1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳикматлар

Фақиҳ ўғри

05:00 / 11.03.2017 4701 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳмад ибн Маъдал ҳикоя қилади: “Мен Абдулмалик ибн Абдулазизнинг олдида ўтирган эдим. Тўсатдан бир киши келиб “Мўъжиза!” деб жар солди. Абдулмалик “Қандай мўъжиза?” деб сўради. Ҳалиги одам: “Шаҳар ташқарисидаги боғимга кетаётган эдим. Уйимдан анча узоқлашиб, кимсасиз саҳрога етганимда бир киши йўлимни тўсди-да, менга: “Кўйлакни еч!” деди. Мен: “Нега ечаман?” деб сўрадим. “Бу кўйлакка сендан кўра мен ҳақлиман” деб жавоб берди. “Қанақасига сен ҳақлисан?” дедим ҳайрон бўлиб. “Чунки мен сенинг диндош биродарингман. Яланғочман. Сени эса кийиминг бор. Истасам бир зумда шу кўйлак меники бўлиши мумкин. Мен ҳам сенга ўхшаб шу кўйлакни кийишни истайман” деди. Мен: “Мени ялонғоч қолдириб, авратларимни кўрсатиб қўйиб кейин киймоқчимисан?” деб сўрадим. У: “Зарари йўқ. Моликдан ривоят қилинишича, “Киши яланғоч ҳолда ғусл қилишининг зарари йўқ” дейилган” деди. “Одамлар менга йўлиқиб қолиб, авратимни кўришса нима бўлади?” деб сўрадим. Шунда у: “Агар бу йўлда одамлар сени кўриш эҳтимоли бўлганида мен сенинг йўлингни тўсмаган бўлардим” деб жавоб берди. Мен унга: “Сен жуда ақлли экансан. Менга бир оз муҳлат бер. Боғимга кириб олай. Кейин кўйлагимни ечиб сенга узатаман” дедим. У: “Йўқ! Сен боғингга кириб, тўртта қулингни олиб чиқиб, мени боғлатиб, султонни олдига олиб бормоқчисан. Кейин султон мени ҳибс қилиб, дарра уриб, баданимни илма-тешик қилиб юборсин, оёқ-қўлларимга кишан солсин-а?!” деди. Мен унга: “Йўқ! Ундай эмас! Сенга берган ваъдамни бажаришга ва ёмонлик қилмасликка қасам ичаман” дедим. У: “Йўқ! Моликдан ривоят қилинишича, “Ўғрилар учун ичилган қасамларни риоясини қилиш лозим эмас” дейилган” деди. Мен: “Сен учун ичган қасамимга содиқ қоламан” дедим. У: “Бу қасам ўғриларга ичиладиган қасамлар туркумига киради” деди. Мен унга: “Ўзаро мунозарани бас қилайлик. Аллоҳга қасамки, ушбу кийимимни чин кўнглимдан сенга бермоқчиман” дедим. У бошини пастга эгиб, жим туриб қолди. Кейин бошини кўтарди ва: “Ҳозир нима ҳақида ўйлаганимни биласанми?” деди. Мен: “Йўқ” дедим. Шунда у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан то бизнинг давримизгача ўтган барча ўғриларнинг ишини кўздан кечириб, бирма бир кўриб чиқдим. Қарасам, бирорта ўғри насияга кўнмаган экан. Мен ислом динида янги бидъат пайдо қилиб, яъни насияга рози бўлиб, бунинг натижасида бидъатнинг ва мендан кейин қиёматгача унга амал қилганларнинг гуноҳларига кўмилишни истамайман. Қани, тез кийимни еч!” деди. Мен ноилож кийимни ечиб унга бердим”.    



Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ҳаётидан минг бир қисса” 


китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Садақа қилаётганингда маблағларингни йўқотаётган бўлмайсан, балки уни бошқа пайт учун ўзингга жўнатаётган бўласан.

3722 19:44 / 27.07.2017
Аллоҳ таолонинг зикрини лозим тутинглар. Чунки у доридир. Одамларнинг зикридан сақланинглар. Чунки у касалликдир. Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари давоми...

1659 14:55 / 19.04.2025
Ҳақиқий ҳаёт бу дунёда эмаслигини билиш учун Аллоҳнинг «Кошки охират ҳаётимга ҳам бирор нарса тайёрлаган бўлсам» ояти ҳақида кўп фикр юритинглар Фажр сураси, 24.

3749 09:05 / 24.05.2018
Солиҳ салафлар Аллоҳнинг китобига бошқача эътибор беришар эди. Айниқса Рамазонда ақл бовар қилмас даражада, уларда ажойиб бир ҳолатни кўрамиз. Баъзи солиҳ давоми...

3137 05:01 / 04.06.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021