1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир

19:00 / 23.04.2024 1480 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ

«У Кунда Ул Зот сизни чақирур. Бас, Унга ҳамд ила жавоб берурсиз ва (дунёда) фақат озгина турганлигингизни гумон қилурсиз» (Исро сураси, 52-оят).

Ҳа, қайта тирилиш маҳшар куни бўлади. Ўшанда Роббил Оламин Одам Атодан тортиб, қиёматгача яшаб ўтган ҳамма халойиқни чақиради, уларнинг ҳаммалари «Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ», дейишдан бошқа жавоб бера олмайдилар. У куннинг даҳшатидан ҳеч кимнинг оғзига шундан бошқа сўз келмайди. У куннинг даҳшати шунчаликки, уни кўрган ҳар бир одам «Бу дунёда ҳеч қанча яшамаган эканман» деб ўйлаб қолади.

Шу ерга келганда, охиратни, қайта тирилишни инкор қилувчиларни эътиборсиз ташлаб қўйиб, хитоб мўмин-мусулмонларга қаратилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга уларга мурожаат қилиш топширилади:

ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ

«Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир. Албатта, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир» (Исро сураси, 53-оят).

Мўмин-мусулмонлар доимо энг гўзал ва энг яхши, энг ширин гапларни айтсинлар. Бу билан улар яхши натижаларга эришадилар. Энг муҳими, шайтоннинг шарридин сақланадилар.

«Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир».

У бу ишда қабиҳ, қўпол сўзларни, сўкиш ва аччиқ калималарни ишга солади. Шу билан мўминлар орасида низо чиқаради. Агар мўминлар доим энг гўзал сўзларни ишлатсалар, бу низолардан холи бўладилар.

«Албатта, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир».

У душманлигини ҳеч ҳам яширмайди. Шунинг учун инсон доимо унинг душманлигидан сақланиб туриши керак.

ﮓ ﮔ ﮕﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ

«Роббингиз сизларни яхши билувчи Зотдир. Хоҳласа, сизга раҳм қилар, хоҳласа, сизни азоблар. Ва сени улар устидан қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ» (Исро сураси, 54-оят).

Эй бандалар!

«Роббингиз сизларни яхши билувчи Зотдир».

Қиёмат куни ҳамма бир хил бўлиб, титраб-қақшаб, фақат Аллоҳга ҳамд айтишдан бошқа нарсага тили бормай тургани билан, Аллоҳ ҳар бир банданинг кимлигини, нима қилганини ипидан-игнасигача яхши билади. Ҳамда ўша яхши билиш илми асосида ўз хоҳишига биноан тасарруф қилади:

«Хоҳласа, сизга раҳм қилар, хоҳласа, сизни азоблар».

Ҳа, бу дунёдаги ишларни ҳисоб-китоб қилиш, уларга яраша мукофот ёки жазо бериш Аллоҳ таолонинг ишидир. Пайғамбарга эса Аллоҳнинг таълимотини бандаларга етказиш топширилган, холос. Эй Пайғамбар:

«…сени улар устидан қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ».

Сен уларни қўриб, мажбурлаб, иймонга киритишинг талаб қилинмайди. Уларни огоҳлантириб қўйсанг, бўлди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ёсин сурасида шундай марҳамат қилади .Улар .Воҳ, шўримиз қурисин Бизни ётган жойимиздан ким қўзғатди Бу Роҳман ваъда қилган ва юборилган давоми...

3559 10:03 / 28.11.2018
Аллоҳ таоло Сажда сурасида шундай марҳамат қилади .Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади, сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. давоми...

4350 11:59 / 27.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри давоми...

4168 13:05 / 27.11.2019
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва сенга Китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги барча китобни тасдиқловчи ва уларнинг устидан назорат давоми...

1808 19:00 / 08.10.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021