1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Таҳликали хато (тўртинчи мақола)

18:42 / 29.02.2024 2463 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами – метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқ-ойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун файласуфларнинг метафизикага оид тортишувларидан бир нечасини олдилар.

Мисол учун, оламнинг азалийлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги масала. Унинг хатосини имом Ғаззолий «Такофуъул адиллати ала қидамил олами ва ҳудусиҳи» – «Оламнинг қадимлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги далилларнинг тенглиги» номли баҳсларида ёрқин ақлий таҳлил ва инкор қилиб бўлмайдиган далилу ҳужжатлар ила исботлаб бердилар.

Қадимдан файласуфлар бу масалада иккига бўлиниб олиб тортишиб келганлар. Баъзилари олам азалий – қадимий деса, бошқалари олам ҳодис – кейин пайдо бўлган, деган.

Икки тараф ҳам ўзининг гапи тўғрилигига ақлий далил олиб келади. Иккисининг далили ҳам ўзига тўғри кўринади. Иккиси ҳам қарши тарафга бир хил муваффақият билан раддия қилади. Қадимдан шундай бўлиб келмоқда эди. Бунга имом Ғаззолий Юнон файласуфларидан олдингиларнинг, юнонларнинг ва улардан кейин келган файласуфларнинг далилларини бирма-бир келтириб баён қилдилар.

«Бу тортишув бундан кейин қиёматгача ҳам давом этаверади, – дейдилар имом Ғаззолий, аммо ундан одамларга заррача фойда бўлмайди.»

Имом Ғаззолийнинг фикрларича, файласуфларнинг мазкур тортишувлари охирига етиши мумкин ҳам эмас. Чунки, улар ўзларидан мутлақ ғайбдаги нарса ҳақида тортишмоқдалар. Ўзлари ичида турган оламнинг асли ҳақида тортишувни уларга ким қўйибди?! Бирор нарса ҳақида баҳо бериш учун унинг ташқарисида бўлиш керак. Оламнинг ичида турган одам унинг азалий ёки янги пайдо бўлганини қаердан билсин?!

Унинг ўрнига, инсон қўл остида турган нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилиши керак, дейдилар имом Ғаззолий. Мисол учун, нима учун темирни оловга тутса, куймайди-ю, пахтани тутса, куяди? Мана шу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзида куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги куйдириш қобилияти ила куймоқдами?

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳининг бу фикрлари мусулмонларда тажрибий илмларнинг келиб чиқишига ва ривожланишига сабаб бўлди. Имом Ғаззолий тажрибий илмларнинг келиб чиқишига туртки бўлган фикр соҳиби сифатида дунё илмий тарихида муносиб жой олган улкан ақл соҳиби бўлмиш мусулмон шахс сифатида машҳур бўлдилар. Ўрта асрларда мазкур назарияга амал қилароқ Ислом оламида табиий илмлар кенг ривож топти. Улардан аста-секин овропаликларга ўтди ва улар бу илмларни яна ҳам ривожлантириб, катта муваффақиятларга эришдилар.

Имом Ғаззолий ва бошқа мусулмонлар инсонга ўзидаги ақл ва заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига фойда берадиган тарзда ишлатишни таклиф қиладилар.

Инсоннинг ақл доирасидан ташқаридаги, минг тортишса ҳам фойда бермайдиган ғайбий олам – метафизикага оид маълумотларни эса тайёр ишончли манбаъдан, яъни Аллоҳ таолонинг Ўзи динлар орқали берган хабарлардан олишни таклиф қиладилар. Диний ақийдаларга оид маълумотлар айнан ғайбиёт олами – метафизикага оиддир.

Шундай қилиб ислом оламида юнон фалсафаси қутқусидан эсонлик билан чиқиб олинди. Ишлар яхши йўлга қўйилиб, ҳамма тараф хурсанд бўлди. Бу натижага эришишда Аллоҳ таолонинг ҳақ дини Ислом асосий суянч бўлди.

(Тамом)

Биринчи мақола: https://islom.uz/maqola/21760
Иккинчи мақола: https://islom.uz/maqola/21774
Учинчи мақола: https://islom.uz/maqola/21805

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 30 ноябрь 03-07/9089-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иқтибос.Қуръон инсониятга араб тилида нозил қилинди. Бироқ у фақат араблар эмас, бутун башарият учундир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг каломини етказиш давоми...

2333 15:00 / 16.12.2021
Католик оламини алдаб папалик курсисига бир аёл ўтиради. Шундан сўнг, бир қонун ихтиро қилишади. Унга кўра, янги папалик курсисига ўтирган кимса, ўртаси тешик давоми...

6500 16:30 / 09.04.2019
Профессор Бакир Карлиға Боғчашеҳир университети.Қуръон инсониятга араб тилида нозил қилинди. Бироқ у фақат араблар эмас, бутун башарият учундир. Шунинг учун ҳар давоми...

4021 09:18 / 12.10.2019
Пётр Павлюк қуйидагиларни ёзади .Чарльз Дарвиннинг бобоси Эразм 1682ndash1754 ўз вақтида .Зоономия, ёки органик ҳаёт қонунлари, номли китоб ёзган эди. Ўша китобда бир давоми...

1742 14:11 / 13.06.2024
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021