳибаси, илтифоти, атоси кўп демакдир. Араб тилидаги давоми...

1969 12:21 / 20.05.2025
Аллоҳу акбар Аллоҳу акбар Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд. Маъноси Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ давоми...

10443 16:22 / 07.07.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021