1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Асабалар ва уларнинг турлари

10:34 / 28.10.2024 2143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Асаба» сўзининг таърифи
Асабаларнинг мерос олишдаги далили
Насабий асабанинг турлари
«Асаба бин-нафс»
Асабалар кўп бўлганда устун қўйиш усули
Нима учун ўғил отадан устун қўйилади?
Асаба бил-ғойрнинг ҳукми ва шартлари
Асаба маъал-ғойр ва унинг меросдаги далиллари
Асаба бил-ғойр билан асаба маъал-ғойрнинг фарқи
Икки сабабдан мерос олиш

Араблар «асаба» деб бошни ўраб турадиган боғични айтишади. Истилоҳда эса бу сўз кишининг ота тараф қариндошларини англатади, чунки улар ҳам отанинг атрофини ўраб туради. Бу сўзнинг асли араб тилидаги «عَصَّبَ الْقَوْمُ بِالرَّجُلِ», яъни «Одамлар бир кишининг атрофида тўпланиб, ҳимоя ва мудофаа қилиш учун уни ўраб олишди», деган жумладан олинган. Кучли жамоани ҳам «عُصْبَة» («усба») калимаси қўлланилади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂﰃ

«Биз кўпчилик бўла туриб, уни бўри еб кетса, унда биз зиён кўрувчилардан эканмиз-да?!» дейишди» (Юсуф сураси, 14-оят).

Араблар қариндошларни ҳам «асабалар» дейишади, чунки асабалар қийинчилик пайтида қариндошлар атрофида тўпланади.

Асабанинг истилоҳдаги маъноси. Китоб ва Суннатда меросдаги улушларининг миқдори очиқ-ойдин айтилмаган меросхўрлар асаба бўлади. Булар: ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар, туғишган амаки ва шу кабилардир. Бу ва бу кабиларнинг қариндошлик риштаси кучли ҳисобланади, чунки улар она эмас, ота воситаси билан боғланади. Она воситаси билан боғланиш мерос тақсимида қариндошлик риштасини заифлаштиради (она бир ака-укага ўхшаш), чунки бу қариндошлар асосан бошқа қабилага мансуб ҳисобланади. Мерос уламолари «асаба» калимасининг мухтасар истилоҳий таърифини шундай келтиришади:

«Ўзи ёлғиз бўлса мол-мулкнинг ҳаммасини оладиган, фарз эгалари билан бирга бўлганда эса улар улушларини олиб бўлгач, қолган мол-мулкнинг барчасини оладиган меросхўрлар асаба дейилади».

Мерос уламолари орасида мана шу таъриф машҳурдир.

«Манзуматур-Роҳбия» муаллифи шундай дейди:

«Асаба тўғрисида сўзлаш ҳақ бўлди,
Фақат мўъжаз, тўғри сўзни айтамиз:
Қариндош ва ҳамма молни олгувчи мавло,
Ёки фарз эгасидан ортган молни олгувчи,
Ана ўша афзал асабадир».

Асабаларнинг мерос олишига далиллар. Асабаларнинг мерос олиши ҳақида Қуръон ва Суннатда бир неча далиллар ворид бўлган.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢﯣ

«Агар фарзанди бор бўлса, ундан қолган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар фарзанди бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир» (Нисо сураси, 11-оят).

Вафот этган кишининг фарзанди бор бўлса, ота-онанинг ҳар бирига олтидан бир тегиши айтилмоқда.

«Агар фарзанди бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир».

Оятда вафот этган одамнинг фарзанди бўлмаса, онанинг улуши учдан бир экани баён қилинди, лекин отанинг улуши айтилмади. Бундан тушунамизки, қолган мол-мулк, яъни жами мулкнинг учдан икки қисми отанинг улуши бўлади, бу ҳолатда ота асаба ўлароқ меросхўр бўлади.

Қуръони Каримдан яна бир далил келтирамиз. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫﭬ

«Агар бир одам ўлса-ю, унинг фарзанди бўлмай, синглиси бор бўлса, унга ундан қолганнинг ярми. Агар сингилнинг фарзанди бўлмаса, у ҳам унга (тўлиқ) меросхўр бўлади» (Нисо сураси, 176-оят).

Ояти каримадаги «у ҳам» деганда ўша сингилнинг туғишган акаси назарда тутилган бўлиб, унинг меросдаги улуши аниқ айтилмаган, балки ўша синглиси вафот этсаю, унинг фарзанди бўлмаса, сингилдан қолган мол-мулкнинг барчасини олишига ишора қилинмоқда:

«Агар сингилнинг фарзанди бўлмаса, у ҳам унга (тўлиқ) меросхўр бўлади».

Асабанинг маъноси мана шудир.

Энди бунга Суннатдан далил келтирайлик:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَلْحِقُوا الْفَرَائِضَ بِأَهْلِهَا، فَمَا بَقِيَ فَهُوَ لِأَوْلَى رَجُلٍ ذَكَرٍ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фароизларни ўз аҳлига етказинглар, қолгани эса энг яқин эркак қариндошга», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Бу гапнинг маъноси «ҳар бир фарз эгасига ўзининг улушини беринг, ундан кейин меросдан яна ортиб қолса, эркак асабалардан марҳумга энг яқин бўлганига беринг», деганидир. Ҳадисдаги «закар» калимаси «ўғил бола» деган маънони беради. «Рожул» калимаси ҳам эркак маъносини берса-да, бу ўринда «закар», яъни «ўғил бола» калимасини алоҳида айтишда улкан ҳикмат бор. Агар «рожул», яъни «эркак» калимасининг ўзи айтилса, «катта кишига», «қодир кишига» деган маънони тушуниб қолиш мумкин бўлар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса «закар», яъни ўғил бола калимасини алоҳида таъкидлаб, бу билан эмизикли бола ҳам, агар ёлғиз ўзи қолса, асаба бўлиб, меросхўр сифатида молнинг ҳаммасини олиши мумкинлигини билдирмоқдалар. «Закар» калимасини алоҳида келтиришнинг сири айнан шудир.

Асабаларнинг турлари. Асабалар икки қисмга бўлинади:

1. Насабий асабалар;

2. Сабабий асабалар.

Насабий асабалар насаб туфайли асаба бўлган қариндошлардир. Сабабий асаба деб эса қулини озод қилгани учун асаба бўлган кишига айтилади. Озод бўлган қул вафот этса, унинг бирорта насабий қариндоши бўлмаса, ундан қолган меросни сабабий асаба ўлароқ уни озод қилган киши олади. Бу – унинг қилган яхшилигига мукофотдир.

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Бир киши вафот этиб, ортидан тўртта қизи, отаси, онаси ва учта ўғлининг қизлари қолди. Ушбу меросхўрларнинг улуши қандай бўлади 4жадвал 4жадвал давоми...

1072 12:41 / 24.07.2025
Асаба билғойр биров туфайли асаба бўлиш ва унинг ҳукми .Асаба билғойр, тўртта меросхўр билан чегараланади. Уларнинг барчаси аёллардир 1. Марҳумнинг қизи. давоми...

1461 16:13 / 12.11.2024
Саҳобалар ўртасидаги ушбу масала хусусида бўлиб ўтган турли қарашдан фуқаҳолар ўртасида ҳам турли фикр келиб чиққан. Уларнинг мероси тўғрисида иккита мазҳаб давоми...

1528 12:17 / 27.01.2025
Кейинги даврларда асосан араб давлатларида шариат татбиқ бўлмай, фуқаролик қонунлари ғарб фуқаролик қонунларига мослаштирилганидан кейин оила, никоҳ, талоқ ва давоми...

1341 09:26 / 25.02.2025
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021