1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бергандир

11:51 / 11.02.2025 2234 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللهَ قَدْ أَعْطَى كُلَّ ذِي حَقٍّ حَقَّهُ فَلَا وَصِيَّةَ لِوَارِثٍ، لَا تُنْفِقُ امْرَأَةٌ شَيْئًا مِنْ بَيْتِهَا إِلَّا بِإِذْنِ زَوْجِهَا، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَلَا الطَّعَامَ؟ قَالَ: ذَلِكَ أَفْضَلُ أَمْوَالِنَا، ثُمَّ قَالَ: الْعَارِيَةُ مُؤَدَّاةٌ، وَالْمِنْحَةُ مَرْدُودَةٌ، وَالدَّيْنُ مَقْضِيٌّ، وَالزَّعِيمُ غَارِمٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бергандир. Ворисга васият йўқдир. Аёл эрининг рухсатисиз уйидан бирор нарсани нафақа қилмас», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, таомни ҳамми?» дейилди.

«У молларингизнинг афзалидир», дедилар. Сўнгра:

«Ория адо этилур. Минҳа қайтарилур. Қарз узилур. Зомин бўлган тўловчидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда инсоннинг молиявий ҳуқуқлари, мулк ҳаққи Аллоҳ томонидан берилганлиги таъкидланмоқда.

«Албатта, Аллоҳ, ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бергандир» дейилгани инсонга мулк ҳаққини Аллоҳ берганини, бу ҳақни ҳеч ким ман қила олмаслигини таъкидлашдир.

1. «Ворисга васият йўқ».

Ворисга меросдан тегадиган ҳаққини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб бергандир. У ҳақни ҳеч ким бекор қила олмайди. Ҳаттоки, мерос қолдирувчи васият қилса ҳам ўтмайди. Мисол учун, «Фалончи меросхўримга мендан қолган меросдан берилмасин», деса, ушбу васият ўтмайди. Мазкур меросхўр бари-бир шариатда кўрсатилган ҳаққини олади. Шунингдек, «Фалончи меросхўримга камроқ мерос берилсин», деса ҳам, барибир унга шариатда кўрсатилган ҳисса берилади.

2. «Аёл эрининг рухсатисиз уйидан бирор нарсани нафақа қилмас».

Чунки у ҳолда эрининг ҳаққини поймол қилган бўлади. Агар аёлнинг ўз моли бўлса, ихтиёр ўзида.

3. «Ория адо этилур».

Яъни, орияга олинган нарса ўз эгасига қайтариб берилур. Чунки бу унинг ҳаққи. Орияга олган нарсасини эгасига қайтариб бермаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади. Бу эса бировнинг Аллоҳ берган ҳаққини ноҳақ поймол қилган билан баробардир.

4. «Минҳа қайтарилур».

«Минҳа» соғиб ичиб туриш учун берилган туя, қўй ёки сигирдир. Бу ҳам ўз эгасига ўз вақтида қайтарилиши лозим. Ўзига ёрдам сифатида вақтинча соғиб ичиб туриш учун берилган ҳайвонни эгасига бермай қўйиш номардлик ва инсофсизлик бўлади. Бу ҳам бир одамнинг Аллоҳ берган ҳаққини поймол этиш бўлади.

5. «Қарз узилур».

Қарз олиб, уни узмай, еб кетиш энг оғир гуноҳлардан саналади. Бу ўзига яхшилик қилиб, оғир вақтида ёрдам қилган инсоннинг юзига оёқ қўйиш билан баробар бўлиб, унга Аллоҳ томонидан берилган ҳақни зулм ила поймол этиш бўлади.

6. «Зомин бўлган тўловчидир».

Бир одам «Мен зоминман», деб, бир кишининг молини бошқа одамга олиб берган бўлса-ю, олган одам уни қайтармаса, зомин бўлган киши тўлаб бериши лозимдир. Бировнинг ҳалол ҳаққи поймол бўлмаслиги лозим.

Ушбу қоидаларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб олиб, уларга амал қилиб яшамоғи лозим. Бировнинг ҳаққини ейиш гуноҳ. Ушбу ҳадисда айтилганидек, ҳар бир инсоннинг ҳаққи Аллоҳ томонидан берилган. Бировнинг ҳаққига хиёнат қилган одам Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳаққа хиёнат қилган бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт»нинг 11-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳунинг ёнига кирдилар. Ва Ҳазрати Билол бир идишга хурмо йиғиб қўйганини кўрдилар. Шунда .Эй давоми...

3569 12:15 / 09.03.2022
Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳижрат қилмоқчи эканини айтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедиларndash Ҳолингга вой давоми...

3278 09:49 / 20.01.2024
.Раҳмоннинг бандалари қандай бўлади, деган саволга Фурқон сураси сўнгида жавоб бор 1. Улар ерда тавозу ила юрадилар. 2. Жоҳиллар гапирганда, улар билан давоми...

2034 13:34 / 23.04.2025
Қашшоқлик ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг кўз олдига инсонларнинг моддий томондан оқсаши келади. Аммо қашшоқлик фақат моддият билан ўлчанмайди. Унинг шундай давоми...

2153 16:29 / 02.05.2024
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021