1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Макон мийқотлари

13:32 / 22.05.2025 1511 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَّتَ لِأَهْلِ الْمَدِينَةِ ذَا الْحُلَيْفَةِ، وَلِأَهْلِ الشَّامِ الْجُحْفَةَ، وَلِأَهْلِ نَجْدٍ قَرْنَ الْمَنَازِلِ، وَلِأَهْلِ الْيَمَنِ يَلَمْلَمَ، وَقَالَ: هُنَّ لَهُمْ وَلِكُلِّ آتٍ أَتَى عَلَيْهِنَّ مِنْ غَيْرِهِنَّ، وَمِمَّنْ أَرَادَ الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ، وَمَنْ كَانَ دُونَ ذَلِكَ فَمِنْ حَيْثُ أَنْشَأَ، حَتَّى أَهْلُ مَكَّةَ مِنْ مَكَّةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина аҳлига Зул-Ҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Нажд аҳлига Қорнул-манозилни ва Яман аҳлига Яламламни мийқот қилдилар. Ўшалар у ерликларга ва ўша томондан келадиган улардан бошқа ҳаж ҳамда умрани ирода қилганларга мийқотдир. Ундан ичкарида бўлганлар қаердан жўнаса, ўша ердан эҳромга киради. Макка аҳли Маккадан», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

«Мийқот» сўзи арабча «таъқийт» сўзидан олинган бўлиб, луғатда «бирон нарсанинг вақтини тайин қилиш» маъносини англатади. Кейинчалик бу сўз кенгроқ кўламда «макон» маъносида ҳам ишлатиладиган бўлди. Шаръий истилоҳда эса «мийқот» сўзи ҳаж ёки умра қилмоқчи бўлган кишининг эҳром боғлайдиган жойи ва вақтини билдиради. Табиийки, умра учун вақт маъносидаги мийқот бўлмайди, умрани йил давомида адо этиш мумкин.

Демак, «мийқот» деб эҳромга киришнинг тайинли вақти ва тайинли маконига айтилади. Ҳажнинг вақт бўйича мийқоти – Шаввол ва Зулқаъда ойлари ҳамда Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунидир.

Макон мийқоти эса турли мамлакатлардан келган ҳожилар учун, уларнинг Маккаи Мукаррамага келиш йўлларига қараб турли жойлар бўлади. Масалан, макон мийқоти – Маккаи Мукарраманинг атрофидаги махсус белгиланган чегара, десак бўлади.

Ҳадисда айтилаётган Зулҳулайфа Мадинаи Мунавварадан Маккаи Мукаррамага қараб юрганда биринчи келадиган манзилдир. У ер ҳозирда «Обори Али» деб ҳам номланади. У ерга махсус масжид, ғуслхоналар қурилган ва эҳром боғлаш учун лозим бўлган бошқа шароитлар яратилган. 

Жуҳфа ҳақида машҳур олим Ёқут Ҳамавий «Мўъжамул Булдон» китобида қуйидагиларни ёзади:

«Жуҳфа Мадинадан Макка томон кетишда тўрт марҳала (манзил) узоқликда жойлашган катта қишлоқ бўлган. Миср ва Шом аҳли Мадина орқали юрмасалар, мийқотлари Жуҳфа бўлади. Агар Мадина орқали юрсалар, мийқотлари Зулҳулайфа бўлади.

Унинг қадимги исми Маҳайъа эди. Баъзи йиллари сел келиб, унинг аҳлини хонавайрон қилганлиги учун Жуҳфа (вайрона) деб аталиб қолган».

Қорнул-манозил – Маккаи Мукарраманинг шарқий тарафида, икки кунлик масофада жойлашган тоғнинг номи. У «Қорнус-саъолиб» деб ҳам аталади.

Яламлам – Маккадан икки кунлик масофада жойлашган Тиҳома тоғларидан бирининг номи.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, юқорида зикри келган мийқотлардан ташқарида яшайдиган мусулмонлар Маккаи Мукаррамага ҳаж ёки умра нияти билан келмоқчи бўлсалар, ўша мийқотлардан эҳромсиз ўтишлари мумкин эмас. Кимки ҳаж ёки умрани ният қилиб туриб, мазкур мийқотлардан эҳромсиз ўтса, жиноят қилган ҳисобланади (ҳаж ва умра истилоҳида жиноят деб эҳром ман қилган амалларни содир қилишга айтилади).

Ким мазкур мийқотлардан ўтмасдан, бошқа томонлардан ўтадиган бўлса ҳам, мийқотларнинг тўғрисига келганда эҳром боғлаши шарт.

Мийқотлардан кейин келадиган манзилларда яшайдиган кишилар эса ўзларининг турар жойларидан эҳром боғлайдилар. Макка аҳли ҳажга ўз уйидан эҳром боғласа, умрага ҳарамнинг чегарасидан чиқиб туриб эҳром боғлайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 10-жуз

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022-йилдаги 03-07/3309-сонли тавсияси асосида чоп этилган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқузоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинларrdquo Ҳаж 27 оят. . Абдуллоҳ ибн Умар давоми...

5474 12:00 / 26.06.2022
Мино mdash қурбонлик қони шу жойда тўкилгани учун шундай номланган. Баъзилар .Одамлар у ерда тўплангани учун Мино деб номланган,, дейишади. Араблар одамлар тўпланган давоми...

1242 13:58 / 15.12.2025
Исломда инсон ибодат қилар экан, ўз ибодатининг савобини бошқаларга бағишлаш ҳуқуқига эга. Бу ҳақида бир қанча далиллар мавжуд, аҳли сунна валжамоанинг тўрт давоми...

8490 05:00 / 16.01.2017
Ушбу жой Мино билан Арофат орасида жойлашган. Унинг Муздалифа деб номланишига сабаб mdash одамлар кечанинг бир бўлагида у ерга тушишгани ёки жам бўлиб тушишгани давоми...

904 12:30 / 04 февраль
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021