1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онанинг вафотидан кейин фарзанднинг уларга дуоси

12:52 / 23.02.2025 4142 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ يَقُولُ: إِنَّ الرَّجُلَ لَيُرْفَعُ بِدُعَاءِ وَلَدِهِ بَعْدَهُ، وَقَالَ بِيَدَيْهِ هَكَذَا، فَرَفَعَهُمَا.

Саъид ибн Мусайяб:

«Киши ўзидан кейин фарзандининг қилган дуоси ила кўтарилади», деди ва «Мана бундай», деб икки қўлини кўтарди».

Шарҳ: «Бир одам вафот этгач, фарзандининг унинг ортидан қилган дуоси туфайли мартабаси мана бундай бўлиб кўтарилади», деб икки қўлини кўтариб кўрсатган экан Саъид ибн Мусайяб. Яъни бу ривоят вафотларидан кейин ҳам ота-онага фарзанднинг қиладиган яхшилиги уларнинг ҳақларига дуо қилиш билан бўлишига мисолдир.

Фарзанд ота-онасига уларнинг вафотидан кейин ҳам яхшилик қилай, деган умидда бўлса, уларнинг ҳаққига дуо қилиб, мағфират сўраса, ана ўша иши яхшилик бўлар экан. Фарзандларининг дуоси сабабли ота-оналарнинг охиратдаги мақомлари юқори бўлар экан.

عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ، مِثْلَهُ.

Саъид ибн Мусайябдан худди шунга ўхшаши ривоят қилинади.

Ушбу ривоятда ҳам худди юқоридаги маънонинг ўзини Саъид ибн Мусайяб розияллоҳу анҳудан энди бошқа бир ровийлар ривоят қилган экан. Демак, бу машҳур гап, бир неча тарафлардан ривоят қилинган кучли бир далил ҳисобланар экан.

عَنِ الثَّقَفِيِّ قَالَ: سَمِعْتُ يَحْيَى بْنَ سَعِيدٍ يَقُولُ: كُنَّا نَسْمَعُ أَنَّ الْمَيِّتَ يُجْرَى لَهُ ثَلَاثُ خِصَالٍ: صَدَقَةٌ تَمْضِي بَعْدَهُ، أَوْ عِلْمٌ وَرَّثَهُ يُعْمَلُ بِهِ بَعْدَهُ، أَوْ وَلَدُهُ يَدْعُو لَهُ».

Сақафийдан ривоят қилинади:

«Яҳё ибн Саъиднинг шундай деганини эшитдим: «Эшитишимизча, маййитга учта хислат жорий бўлиб туради: кетидан борадиган садақа, у мерос қолдирган илмга унинг ортидан амал қилинса ва унга дуо қиладиган боласи».

Шарҳ: Биринчиси: Биров кўпчиликка фойда берадиган ишни қилиб қўйган бўлса, унинг қилган ишидан мўмин-мусулмонларга манфаат етиб турса, ўша садақаи жория бўлган ишнинг фойдасидан, яъни савобидан эгасига ўлимидан кейин ҳам бориб туради.

Иккинчиси – вафот этган одам ўзининг кетидан манфаат берадиган бир илм қолдирган бўлса. Одамлар ана шунга амал қилиб, фойдаланиб турса, олим ўтиб кетганидан кейин ҳам ортидан ўзи қолдирган илм туфайли савобга эришиб туради.

Учинчиси – вафот этган одамнинг ортидан фарзандининг дуо қилиб туриши. Бунда ҳам вафот этган одамнинг ортидан яхшилик, хайр-барака етиб туради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Вафот этганидан кейин бир маййитнинг даражаси кўтарилади. Шунда у: «Роббим! Бу нима?» дейди.

«Фарзандинг сенга истиғфор айтди», дейилади».

Бухорий ривоят қилган.

Албатта, инсон вафотидан кейин амал қилиш имконидан маҳрум бўлади. У ҳеч нарса қила олмай, кутиб туришдан бошқа нарсага ярамайдиган ҳолда бўлади.

Аммо бир киши вафотидан кейин даражаси кўтарилади. Бундан ўша банданинг ўзи ҳам ҳайрон. Қандай қилиб вафотидан кейин унинг даражаси кўтарилиши мумкин? Бу ажабланиш уни Аллоҳ таолога савол беришга ундайди. Шунда у: «Роббим! Бу нима?» дейди. Унинг ҳайрат ила берган бу саволига: «Фарзандинг сенга истиғфор айтди», дея жавоб берилади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан фарзанднинг истиғфори – мағфират сўраши туфайли унинг вафот этиб кетган ота-онасининг охиратдаги даражаси кўтарилиши билиб олинади.

Шунинг учун ота-онасига уларнинг вафотидан кейин яхшилик қилишни, уларнинг ортидан савоб етказишни ва охиратдаги мақомлари яхшиланиб, даражалари юқорилашини истаган фарзанд доимо уларга мағфират сўраб, дуода бўлиши лозим.

Ушбу ривоятлардан олинадиган фойдалар:

1. Вафотидан кейин ҳам маййитнинг даражаси кўтарилиши мумкинлиги.

2. Маййит охиратда ўзининг даражаси кўтарилганидан ўзи ҳайратга тушиб, Роббидан бу ҳақда сўраши.

3. Фарзанднинг дуоси маййитнинг охиратдаги даражасининг кўтарилишига сабаб бўлиши.

4. Баъзи маййитлар Робб билан гаплашиши мумкинлиги.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .У киши гоҳида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтганида .Буни менга киприклари узун, ёнбошлари оппоқ, юзлансалар, бутун давоми...

3182 16:00 / 15.03.2023
Одатда одамларда .Қиз бола бировнинг ҳасми, эртаиндин эрга тегиб кетиб қолади. Ундан нима фойда бўлиши мумкин,, деган салбий фикр бўлади. .Ўғил бола эса доимо давоми...

1403 16:47 / 05.07.2025
. . . . . ,.17. Абу Туфайлдан ривоят қилинади.Алидан .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга кўпчилик одамларга хос қилмаган нарсани давоми...

3887 13:05 / 03.11.2018
68. Аъмаш, Ҳасан ибн Амр ва Фитрдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қилганига яраша жавоб қайтарган силаи раҳм қилувчи эмас. Силаи раҳм қилувчи ndash давоми...

2680 12:36 / 03.04.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021