1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жума

Жумадан олдин нафл намоз ўқиш

04:12 / 21.03.2025 4922 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ سُلَيْكٌ الْغَطَفَانِيُّ يَوْمَ الْجُمُعَةِ وَالنَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يَخْطُبُ، فَجَلَسَ، فَقَالَ لَهُ: «يَا سُلَيْكُ، قُمْ فَارْكَعْ رَكْعَتَيْنِ وَتَجَوَّزْ فِيهِمَا»، ثُمَّ قَالَ: «إِذَا جَاءَ أَحَدُكُمْ يَوْمَ الْجُمُعَةِ وَالْإِمَامُ يَخْطُبُ فَلْيَرْكَعْ رَكْعَتَيْنِ وَلْيَتَجَوَّزْ فِيهِمَا». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жума куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида Сулайк Ғатафоний келиб ўтирди. У зот: «Эй Сулайк, туриб, енгилгина икки ракъат намоз ўқиб ол», – дедилар. Сўнгра эса: «Қачон бирортангиз жума куни имом хутба қилиб турганида келса, енгилгина икки ракъат намоз ўқиб олсин», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадис «Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 6-жузида шундай шарҳ қилинган: Имом гапириб, хутба қилиб турган чоғида масжидга кириб келган одам тезда икки ракъат намоз ўқиб олиши ҳақида сўз бораётган бу ривоятни уламолар икки хил таъвил қилганлар. 
Баъзилари «Бу намоз Жумъанинг фарзидан олдинги суннат», десалар, бошқалари «Бу намоз таҳийяти масжид намозидир», деганлар.
Умуман, имом хутба қилаётганида намоз ўқиш тортишувли масала, чунки бу ҳақда бошқа ривоятлар ҳам бор. Шунинг учун бу масалани фиқҳ китобларидан ўрганиш ва ҳар ким ўз мазҳабига амал қилиши ўртада ихтилоф чиқишини тўхтатади, деб айтилади.
Шу билан бирга, айтиб ўтиш лозим бўлган нарсалар ҳам бор. Ҳанафий мазҳабида имом минбарга чиққанидан кейин намоз ўқиш ҳаром. У хутбани бошлаганида эса саломга алик олиш, акса урганга яхши тилак айтиш, Қуръон ўқиш ва шунга ўхшаган нарсалар ҳам мутлақо мумкин бўлмайди.
Ҳанафийлар бу ҳадисни Пайғамбар алайҳиссалом ҳалиги одамни намоз ўқишга амр қилиб, ўзлари хутбадан тўхтаб турганлари билан изоҳлайдилар.
Дора Қутний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида бир киши масжидга кириб келди. Бас, у зот:
«Эй фалончи, намоз ўқидингми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Тур! Икки ракъат намоз ўқиб ол!» дедилар ва у намоз ўқиб бўлгунича интизор бўлиб турдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«То у намозини ўқиб бўлгунича хутбани тўхтатиб турдилар», дейилган.

«Жума ҳақидаги оят ва ҳадис» китобидан

 

Муаллиф
Азизхўжа Хайруллоҳ ўғли
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Абу Убайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай дедилар .Жумага шошилинглар. Аллоҳ таоло давоми...

4651 04:10 / 20.09.2024
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ўша соат имом минбарга ўтирганидан бошлаб, намоз ўқилиб бўлгунча,, ndash давоми...

4409 04:00 / 26.07.2024
Жума куни баданни тозалаб, ҳайъатни гўзал қилишБу иш тирноқни олиш, соч олдириш, соқолни тўғрилаш, қўлтиқ остини ва бошқа жойларни туклардан тозалаш ва бошқа давоми...

5086 07:49 / 24.11.2023
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларга мисвокланиш ҳақида кўп гапирдим,, ndash дедилар. Бухорий ривоят давоми...

4709 04:45 / 23.08.2024