1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Яхшидир аччиқ ҳақиқат

11:01 / 26.10.2024 2270 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Камтарлик ҳақида

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,

Пиёлага эгилар чойнак.

Шундай экан, манманлик нечун,

Кибру ҳаво нимага кepaк?

 

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам

Ўтма ғурур остонасидан.

Пиёлани инсон шунинг-чун

Ўпар доим пешонасидан.

1956

 

Садоқат

Кекса қайрағочнинг

Илдизин очиб,

Тортдилар қўш арқон солиб белидан.

Лекин у тупроққа панжасин санчиб,

Сира қўзғалмасди

Унган еридан...

Ниҳоят гурс этиб ерга қулади,

Бутаб, сўнг кўтариб кетдилар,

бироқ –

У ўз панжасида олиб жўнади

Яшаган еридан

Бир сиқим тупроқ.

1964

 

Яхшидир аччиқ ҳақиқат

 

Яхшидир аччиқ ҳақиқат,

Лек ширин ёлғон ёмон,

Ул ширин ёлғонга мендек

Алданиб қолғон ёмон.

Умримиз алдоқ жаҳонда

Алданиб ўтгай, ва лек

Сўнгги қийналғон ёмондир,

Сўнгги қийналғон ёмон.

Айтгали аччиқ азобинг

Бўлса дилдош яхшидир,

Сўз демай ўтли аламни

Жонингга солғон ёмон.

Жонга солғон ҳам на создир,

Элга сўйлаб мен каби

Шоири девонаи ишқ

Номини олғон ёмон.

Гар қилич келса бошингга,

Қўрқма, Эркин, ростни айт,

Яхшидир аччиқ ҳақиқат,

Лек ширин ёлғон ёмон.

1988

Кечир, ё Раб!

 

Менга тош отди бир жоҳил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен,

У қулдир, бандаи ғофил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

Жаҳонда фитналар бордир,

Адолат гоҳи ночордир,

Адолат қил, ўзинг одил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен,

 

Ёмон бўлдим, ёмон бўлдим,

Хато ўққа нишон бўлдим,

Хато қилган эмас қотил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

Гуноҳидан ўт ул жоннинг,

Сўзига кирди шайтоннинг,

Кўнгил алданмоға мойил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

Тутарман ул синиқ одам

Синиқ имонига мотам,

Дилига эътиқод жо қил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

У ҳам, мен ҳам қиёматда

Турармиз лол хижолатда,

Бўлиб даргоҳингга дохил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен,

 

Кечир, янглишмаган ким бор,

Менинг ҳам кўп гуноҳим бор,

Одамзод асли нокомил,

Кечир, ё Раб, кечир, ё Раб!

Эркин Воҳидов 1991.

«Ҳилол» журнали 3 (60) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СИЗ БИЛМАГАН ТАРИХРус сайёҳатчиси Афанасий Никитин жуда ғаройиб инсон эди. Асл матни қадимий рус тилида бўлган унинг Уч денгиз оша саёҳатrdquo асари тўрт тилда давоми...

4012 05:00 / 07.03.2017
Жалолиддин Румий .Маснавий,ига шарҳлар .Эй хуш савдоли ишқимиз, сен шод бўл.., Шод бош, эй ишқи хуш савдои мо Эй табиби жумла иллатҳои мо Ишқи хушсавдомиз, эй, шод давоми...

2228 17:48 / 25.06.2024
БЕШИНЧИ БОБ ИСЛОМ ОЛАМИГА НАЗАРХИЗМАТЭй роббимиз, яратмишсан дунёни икки қилиб,Исломдан бошқаси недир ndash ҳеч ким кетмади билиб...Орқамиздан бақирсалар, биз давоми...

71525 05:00 / 07.03.2017
.Ҳилол, журналининг ўтган сонларида каминанинг битиклари чоп этилган эди. Орадан вақт ўтиб, журнал таҳририяти томонидан унинг 50сони тақдимотига таклиф қилиндим. давоми...

2082 11:17 / 08.11.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021