1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ўзингиздан пастга қаранг!

11:09 / 31.10.2023 4250 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мушкулотимиз шундаки, бизнинг кўзларимиз оч. Йўқотилган ёки ўзимизда йўқ неъматларни санаб юрамиз. Бор неъматларнинг шукрини қилмаймиз. Қўлимиздаги нарсага эмас, бировнинг қўлидаги нарсага қараймиз. Билмаймизки, бошқалар қўлидаги нарсаларга қарашимиз ўзимиздаги нарсалардан фойдаланиш лаззатини йўқ қилади.


Оч кўзлар тузалмас касалликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу касалликка йўлиқмаслигимиз учун қуйидаги тавсияни берганлар:
«(Мол-дунёда) ўзингиздан пастдагига қаранг. Ўзингиздан юқоридагига қараманг. Шу нарса Аллоҳнинг сизга берган неъматини менсимасликдан қайтаради». 


Қиммат машинада юрган бойга ҳавас қилишдан олдин оёғи кесилган фақирга боқинг!
Ҳашаматли вилласи бор давлатмандга боқишдан олдин ўзга юртларда қочоқ бўлиб, чодирларда яшаб, совуқ суякларини тешиб юборган кишиларга боқинг!


Бойнинг сарватига боқишдан олдин бўш қўли ила кишилардан меҳр истаб тиланчилик қилиб ўтирган фақирга боқинг!


Қолаверса, сиз ҳамма нарсани кўра олмайсиз. Ўзингиз бахт деб ҳисоблайдиган нарсанинг бир қисминигина кўрасиз. Сизга бошқаларда бор бўлган нарсалар кўринади, лекин улар маҳрум қолган нарсалар кўринмайди.


Қаердан биласиз, сиз ҳавас қилган давлатманд киши балки пулга сотиб олиб бўлмайдиган кўп нарсаларга муҳтождир?! Эҳтимол, унинг онаси йўқдир. Сизда она бор. Эҳтимол, отаси йўқдир.


Сизнинг отангиз бор. Эҳтимол, у муҳаббатдан мосуводир. Сизда муҳаббат бор. Эҳтимол, у бедаво дардга мубтало бўлгандир. Сиз эса эсон-омонликдасиз. Буларни бойлик эвазига топиб бўлмайди.


Пулдан зериккан бойларни кўрганман. Ҳаётдан маъно тополмай зерикиб қолишган...
Заводларга эга бойлар бор. Сиз каби турли овқатларни ея олмайди. Парҳез қилишга мажбур. Сиз каби дўстлар даврасида ўтира олмайди. Ташвишлари уни чирмаб ташлаган. Бири қанд касаллигига йўлиққан, бошқасида қон босими баланд...


Сиз кеч соат тўққиздан сўнг пишиллаб ухлайсиз. Улар соат бирда ҳам уйғоқ, бўлишади...
Кардан биласиз, хотини билан ҳашаматли ресторанларда овқатланадиган, тармоқларга Дубайда тушган суратларини жойлайдиган, сиз ҳавасда бўлган кишилар балки фарзандсиздир.


Улар сиз эшитаётган «дада», «ойи» каби сўзларга бутун бойлигини беришга тайёрдир, эҳтимол...


Сиз семиз деб ҳавас қилаётганлар касалликдан шишган бўлишлари ҳам мумкин.
Сизга озғин-хушбичим кўринаётганларни эҳтимол ичидан дард еб битираётгандир.
Нарсалар доим ҳам биз кўрганимиздек эмас. Бошқаларнинг қўлига қарашни тўхтатайлик.
Ўзимиздаги неъматларга боқайлик. Бошқаларга берилган нарсаларга қараш очкўзликка, бемор нафсга далолатдир. Аммо ҳаммасидан олдин бу иш Аллоҳга нисбатан беадабликдир!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
АҚШнинг фазовий тадқиқот билан шуғулланувчи агентлиги бўлмиш НАСА сайёрамизнинг ва ойнинг ноёб расмини эълон қилди. Сайёрамизни Сатурн ва унинг ҳалқалари ёнида давоми...

2381 09:00 / 26.06.2021
Вақтига барака киришини истаган ҳар бир инсонга тавсияБиринчи бўлиб, Аллоҳ таолонинг сизнинг устингиздаги ҳақлари борасида фикр юритинг.Аллоҳ таоло сизнинг давоми...

3096 15:52 / 17.01.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ дунёни яхши кўрган одамига ҳам, яхши кўрмаган одамига ҳам беради. Динни эса фақат яхши кўрган одамига беради,, давоми...

1863 19:56 / 10.11.2022
Бир киши Ҳотам Тойдан .Эй Ҳотам, бирор киши саховатда сиздан устун бўлганми,, деб сўради. У қуйидагича жавоб берди .Ҳа, Той қабиласидан бир етим бола. Бир куни унинг давоми...

1164 13:15 / 15.07.2025