1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Диний таълим ислоҳига бел боғлаб...

15:38 / 02.07.2024 2605 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1980 йили Муҳаммад Содиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида ишлаш учун ариза топшириб, меҳнат фаолиятини шу даргоҳнинг ташқи ишлар бўлимида, таржимон сифатида бошлади. Мусулмон давлатлардан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш ва уларга таржимонлик қилиб, ҳамроҳ бўлиш ишлари асосан унга топшириладиган бўлди.

Суриянинг ўша пайтдаги бош муфтийси Аҳмад Куфтару Собиқ Иттифоқ мусулмон давлатларига тез-тез ташриф буюриб турар, унга эса ҳар сафар Муҳаммад Содиқ ҳамроҳлик қиларди. Шу боис ўртада ўзгача меҳр, яқинлик пайдо бўлган эди. Сафарларнинг бирида Аҳмад Куфтаруда Муҳаммад Содиқдек илмли фарзандни тарбия қилган отани кўриш истаги пайдо бўлади. Суриялик машҳур уламо Муҳаммад Юсуф домланинг хонадонида меҳмон бўлиб, у киши билан танишиб, қадрдон биродарга айланди.

Собиқ Иттифоқ даврида кескин назорат ва тазйиқ остида қолган диний таълимни жонлантириш деярли имконсиз эди. Аммо Маъҳадда илмий мудирлик лавозимида иш бошлаган ёш Муҳаммад Содиқ юртимиздаги исломий таълим тизимини ислоҳ қилишга жиддий бел боғлайди. Ўша пайтдаги давлат масъулларига ҳолатни тушунтириб, улумул Қуръон, тафсир, ақийда, нотиқлик санъати каби бир неча фанларни ўқув дастурига киритишга муваффақ бўлди, Олий Маъҳад тарихида янги даврни бошлаб берди. Маъҳадда таълимнинг сифат жиҳатидан юксалиши ўз навбатида бошқа диний таълим муассасаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Бу хайрли ишларда ўша пайтда диний кенгаш раиси лавозимида ишлаган Ўзбек Аъзамович Рустамовнинг ҳам ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шайх ҳазратларида илм таҳсил олган Салоҳиддин домла Шарипов қуйидагиларни айтиб берган эдилар:

«Ҳазрат бизга тўрт йил давомида учта фандан – тафсир, улумул Қуръон ва хатобадан дарс ўтганлар. Муҳаммад Али Собунийнинг тафсирларини Ўзбекистонда дарслик сифатида олиб кирганлар. Синфимиз кўп миллатли эди. Устоз дарсни ўтиб бўлгач, «Ким тушунмади?» деб сўрардилар. Мавзуни яхши тушунмаган талабалар бемалол «тушунмадим» дея оларди. Шундан сўнг Ҳазрат ўша талабанинг имкониятига қараб, арабча, русча ёки ўзбек тилида қайта сўзма-сўз тушунтириб берар эдилар. Талабанинг ҳақига хиёнат бўлиб қолмасди».

Шайх ҳазратларига шогирд бўлиш бахтидан бенасиб қолмаган Болгария дин масалалари бўйича Ҳуқуқ ва эркинлик ҳаракатининг вице-президенти Али Иброҳим Маҳмуд талабалик йилларини эслайди:

«Устознинг бир одатлари бор эди: аввало талаба Қуръондан ёддан айтиб бериши керак эди. Бир куни бир талабадан сўрагандилар, билмади. Иккинчи, учинчи талабалар ҳам жавоб бера олишмади, жаҳллари чиқди. Жаҳллари чиққани юриш-туришларидан билинмасди, бақириб-чақирмасдилар. Лекин «Бу қанақаси?! Одамлар бу ерга кира олмай жони ҳалак (чунки бу ерга бор-йўғи ўн нафар талаба қабул қилинарди). Сизлар эса шу ерда ўтириб, энг муҳим нарсани ҳам ёдламабсизлар», дедилар. Бу гап бизга шунчалик оғир ботдики, шундан кейин бир-биримиз билан уч кунгача гаплашмай юрганмиз».

«Ўқиш пайтида ҳар хил вазиятлар бўлар эди, – дейди Ҳазратнинг яна бир шогирди, Шимолий Кавказ мусулмонларининг мувофиқлаштириш маркази раиси Исмоил Бердиев. – Масалан, танаффусда волейбол ўйнар эдик. Бўйларимиз деярли тенг эди, балки мендан бироз баландроқ бўлишлари ҳам мумкин. У кишининг ёнларига туриб олсам, «Йўқ, сен нариги томонга ўт», дер эдилар. Тўпни мендан ўтказиб юборсалар, хурсанд бўлиб кетар эдилар. Менинг ҳалол ўйнашимни истар эдилар. Атайлаб ютқазмоқчи бўлсам, дарҳол сезиб қолар эдилар, бу у кишига ёқмас эди. Ана шундай тўғри, ҳалол инсон эдилар».

 Ғайрат-шижоати, илмий салоҳияти билан ажралиб турган Муҳаммад Содиқ Тошкент Ислом Олий маъҳадининг илмий мудири бўлди, икки йилдан сўнг эса маъҳад ректори лавозимига тайинланди.

(Давоми бор)

«Ҳилол» журнали 7(40) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Мусибатланган фақат сен эмас.2. Аллоҳ тақдир қилган нарса беҳикмат бўлмас.3. Фойда келтирувчи ва зарарни даф қилувчи Ёлғиз Аллоҳдир, Аллоҳдан бошқадан умид давоми...

4829 15:00 / 23.08.2021
Фарзанд отаона қўлида бир омонат. Боланинг тоза қалби мум каби ҳар шаклга кира олади. Шаклнинг қандай бўлиши эса бевосита оиладаги тарбиявий муҳимтга боғлиқ. давоми...

3360 09:03 / 27.05.2021
Тарбия масъулияти жуда ҳам катта иш. Буни ҳаммамиз биламиз. Аммо баъзилар бунга ҳафталаб эътибор бермайди, ҳатто йилда бирор марта оиласига эътибор давоми...

2096 16:08 / 14.08.2024
Бир одам Ҳарами шариф эшигида туриб .эй, тўғриларни қўлловчи, ҳаромдан сақланувчиларни асровчи Парвардигорим..., дея тинмай бирхил дуо ўқирди. Унга .сен бошқа дуо давоми...

5254 11:12 / 23.01.2025
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021