1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳдир

14:04 / 24.11.2024 2128 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида мусулмон уммати ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси эканига иттифоқ қилган. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Келгуси сатрларда бу борада келган баъзи ҳадиси шариф ва ривоятлар билан яқиндан танишиб, бу мавзуни илмий асосда ва батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.

عَنِ الشَّعْبِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ: الْإِشْرَاكُ باِللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ».

Шаъбийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасининг хабарини берайми? Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон қасам ичиш», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам катта гуноҳларнинг энг катталаридан учтаси ҳақида хабар бермоқдалар.

Аллоҳга ширк келтириш – Аллоҳнинг хотини бор, ўғли бор, шериги бор, деган бузуқ ақийдага эътиқод қилиш дунёдаги энг катта гуноҳ ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ширкдан бошқа гуноҳнинг ҳаммасини кечишини ваъда берган. Лекин ширкни кечирмаслигини алоҳида таъкидлаб қўйган.

Ана шундай улуғ, катта, беқиёс гуноҳдан кейинги ўринда турадиган гуноҳ ота-онага оқ бўлиш экан. Ота-онанинг назаридан қолиш, дуойи бадига қолиш, уларнинг норозилигига дучор бўлиш ана шундай оғир нарса.

Шу билан бирга, бир нарсанинг ёлғонлигини билиб туриб, қасам ичиб, ўзининг фойдасига буриб кетиш ҳам энг катта гуноҳлардан биттаси ҳисобланар экан. Аллоҳ таоло булардан Ўзи асрасин.

عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا تَقُولُونَ فِي الزِّنَا وَالسَّرِقَةِ وَشُرْبِ الْخَمْرِ؟» قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: «هُنَّ فَوَاحِشُ، وَفِيهِنَّ عُقُوبَاتٌ، أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قَالُوا: وَمَا هُنَّ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، أَلَا وَقَوْلَ الزُّورِ».

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино, ўғирлик ва ароқхўрлик ҳақида нима дейсизлар?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», дейишди.

«Ўшалар фаҳш ишлардир. Уларнинг уқубати бор. Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасини айтиб берайми?» дедилар. «Улар нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва билиб қўйинглар, ёлғон гап», дедилар».

Шарҳ: Демак, ота-онага оқ бўлиш зино, ўғирлик, ароқхўрликдан ҳам каттароқ гуноҳ ҳисобланар экан. Уларнинг бу дунёдаги уқубатлари белгилаб қўйилган. Зино қилса, тошбўрон ёки дарра уриш билан жазоланади. Ўғирлик бўлса, қўлини кесиш ёки таъзирини бериш йўлга қўйилади. Хамр ичиб қўлга тушганга ҳам дарра уриш бор.

Лекин Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гапдан иборат учта гуноҳларнинг уқубати бу дунёда белгиланмаган бўлиб, азоби охиратга қоладиган нарсалар экан. Шунинг учун улар жуда даҳшатли гуноҳлар ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир мўмин банда бу гуноҳлардан ҳазир бўлиши матлубдир.

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: إِنَّ مِنْ أَكْبَرِ الْكَبَائِرِ الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ.

Ибн Масъуддан ривоят қилинади:

«Гуноҳи кабираларнинг энг каттаси: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онасига оқ бўлиш ва ёлғондан қасам ичишдир».

Шарҳ: Албатта, бу гапни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бўладилар. Буни аввал ўтган ривоятлар ҳам кўрсатиб турибди.

Аллоҳга ширк келтириш, ота-онасига оқ бўлиш ва ёлғондан қасам ичиш гуноҳлари одатда маънавий жиноятлар сифатида содир бўлади. Кўпинча улар гуноҳкорнинг ўзи билган ҳолда, бошқалардан яширин қолади. Шунинг учун уларни содир этганларга шариатда маълум моддий жазо белгиланмаган. Демак, бу жиноятларнинг жазоси бутунлайича охиратга қолиб кетиши хавфи бор. Охиратнинг азобидан эса Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Инсонга отаонаси ҳақида тавсия қилдик онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди уни сутдан давоми...

3813 08:59 / 03.06.2021
Бу мақолада қариндошлар ичида силаи раҳмга сазовор эмас, дея гумон қилинадиган тоифа ndash золим қариндош ҳақида гап боради. Оддий ҳолатларда золимга ўзига яраша давоми...

1210 10:36 / 05.11.2025
. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади .Аллоҳ таолонинг .Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат,, деган қавли ҳақида .Иккови ирода давоми...

2083 14:50 / 15.09.2024
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ,. ..Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Аллоҳ таборака ва таоло .Мен сочсоқоли Исломда давоми...

2562 16:05 / 21.10.2019
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021