1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳазрати Усмоннинг икки ажойиб сифатлари

11:41 / 09.09.2024 2405 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1.      Ҳаё.

Усмон розияллоҳу анҳу одамларнинг энг ҳаёлиси эдилар. У киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари ичидан чиққан, олдида Аллоҳнинг фаришталари ҳам ҳаё қилган бир инсондир. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишидан ҳаё қилар ва: «Малоикалар ҳаё қилган одамдан мен қандай ҳаё қилмай», дер эдилар.

2.      Саховат.

Қурайшда ҳазрати Усмондан кўра саховатлироқ киши йўқ эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда иштирок этганлар. Ҳижрий 6 йил зулқаъда ойи, милодий 628 йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Маккага умра мақсадида келганларининг хабарини бериш учун Қурайшга элчи қилиб юборганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда Мадинадаги мусулмонлар билан бирга Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳудайбия деган жойга келиб тушган эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу бу вазифани яхшилаб адо этдилар. Қурайш у кишини ўзларига мойил қилиб олиш мақсадида кўп нарсаларни ваъда қилишди. Лекин ҳазрати Усмон: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавоф қилмагунларича мен қилмайман», деб ҳатто тавоф ҳам қилмадилар. У киши ҳақларида «Усмон ўлдирилди» деган миш‑миш тарқалди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу қавм билан урушмагунимизча ортга қайтмасдан, шу ерда турамиз», дедилар. Мусулмонлар жангдан қочмаслик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатсизлик қилмаслик ҳақида байъат қилдилар ва бу байъат «Ризвон байъати» деб номланди. Ушбу байъат ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг шарафларига амалга оширилган эди.

Табук ғазотида одамлар қийинчиликда қолишганида, Усмон розияллоҳу анҳу Шомга юборишга тайёрлаб қўйган икки юз туялик карвонини устидаги анжомлари билан, яна саккиз минг дирҳамни (кумуш танга) ҳам қўшиб, Аллоҳ йўлида эҳсон қилдилар. Сўнг яна юзта туяни эгар-жабдуқлари билан келтириб бердилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига минг динор (олтин танга) олиб келиб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугундан кейин Усмон нима қилса ҳам зарар қилмайди», дедилар [1]. Усмон розияллоҳу анҳу кейин ҳам қайта-қайта эҳсон қилдилар, ҳатто улар пуллардан ташқари тўққиз юз туя ва юзта отга етган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан рози ҳолда вафот этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир набийнинг ҳамроҳи бордир. Менинг жаннатдаги ҳамроҳим Усмондир», деганлар [2].

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида у киши Умар розияллоҳу анҳудан кейинги шахс сифатида давлат ишларини юритишда доим бирга бўлар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу давлатнинг иккинчи шахси бўлганлар.

У кишидаги юмшоқлик билан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудаги шиддат қўшилиб ўртача, мўътадил ҳолат юзага келар, бу эса давлат ишларини юритишда жуда ҳам муҳим эди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

[1] Имом Аҳмад, Ҳоким, Табароний ва бошқалар ривоят қилган.

[2] Имом Термизий, Абу Яъло, Ибн Асокир, Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилган.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Халифа бўлиш, ўша вақтдаги дунёнинг энг қудратли жамиятини узоқ вақт бошқариб туриш ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг шахсий сифатларига заррача ҳам давоми...

10669 11:22 / 25.06.2020
Ҳуд алайҳиссаломнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари у зотнинг катта боболари Од номи билан аталади.Од қавми боида ndash давоми...

2763 10:10 / 25.05.2019
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу фақат фатҳ ишлари билангина машғул бўлиб бошқа ишларга қўллари тегмай қолгани йўқ. Балки у киши раҳбар сифатида ҳамма ишларни давоми...

1842 11:34 / 14.08.2024
Пайғамбарларнинг машҳурларидан бўлмиш Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг акалари Ҳороннинг ўғли эдилар. Яъни Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга давоми...

8042 18:00 / 14.02.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021