1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Умар розияллоҳу анҳунинг ҳижратлари

16:48 / 25.04.2024 3017 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мадинага ҳижрат қилиш бошланди. Мусулмонлар бирин-кетин ҳижрат қила бошладилар.

Ҳамма мушриклардан қўрқиб, яширинча ҳижрат қилди. Фақат бир киши, яъни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳугина ошкора ҳижрат қилдилар. У киши ҳижрат қилишга қарор қилганларидан сўнг кийимларини кийиб, қуролларини тақиб, бемалол Байтуллоҳни етти марта айланиб, тавоф қилдилар. Мақоми Иброҳимда икки ракъат намоз ўқидилар. Сўнг: «Ким онасини азадор, хотинини тул, боласини етим қолдирмоқчи бўлса, менга манави водийнинг ортида учрашсин. Мен ҳижрат қилмоқчиман!» дедилар.

Ҳеч ким чурқ эта олмади.

Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг Расули маслаҳат қиладиган, машварат сўрайдиган саҳобалардан эдилар. Баъзи вақтларда ҳазрати Умарнинг фикрларини қўллаб оятлар ҳам нозил бўлар эди. Масалан, Бадр урушидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига асирларни нима қилиш кераклиги тўғрисида маслаҳат қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу уларнинг барчасини ўлдиришни маслаҳат бердилар, Абу Бакр розияллоҳу анҳу улардан фидя олиш кераклигини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг маслаҳатини олдилар. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг фикрларини қўллаб, Анфол сурасидаги бир оятни нозил қилди. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам итоб қилинган эдилар.

«Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши тўғри эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи нарсасини ирода қиласизлар. Аллоҳ эса охиратни ирода қиладир. Ва Аллоҳ азиздир, ҳакимдир» (67-оят).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хамрнинг ҳаром қилинишини орзу қилар эдилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда оят нозил қилганида, у киши хотиржам бўлдилар.

Шунингдек, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу аёллар масаласида, хусусан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари борасида ҳижобнинг фарз бўлишини истар эдилар. Ҳижоб ояти нозил бўлиб, у кишининг кўнгиллари таскин топди.

Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул вафот этганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза намози ўқишни ирода қилдилар, Умар розияллоҳу анҳу у зот билан тортишдилар, муноқаша қилдилар. Шундан кейин Аллоҳ таоло Умар розияллоҳу анҳунинг фикрларини қўллаб, Тавба сурасидаги қуйидаги оятни нозил қилди:

«Ҳеч қачон улардан ўлган бирортасига ҳам (жаноза) намоз ўқима, қабри устида турма, чунки улар Аллоҳга ва Унинг расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқ ҳолларида ўлдилар» (84-оят).

Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда иштирок этдилар. У киши барча жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида турар, ҳеч ажрамас, у зотни мудофаа қилиб, ёмонликлардан, хавф-хатарлардан тўсар эдилар.

У киши ўзлари ижтиҳод қилмас, балки Аллоҳ ва Расулининг ҳар бир каломини ҳарфма‑ҳарф бажарар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу бу борада Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейинги иккинчи саҳоба ҳисобланар эдилар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Умар розияллоҳу анҳу у кишининг энг яқин маслаҳатчилари, давлат ишларини юритишда ўнг қўллари бўлдилар.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кавказ ҳақида фикр юритар эканмиз, бунда Осиё билан Европа ўртасида жойлашган, ғарб томони Қора денгиз, шарқ томони эса Каспий денгизи билан чекланган тоғли давоми...

4971 17:00 / 08.06.2022
Ўша даврда Шом диёрига Ироқдан ва Арабистон яриморолидан кўплаб ҳижратлар бўлиб ўтди. Муҳожирлар турли унумдор минтақаларга тарқалиб кетишди. Шимолий давоми...

4153 14:17 / 21.06.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъб ибн Молик розиёллоҳу анҳудан сўрадилар Сен .Сахина Роббисини мағлуб қилишини айтди. Мутлақ Ғолиб бўлмиш Аллоҳни мағлуб давоми...

3164 15:10 / 25.01.2022
Жангчи давлат арбоби бўлиши шарт эмас. Сиёсатнинг ўз ҳисоби бор. Жангни моҳирлик билан бошқарадиганлар ҳамма вақт ҳам давлатни моҳирлик билан бошқара олишмайди. давоми...

2345 13:00 / 16.12.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021