1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Танзир ва татбиқ босқичи

12:02 / 12.02.2025 1148 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз айтган «танзир» (назария) босқичида мутлақ ижтиҳод даражасига етган, ўзининг усуллари орқали Китоб ва Суннатга мурожаат қилиб, ҳукмлар истинбот қилишга қодир зотнинг сўзигина олинади. Ким бу сифатларга эга бўлмаса, сўзи қабул қилинмайди. Агар бу қоидани яхшилаб ўзлаштирсак, замондош ёки ҳозирги замонга яқин яшаган одамлар томонидан даъво қилинган янги истинбот тўғрисидаги гап-сўзларга эътибор бермаймиз, фикримизни ҳам чалғитмаймиз. Фақат бунда даъвонинг айтилиши истинбот йўли билан бўлиши керак, яъни уларнинг ҳукми, агар Қуръон ва Суннатдан олинган бўлса ҳам, энди қабул қилинмайди, чунки истинбот қилиш учун мутлақ ижтиҳод керак. Бу нарса усулул-фиқҳ китобларида, мутлақ мужтаҳид бўлишнинг шартлари ҳақидаги бобларда айтилади. Бу даражадаги ижтиҳоднинг энг биринчи шарти шуки, мужтаҳид ўз усулул-фиқҳини яратиши керак. Масалан, Қуръон ва Суннатдаги ҳар бир ҳарф, сўз, жумла нимани англатади, улар билан қандай шуғулланиш керак, бир неча далиллар қандай мувофиқлаштирилади ва ҳоказо.

Демак, танзир босқичида мутлақ ижтиҳод шарт қилинади. Қуръон ва Суннатдан тўғридан-тўғри далил чиқарадиган одам мутлақ мужтаҳид бўлиши шарт.

Иккинчи босқич татбиқ қилиш босқичи бўлиб, буни мужтаҳиди мутлақ ҳам, ундан кейин турадиганлар ҳам қилиши мумкин. Хўш, бу ишни мутлақ мужтаҳид қандай амалга оширади? Масалан, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ истеҳсон [1] қоидасини қўллайдилар. У киши кўплаб масалаларда «Бунда қиёсга кўра бундай бўлади», дейдилар, сўнг истеҳсонни келтирадилар. У зотнинг наздларида истеҳсоннинг баъзилари урф, зарурат, осонлаштириш ва бошқа нарсалар учун қилинади. Натижада истеҳсон туфайли ўзлари айтган қоидани – қиёсни тарк қиладилар, сўнг одамларнинг ҳолатига муносиб ҳукмга фатво берадилар. Мана шу татбиқ дейилади.

Бунга бир мисол келтирамиз. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний роҳимаҳуллоҳ: «Покловчи нарса фақатгина сувдир, фақат сув поклайди», дейдилар. Бу гапдан бошқа суюқликлар, ишқалаш ва ҳоказолар покловчи ҳисобланмас экан, фақатгина сув поклай олар экан, деган хулоса чиқади. У зот бу гапни мутлақ мужтаҳид сифатида айтганлар. Лекин Раъй шаҳрига бориб, у ерда қози бўлганларида шуни билдиларки, бу фикрда маҳкам туриб олсалар, одамлар қийналиб, Исломга амал қила олмай қолар экан, чунки шаҳардаги деярли ҳамма йўллар лой, балчиқ эди. Бу йўллардан юрган одамнинг кийимига ҳайвонларнинг тезаги билан қоришиб кетган лой тегмаслигининг иложи йўқ эди. Кўчада юрдими, бўлди, кийимга лой тегарди. Хўш, имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ нима қилдилар? Танзирни, яъни назарий қоидани тарк қилиб, татбиққа келганда: «Нажосат билан аралашган лой афв қилинади», дедилар. Бу эса биз юқорида айтган зарурат натижасида қабул қилинган истеҳсон қоидасидир.

Демак, мутлақ мужтаҳид татбиқ босқичида ҳам иштирок этиши мумкин экан. Лекин татбиқнинг аксар масалаларида мутлақ мужтаҳид иштирок этмайди, балки буни ундан кейин келган қуйи даражадаги имомлар қилишади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

[1] Истеҳсон – кучлироқ далил зоҳир бўлганда қиёсни тарк этиб, махфий қиёс асосида ҳукм чиқариш.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китобларни .Усул, деб давоми...

7472 16:16 / 28.03.2017
Сиз мазҳабга эргашишни айб десангиз, олдингизга катта бир савол қўйилади Унда тарих давомида бутун уммат залолатда бўлганми Ундай бўлса, Қуръони Каримдаги давоми...

812 12:55 / 27.12.2025
Фиқҳни ўрганишndashбу Аҳли сунна манҳажини ёки динимизни ўрганишдир, дейилса, кишининг хаёлига .Ўзи дин нима учун керак,, .Нима учун унга бунчалик эътибор қаратамиз,, давоми...

1809 11:46 / 19.10.2024
Таассуб мутлақо ёмон нарсами Йўқ, чунки .таассуб,ndashлуғатда .жамланиш, дегани. Одам яхшиликка ҳам жам бўлиши мумкин, ёмонликка ҳам. Шунинг учун кўп уламолар давоми...

673 13:33 / 05 январь
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021