1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Сизга жуда оз илм берилгандир

19:00 / 16.07.2024 1547 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯮ ﯯ ﯰﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ

«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», – деб айт» (Исро сураси, 85-оят).

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида икки ривоят келтирилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, имом Насаий, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон каби муҳаддислар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Қурайшликлар яҳудийларга:

– Бизга бир нарса ўргатинг, манави одамдан сўрайлик, – дейишди. Улар:

– Руҳ ҳақида сўранглар, – дедилар. Шунда қурайшликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрадилар. Бу сўровга жавобан «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар…» ояти нозил бўлди».

Имом Бухорий ва имом Муслим ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса қуйидагилар айтилади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадина кўчаларидан бирида борар эдим. У киши бир шохга таяниб олган эдилар. Шу пайт бир гуруҳ яҳудийлар дуч келдилар. Улар бир-бирларига: «Бундан руҳ ҳақида сўранглар», – дедилар. Улардан баъзилари ўринларидан туриб келиб, руҳ ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермай, жим туриб қолдилар. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келаётганини дарҳол сездим. Турган жойимда кутдим. Ваҳий нузули тўхтаганидан сўнг, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар…» оятини тиловат қилдилар».

Шунинг учун ҳам тафсирчи уламоларимиз «Ушбу ояти карима икки марта, яъни Маккада бир, Мадинада бир нозил бўлган», – дейдилар.

Шу масалада келган бошқа ривоятларга кўра, яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қурайшликларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан бирга, «Агар жавоб берса, пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий пайғамбар бўлади», – дейишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий пайғамбар бўлганлари учун ҳам руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар. Бу жавоб:

«Руҳ Роббимнинг ишидир», дейиш эди. Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳнинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, илми оздир:

«Сизга жуда оз илм берилгандир».

Банданинг ўзидаги ана шу оз илм билан гердайиши ҳам оламни олади. Аслида эса ўз идроки етадиган, ўзига фойда келтирадиган нарсаларни билдирган Аллоҳга шукр этиб, қолганини Аллоҳга ҳавола қилиши керак эди. Инсоннинг ҳамма нарсаси чеклангандир. Жумладан, ақли, идроки ҳам маҳдуддир. У ақли, идроки доирасидаги ишлар ила шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак. Булар қаторига руҳ масаласи ҳам киради. Ҳозиргача инсоннинг руҳ ҳақида бирор нарса билиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетди. Руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмади. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса Аллоҳ юборган ваҳий, холос.

Лекин Аллоҳ хоҳласа, ўша ваҳийни ҳам қайтариб олиб қўйиши мумкин:

ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ

«Агар хоҳласак, сенга ваҳий қилган нарсаларимизни кетказамиз. Сўнгра Бизга қарши ўзингга вакил топа олмассан» (Исро сураси, 86-оят).

Инсонга берилган илм, ваҳий орқали эриштирилган ҳақиқат ҳам Аллоҳ таолоникидир. У Зот хоҳлаган пайтида ўша ваҳийни қайтариб олиб қўйиши мумкин. У ҳолда инсон ҳеч нарса қила олмай қолаверади. Ўртага тушиб, ишни унинг фойдасига ҳал этиб бера оладиган бирон вакил ҳам топа олмайди.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ

«Аллоҳдан марҳамат бўлсагина, мустасно. Албатта, Унинг фазлу карами сен учун каттадир» (Исро сураси, 87-оят).

Ҳа, Аллоҳ таолонинг марҳамати билангина ваҳий боқий қолди. Уни қайтариб олмади. Ана ўша ваҳийга амал қилиб, оқибатда саодатга эришиш мумкин. Бу эса Аллоҳ томонидан берилган фазлу карамдир.

Аллоҳ таоло томонидан фазлу карам сифатида инсонга берилган бу ваҳий, яъни Қуръон Аллоҳгагина хос нарсадир. Бунга ўхшаш нарсани Ундан бошқа ҳеч ким келтира олмайди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишингизни ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда давоми...

4464 13:39 / 30.10.2018
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Айт .Уларга ислоҳ қилиш яхшидир,. Агар уларнинг молларини давоми...

6785 13:45 / 24.10.2019
.Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни ўзларига дўст тутмасинлар. Ким буни қилса, бас, у Аллоҳдўстлигидан ҳеч нарсада йўқдир. Магар улардан қўрқиб, давоми...

4726 17:00 / 28.01.2021
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон давоми...

2296 17:00 / 07.12.2021
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021