1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Яхши-ёмон қадарга иймон

11:04 / 15.01.2024 2664 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қадар» сўзи «ўлчов» маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради.


Уламолар қазо ва қадарни қуйидагича таърифлайдилар:
«Қазо – Аллоҳ таоло ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир».


«Қадар – ўша нарсалар Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».


Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмон Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишларини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларнинг барчасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.


Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда тўғри маърифат асосида Аллоҳ таолони камол сифатлари билан сифатлашга асосланган.


Ана ўша сифатларнинг бири – Аллоҳнинг илми, у илмнинг чексизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир.


Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳ таолонинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолининг ҳаракатию ўз йўлида ҳаракат қилаётган сайёралардан ҳам бохабар. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса четда қолмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир зарра ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.


Шунингдек, қиёматгача нима бўлиши ҳам Аллоҳга маълум. Агар уларни билмаса, У Зотнинг баркамоллик сифатига нуқсон етган бўларди.


Қадарга бўлган ишонч ўз эгасини доимо ҳаракатда бўлишга чорлайди. У ўз фойдасини ҳаракатдан топади. «Бу ишим бесамар бўлмаса, кейингиси натижа берар», деб доимо яхши умидда иш олиб боради, чунки унга нима тақдир қилингани маълум эмас, белгилари ҳам йўқ. Қадарга бўлган ишончнинг ҳикматларидан яна бири инсон бошига мусибат тушганида қайғуни енгиллаштиришидир. Шунингдек, қазо ва қадарга иймон келтирган инсон ўз ҳаётида муваффақиятларга эришган чоғида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди. Барча нарсани Аллоҳдан деб билиб, мусибат етганда сабр қилади, яхшиликка эришганда шукр қилади.


Албатта, иймоннинг бошқа рукнлари каби қадарга иймон ҳам инсон бахт-саодати учун хизмат қиладиган муҳим омиллардан биридир.


Исломда инсоннинг ақийдаси борасидаги барча масалалар аллақачон ҳал бўлган. Бу борада мусулмонлар бошқаларга ўхшаб ҳардамхаёл бўлмайдилар. Дунёдаги энг тўғри эътиқодда, Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб берган ақийдада эканликларига тўлиқ ишонч билан саодатли ҳаёт кечириб бораверадилар. Ўзларининг ташвишга, хавотирга ва иккиланишга қолмасликларини яхши биладилар.


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломдан кейин Бану Исроилнинг ишини Ҳизқил алайҳиссалом давом эттирдилар. Аммо у кишининг фаолиятлари узоқ давом этмади. Ҳизқил давоми...

3383 19:45 / 29.03.2019
иккинчи мақола 6. Хос ҳолатларни умумлаштириш тарихчиларнинг энг катта хатоларидандир. .Шумбола, асарида Ғофир Ғулом воқеликни ёзганини иддао қилади. Биз уни давоми...

3220 11:00 / 31.08.2023
ЎРТА ШАРҚ НАСРОНИЙЛАРИ ВА МУСУЛМОНЛАРИ. Арабистон ҳудудидан ташқарига чиқишда араблар икки халқ ndash Ғарб насронийлари ва Форс зардуштийлари билан жанг қилишга давоми...

11337 05:00 / 24.02.2017
Соҳибқирон Ислом дини арконларига оғишмай амал қилишда ҳам пешқадам эди. У ҳамиша жамоат намозидан қолмасликка ҳаракат қилар эди. Доимо юришларида кўчма масжид давоми...

4812 15:00 / 23.12.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021