1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ислом цивилизацияси маркази – миллий ўзлигимиз, илм-фан, таълим ва маданият тимсоли

22:11 / 29.01.2025 1844 pdf Ўқиш режими + -

Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Бу мажмуа тарихимизда илгари бўлмаган улкан ва ноёб лойиҳадир. Бугунги кунда муҳташам бино қад ростлаб, қурилиш якуний босқичга кирган.

Ушбу марказ Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига биноан бошланиб, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни давлатимиз раҳбари  унинг пойдеворига тамал тоши қўйган эди.

Бағоят улуғвор марказ биноси уч қаватни ташкил этиб, қадимги  меъморий обидаларимиз шаклида бунёд этилмоқда. Миллий гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ажойиб уйғунлиги унга алоҳида кўрк ва салобат бағишлаган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.

Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китобимиз нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади.

– Халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, афсуски, бизга номаълум эди. Мана шу марказ сабаб бўлиб тарихни ўрганишда катта қадамлар қўйдик, янги манбалар юзага чиқди. Энди буларнинг таъсири, натижаси қандай бўлади? Уларни фақат ёдгорлик сифатида сақламасдан, фаол илмий истеъмолга киритиш, аҳолимиз, ёшларимизга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш керак. Бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади. Президентимиз уларнинг илмий концепцияси, яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратди.

Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилган.

Айни вақтда мажмуада Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбадан, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топган. Бу экспозиция бугунги қизлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари марказнинг фаолияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди.

– Ислом цивилизациясининг, ислом таълимотининг замини – аслида илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Биз барпо этаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони – юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам бўлади. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди, – деди Президент.

Ана шу вазифадан келиб чиққан ҳолда, марказда улуғ аждодларимиз меросини чуқур тадқиқ қилиш, уни бугунги куннинг ўткир муаммоларига жавоб бера оладиган ҳаётбахш кучга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги ва бошқа халқаро илмий-маърифий ташкилотлар фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш, биргаликда замонавий таҳдидларга муносиб илмий жавоблар топиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак.

– Насиб этса, бу мажмуа ўзимизнинг меъморий тажрибамиз, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик мактаби, илмий-маънавий салоҳиятимиз рамзи сифатида тарихга киради. Ҳар бир бўлимнинг мазмун-моҳияти айни шу мақсадга қаратилиши лозим. Чет элдаги машҳур музей ва кутубхоналар, нуфузли мутахассислар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, китоблар, мақолалар нашр этилаётгани эътиборга лойиқ. Бу ишлар доимий ва илмий асосга эга бўлиши учун ишни режали ташкил қилиш керак. Бош мақсадимиз – миллий ўзлигимизни англаш ва англатиш, – деди давлатимиз раҳбари.

Марказ томонидан бир қатор халқаро илмий муассаса ва ташкилотлар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. 2024 йил августда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгресс ўтказилди. Унда 35 та давлатдан 200 га яқин хорижий олимлар қатнашиб, марказ бўйича қимматли таклиф ва тавсиялар билдирди.

Қурилиш ишлари ва экспозиция билан танишиш жараёнида Шавкат Мирзиёев марказ фаолиятини ташкил этиш, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда Тошкентнинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот билан ҳам танишди.

Бундай лойиҳалар кўп жойларда бошланган. Бектемир, Мирзо Улуғбек, Миробод, Юнусобод, Яккасарой, Янгиҳаёт туманларида 7/24 тартибида ишлайдиган ўнлаб сайёҳлик манзиллари ташкил этилган.

Тошкентнинг эски шаҳар ҳудуди ўзига хос тарихий аҳамиятга эга. Бу ерга йилнинг барча мавсумида хорижий сайёҳлар кўп келади. Шу боис ҳудуд туризм хизматларига ихтисослаштирилмоқда. Жумладан, ўтган йили Чорсу бозори ёнидаги Гулбозор маҳалласида шундай кўча ташкил этилганди. Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳам ободонлаштирилмоқда.

Энди буларга уйғун равишда гастрономик ва туризм кўчаларини ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун 17 та кўча ва 32 та берк кўча танлаб олинган. Уларда Эски шаҳарнинг ўзига хос меъморий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча инфратузилмалар яратилади.

Бунинг натижасида ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлар сони 250 тага кўпаяди, 1 минг 500 та иш ўрни очилади. Муҳими, кунлик сайёҳлар сони ҳозирги 4 мингтадан 11 мингтага кўпайиши кутилмоқда.

Мутасаддиларга тадбиркор ва ҳунармандлар учун қулайликларни кўпайтириш, саёҳатларни мазмунли ва қизиқарли ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Манба
president.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунёда аҳоли сони бўйича тўртинчи ўринда турувчи ва энг кўп мусулмон жамоасига эга бўлган Индонезия мамлакати исломий сайёҳлик бўйича юқори мавқега давоми...

2800 15:00 / 18.02.2019
АлРиёдаrdquo номи билан аталувчи ушбу Қуръон марказлар 15ndash19 ёшдаги қизларга мўлжалланган, деб хабар беради IQNA.Исломий тадқиқотлар ва Қуръон фанлари мудири Фаҳд давоми...

2446 15:50 / 17.12.2018
Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида қурилган масжид яқин келажакда Ҳиндистонда очилади.Мусулмонлар масжиди Ҳиндистон ярим ороли давоми...

2730 11:00 / 30.09.2021
Голландиянинг Лахаё шаҳрида жойлашган АлКавсар маданият институти томонидан ташкил этилган ушбу курсларда ёши катталар ва ўспиринлар учун алоҳида, болалар учун давоми...

2410 11:30 / 06.02.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021