1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Орияни эгасига қайтаринг

14:45 / 07.02.2025 1714 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мадинада қўрқинч вужудга келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Толҳадан Мандуб деб аталадиган отини орияга олиб, миниб кетдилар. Қайтиб келганларида:

«Ҳеч қандай қўрқадиган нарса йўқ экан. Мана бу (от) эса денгиз экан», дедилар» (Бухорий, Муслим ривояти).

Шарҳ: Баъзилар орияни қарз деб атайди. Лекин ория билан қарзнинг орасида фарқ бор. «Ория» бир кишининг ўз ҳайвони, кийими ёки идиши ва шунга ўхшаш нарсаларини бошқа кишига вақтинчалик фойдаланиш учун бериб туришидир. Орияга олинган нарсанинг ўзи яна эгасига қайтариб берилиши шарт.

Энди эса бевосита ҳадиснинг шарҳига тўхталсак:

Бир куни Мадинаи Мунавварада «Душман бостириб келаётган эмиш», деган гап тарқалди. Ҳаммаёқни қўрқинч босди. Ҳақиқатни билиш, одамларни тинчлантириш керак эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳар ташқарисига чиқиб, воқеликни ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлдилар. Лекин мингани уловлари йўқ эди. Шунинг учун Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан Мандуб номли отини вақтинча миниб туришга – орияга сўраб олдилар.

Мандуб ўта ночор, секин юрадиган от эди. Аммо уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам минишлари билан у елдек учиб кетди.

У зот шаҳардан ташқарига чиқиб, хабар олсалар, ҳеч гап йўқ. Қайтиб келгач, «Ҳеч қандай қўрқадиган нарса йўқ экан», деб одамларга хабар бердилар. Яна «Мана бу (от) эса денгиз экан», деб Мандубни мақтаб қўйдилар. Бу «Қадами кенг, тез юрар от», деганлари эди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элу юрт тинчлиги учун қаттиқ қайғуришлари, камтарликлари ва жасурликлари.

Бутун шаҳарни қўрқинч босиб турганда бошқа бир одамни юбормасдан, ёлғиз ўзлари, зудлик билан хабар олгани шаҳар ташқарисига чиқишлари шуни кўрсатади.

2. Уловни орияга олиб туриш жоизлиги.

3. Ҳайвонга, жумладан, отга исм қўйиш жоизлиги.

4. Кишилар хабар кутиб турганда хушхабарни тезда айтиш кераклиги.

5. Орияга олинган нарсадан фойдаланиб бўлгач, тезроқ эгасига қайтариб бериш кераклиги.

6. Орияга олинган нарсани эгасига мақтаб қўйиш лозимлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт»нинг 11-жузидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмонларнинг жанозаларида ҳозир бўлиб, маййитни охирги манзилгача кузатиб қўйиш ҳам бандалик бурчимиздир.Бундан мақсад киши учун диндош биродарининг охирги давоми...

1095 15:30 / 21.09.2025
Эркак, то тобутда кўтариб олиб кирилмагунча, намоз ўқиш учун масжидга кирмай юраверадимиАёл, то кафанликка ўралмагунча, авратини беркитмай давоми...

5252 11:00 / 18.02.2021
Одамларнинг ҳожатини чиқариш.Ҳожатбарорлик чин мусулмоннинг олий инсоний фазилатларидан биридир. Ким бўлишидан қатъи назар, имкон қадар жонкуяр бўлиш катта давоми...

1110 13:25 / 04.10.2025
Инсоннинг вужуди Аллоҳ таолонинг омонатидир. Бу жисм бизнинг мулкимиз эмас. Балки, Аллоҳ таоло ишлатиш учун бизга бериб қўйган омонат. Қўлимиз, оёғимиз, кўзимиз, давоми...

2558 09:31 / 25.08.2025