1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳнинг шариатидан бошқа шариатга юришнинг оқибати

19:00 / 27.05.2025 957 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ

«Сиздан олдин ҳам бир қавм уларни сўраган, сўнгра эса уларга кофир бўлиб қолган эди» (Моида сураси, 102-оят).

Бунга энг ёрқин мисол Бану Исроилдир. «Бақара» сураси тафсирида уларнинг қурбонликка амр этилган сигирнинг сифатлари ҳақида бирин-кетин ноўрин саволлар бериб, ўзларига ўзлари қийин қилиб олганлари, кейин кофир бўлганликлари ҳақида батафсил сўз юритилган эди. Бунга ўхшаш ҳоллар яна келади.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга айтмай, тек қўйсам, мени ҳам тек қўйинглар. Шубҳасиз, сизлардан олдингиларни ҳалок қилган нарса – саволларнинг кўплиги ва пайғамбарларига хилофлари бўлган», – деганлар.

Бундан аввалги «Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар» оятининг нозил бўлишига сабаблардан бири одамларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга баҳийра, соиба, васийла ва ҳоммлар ҳақида берган саволлари эди. Бу нарсалар ҳақида кейинги оятда маълумот берилади:

ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ

«Аллоҳ на баҳийра, на соиба, на васийла ва на ҳоммни қилгани йўқ. Лекин куфр келтирганлар Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқирлар. Уларнинг кўплари ақл юритмаслар» (Моида сураси, 103-оят).

Ояти кариманинг тўлиқ маъносини ўрганишдан олдин ундаги баъзи сўзларнинг маъноларини тушуниб олишимиз зарур.

Агар бешинчи бўталоқ урғочи туғилса, она туянинг қулоғини тилиб, белгили қилиб, қўйиб юборилар ва у «баҳийра» деб айтилар эди. Арабларнинг бузуқ эътиқодларига кўра, бундай туянинг гўштини ейиш, сутини ичиш, ўзини миниш ёки устига юк юклаш ҳаром ҳисобланарди. «Баҳийра» деб қўйиб юборилган туя эркин ҳолда юраверар, унга ҳеч ким тегмас эди.

«Соиба» луғатда «қўйиб юборилган» деган маънони англатиб, жоҳилият одати бўйича, бир киши сафардан келгани, касалдан тузалгани ёки шунга ўхшаш бошқа муносабатлар ила назр қилган туяга айтиларди. Бундай туя ҳам қўйиб юборилар ва у ҳам худди «баҳийра» каби гўшти ейилмайдиган, сути ичилмайдиган, ўзи минилмайдиган ва юк ортилмайдиган муқаддассифат ҳайвонга айланиб қолар эди.

«Васийла» луғатда «уловчи» деган маънони англатиб, араблар урфида бирин-кетин улаб, урғочи бола туққан қўйга айтиларди. Уни ҳам сўймас эдилар.

«Ҳомм» эса луғатда «ҳимоя қилувчи» деган маънони англатиб, урғочи ҳайвонларга қочириш учун қўйиладиган эркак ҳайвон шундай аталар эди. Араблар бир эркак ҳайвон ўнта урғочини қочирса, уни «ҳомм» деб атар эдилар ва унга ҳам алоҳида муносабат кўрсатилар, минилмас, юк юкланмас ва бошқа имтиёзлар берилар эди.

Ушбу тўрт истилоҳ ҳақида бошқа ривоятлар ҳам бор. Аммо ҳаммаси ҳам мантиқсиз, жаҳолат аломати бўлган ишлардир. Эҳтимол, қабила ва жойларнинг ўзгариши билан бу тўрт истилоҳ ҳам турлича маънода ишлатилгандир. Қандай бўлишидан қатъи назар, бу тасаввур ва тасарруфлар Аллоҳнинг шариатига амал қилмаган инсонлар, илоҳий кўрсатмаларни ўзларига дастур қилиб олмаган жамиятлар қандай ҳолга тушиб қолишини яққол кўрсатиб турибди. Аллоҳнинг айтганини бир четга қўйганлар, табиатан мавжуд асл ҳис-туйғуларни барибир йўқ қила олмайдилар. Аста-секин ўзлари ушбуга ўхшаш мантиқсиз нарсаларни тўқиб чиқиб, муқаддаслаштиришга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ бу ишларни инкор этиб:

«Аллоҳ на баҳийра, на соиба, на васийла ва на ҳоммни қилгани йўқ. Лекин куфр келтирганлар Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқирлар», – дейди.

Араблари Аллоҳни инкор этмас эдилар, балки Аллоҳга ширк келтирардилар. Бут-санамлар – кичик Худолар, ўртада воситачи бўлиб, бизни катта Худога етказади, деган эътиқодда эдилар. Шунга қарамай, Аллоҳ бу оятда уларни кофирлар деб атамоқда, бу даъволари Аллоҳга нисбатан ёлғон эканини таъкидламоқда. Кофирликлари Аллоҳнинг шариатига амал қилмасликларидан бўлса, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқишлари – баҳийра, соиба, васийла ва ҳоммларни илоҳча деб аташлари эди. Бундай ишларни Аллоҳ амр қилгани йўқ, улар ўзлари тўқиб чиқариб, сўнгра Аллоҳга нисбат беришмоқда. Аллоҳнинг шариатидан бошқа шариатга юришнинг оқибати шунақа бўлади.

Оятнинг охирида:

«Уларнинг кўплари ақл юритмаслар», – дейилмоқда.

Тўғри, ақли бўлса, Аллоҳнинг шариатидан бошқа шариатга юрармиди?! Ўзича турли нарсаларни тўқиб чиқарармиди?!

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Ёзилган ажал ўлароқ. Ким бу дунёнинг савобини истаса, унга ўшандан берурмиз. Ким охиратнинг савобини истаса, унга ўшандан давоми...

3230 17:00 / 11.01.2022
Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар ундан бирор нарсани сизга рози бўлиб берсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин. Нисо, 4оят.Бу оятда ҳам давоми...

9315 14:29 / 12.10.2018
Жуда ҳам ажабланарли ҳол. Ушбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, насороларнинг ақийдалари бузуқлигига ҳужжат келтирилади .Сен давоми...

1460 19:00 / 25.02.2025
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Хотинларидан ийло қилганлар учун кутиш тўрт ойдир. Агар қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта давоми...

4699 15:30 / 16.02.2020
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021