1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳақдорнинг гапиришга ҳаққи бор!

11:33 / 04.12.2023 2965 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоху алайҳи васаллам бир куни бир аъробийдан бир васақ хурмо эвазига туя сотиб олдилар. Васақ тахминан бир ҳайвон кўтарадиган миқдор. Уйларига келиб, айтилган хурмони унга бермоқчи эдилар, аммо аҳллари уни садақа ва ҳадя қилиб юборишган экан. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам уйдан чиқиб аъробийга шундай дедилар:
– Биз сендан бир васақ хурмо эвазига туя сотиб олган эдик. Уйдан хурмони қидириб топа олмадик! Шунда аъробий бақирди:
– Бу қанақанги хиёнат бўлди!!!
Кишилар унга танбеҳ беришди:
Аллоҳ сени қатл қилсин! Аллоҳнинг Набийси ҳам хиёнат қиладими?!
Шунда Набий соллаллоху алайҳи васаллам саҳобаларга:
– Унга тегманглар. Ҳақдорнинг гапиришга ҳаққи бор! - дедилар.


Сўнгра саҳобалардан бирини Хувайла бинт Ҳакимнинг уйига бориб, қарзга бир васақ хурмо олиб келишни буюрдилар. У бориб олиб келди. Хурмони аъробийга бердилар. Кейин у жўнаб кетди!


Ҳикоя қисқа бўлса-да, бунда кўп дарс ва ибратлар бор:
1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлларини у кишидан сўрамасдан хурмони ишлатиб юборгани учун уришмадилар, тергамадилар. Ҳатто ким еганини, кимга беришганини, кимларга садақа қилишганини ҳам сўрамадилар. Эркак киши уйида мана шундай бўлиши керак. Тўғри, уйда молиявий тартиб ўрнатилиши яхши нарса. Аммо киши хотинлари билан худди хазинабон сингари муомалада бўлиши айбдир. Улардан уйга кирган хурмони, чиққанини, еган луқмасини ёзиб боришини талаб қилиш яхши иш эмас. Аёлларнинг биринчи душмани бахилликдир. Молга бахиллик қилиш, меҳрга бахиллик қилиш, эътиборга бахиллик қилиш.


2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмонинг йўқлигини билишлари билан аъробийнинг олдига чиқиб, унга хабар бердилар. Мана шу нубувват одобидир. Бугун биз ўзимизни билмаганга солишга ўрганиб қолдик! Биров сиздан қарз сўраб келади. Унга бериб юборасиз. Қарзингизни қайтариб оладиган вақтингиз келганида уни топа олмайсиз. Қарздор қарзини берадиган вақт келсаю, уни бера олмаса, ҳақдорнинг олдига бориб, унга вазиятни тушунтириши лозим. Яна вақт сўраши керак. Ўзини билмаганга солиб юришида икки ёмон нарса бор: ваъдада турмаслик ва яхшиликка ёмонлик.


3. Пайғамбаримизнинг хокисорлигига боқинг. У зот саҳобаларнинг ҳалиги аъробийга қўполлиги учун танбеҳ беришларига рози бўлмаяптилар. Уни ўз ҳолига қўйишларини талаб қиляптилар. Ҳақдорнинг гапиришга ҳаққи борлигини айтяптилар.


Аёлингиз қалбини гоҳида қабиҳ сўзлар билан жароҳатлайсиз. Сўнгра у сизга нолойиқ гапни айтади. Сиз унинг гапини муҳокама қилишга ўтиб кетасиз. Негадир асл муаммони унутиб, иккиламчи муаммони муҳокама қиласиз!


Бир кишини алдаб кетишган. У қаерда бўлмасин алдов ва ҳийлани ёмонлаб юради. Ана шунақаларга тарбия беришдан, ижтимоий фазилатларни гапиришдан аввал уларни тушунишга, муаммосини англашга ҳаракат қилишимиз лозим.


4. Инсонларнинг ақли ва билими турлича бўлгани сабабли уларнинг тушунчаси ҳам турлича бўлади. Ҳаммадан бир хил пишиқликни, ақл ва зийракликни кутиб бўлмайди. Фаҳм ҳам ризқ. У ҳаммада ҳар хил бўлади. Агар бу аъробийнинг ўрнида бирор саҳоба бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бутун Мадинанинг хурмоси сизга фидо бўлсин!» дер эди. Аъробий эса: «Бу қанақанги хиёнат бўлди?!» деяпти. Биз ақл ва табиатларнинг турличалигини ҳисобга олишимиз лозим. Биз фақатгина ташки томондан бир-биримизга ўхшаймиз, холос. Аммо ички томондан барчамиз алоҳида бир оламмиз. Баъзи инсонлар оддий ҳазил учун йиллаб аразлаб юради. Баъзиларнинг қалбини жароҳатлаб қўйсанг, ҳатто уларнинг яшагиси келмай қолади, аммо қадимги дўстликни сақлаб қолиш учун ўзини билмаганга солиб юраверади!


5. Биров сиздан ёмон йўл билан ҳаққини талаб қилса, бу унинг ҳаққини йўққа чиқариб қўймайди. Баъзилардан ҳаққингизни сўрасангиз, сизга қўпол муомалада бўлади. Йўқ, азизим! Ҳақдор ҳаққини сўрашга ҳақли. Сиз ҳақни адо қилишга бурчлисиз, уларни тарбия қилишга эмас!
Ҳақдорнинг сўрашга ҳаққи бор!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқдилар. У зот бир жойда дам олиб ўтирганларида бир аъробий келиб баланд овозда деди ndash Эй Муҳаммад Набий давоми...

2794 09:41 / 26.07.2025
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири закотдир..Закот, сўзи луғатда .поклик, ва .ўсиш, деган маъноларни билдиради.Закот берган кишининг давоми...

2432 15:30 / 30.12.2019
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли давоми...

2371 09:00 / 25.07.2023
. . Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким жамоатдан бир қарич узоқлашса, бўйнидан Ислом бўйинбоғини ечган давоми...

2150 17:23 / 08.04.2024