1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Бепарволик ва масъулиятсизлик

11:30 / 12.06.2025 1525 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «كَفَى بِالرَّجُلِ إِثْمًا أَنْ يُضَيِّعَ مَنْ يَقُوتُ».

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кишига гуноҳ ўлароқ қарамоғидагиларни зое қилиши етарлидир», деганларини эшитдим».

Шарҳ: Бу иш ҳар қандай одамнинг азобга қолиши учун етарли, бошқа гуноҳнинг ҳожати йўқ. Қарамоғидаги шахс – у хотинимиди, боласимиди, ота-онаси ёки бошқа бир инсонми, унинг кийим-кечагини, турар жойини, эҳтиёжига яраша нарсасини таъминлаш боқувчининг бурчи. У дангасалик, масъулиятсизлик қилса, уларга қарамасдан, зое қилиб, оч-яланғоч қолишига, муҳтож бўлишига, қийналишига сабаб бўлса, унинг гуноҳи жуда катта бўлади.

Бировни қарамоғига олиш катта масъулият. Бу иш Аллоҳ таоло томонидан юкланган катта мажбуриятдир. Фақат ожизларгина бировнинг қарамоғида бўлади.

Шу билан бирга, одатда энг яқин одамлари бўлади. Бепарволик ва масъулиятсизлик билан ўз қарамоғидаги кишиларни, энг яқин одамларини ночор ҳолга тушириб қўйиш, яъни зое қилиш ҳақиқатан ҳам улкан гуноҳдир:

عَنْ وَهْبِ بْنِ جَابِرٍ قَالَ: أَتَى رَجُلٌ إِلَى عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ، فَقَالَ: إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أُقِيمَ هَذَا الشَّهْرَ هَاهُنَا عِنْدَ بَيْتِ الْمَقْدِسِ. قَالَ: أَتَرَكْتَ لِأَهْلِكَ مَا يَقُوتُهُمْ؟ قَالَ: لَا. قَالَ: فَارْجِعْ إِلَيْهِمْ فَدَعْ لَهُمْ مَا يَقُوتُهُمْ، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «كَفَى بِالرَّجُلِ إِثْمًا أَنْ يُضَيِّعَ مَنْ يَقُوتُ».

Ваҳб ибн Жобирдан ривоят қилинади:

«Бир киши Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг ҳузурига келиб, «Мен бу ой Байтул Мақдисда турмоқчиман», деди.

«Аҳли аёлингга егулик нарса қолдирганмисан?» деди.

«Йўқ», деди.

«Ундай бўлса, уларнинг ҳузурига қайт ва уларга егулик қолдир. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кишига гуноҳ ўлароқ қарамоғидагиларни зое қилиши етарлидир», деганларини эшитганман», деди».

Шарҳ: Қарамоғидаги одамларнинг оч, юпун, таъминотсиз қолишига бепарво бўлган одамнинг бу қилмиши унинг улкан гуноҳкор бўлиши учун етади. Унга бошқа гуноҳнинг кераги йўқ.

Демак, қарамоғидаги одамларни оч-юпун қолдириш, турар жой, таълим-тарбия каби турли эҳтиёжларини қондирмаслик, даволаниши учун зарур дори-дармонлар билан таъминламаслик ва уларнинг нафақасини бермаслик жуда катта гуноҳ экан.

Бу ривоятда зикри келган одам «кўчада ўйнайман», демаяпти, «дам олгани кетяпман», демаяпти, «Байтул Мақдисда ибодат қиламан», демоқда.

Демак, Байтул Мақдисда эътикоф ўтириб, нафл ибодат қилганидан кўра боласини боққани маъқул. Чунки аҳли аёлнинг нафақаси вожиб. Мана шу ҳақиқатни кўпчилигимиз унча тушунмаймиз.

Бир мухлис одам айтади: «Бир пирнинг уйида бақувват, тоғни урса толқон қиладиган мурид ўтирибди. Суҳбатлашсам, «Келганимга қирқ кун бўлди», деди.

«Нима қиляпсиз бу ерда?» дедим.

«Ўтирибмиз, назар топяпмиз», деди.

«Бола-чақа борми?» дедим.

«Ҳа, бор. Иккита хотин ва болалар бор», деди.

«Улар қаерда?» дедим.

«Фалон вилоятда», деди.

«Уларга нима бўлади?» дедим.

«Ҳа, уларнинг ризқини Худо берар», деди.

«Ҳой, укам! Бу нима деганингиз?! Ахир уларга қарашингиз вожиб-ку!» дедим».

Оила бошлиғи оиласининг нафақасини бериши вожиб. Ана шу ишнинг вожиблигини тушуниб, ҳалол-покдан уларнинг оғзига луқма тутса, вожиб ибодатни адо этган бўлади. Буни қилмаса, тарки вожиб қилган бўлиб, гуноҳкор саналади. Ушбу ҳадиснинг таъбири билан айтганда, бошқа гуноҳнинг кераги йўқ. Шу қилмишининг ўзи унинг улкан гуноҳкор бўлиши ва келажакда оғир азобларга қолиши учун етарлидир.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом дини отаоналарга фарзандлар устидан ҳақ бергани каби, фарзандларга ҳам отаоналар устидан ҳақ берган. Ҳар бир отаона ўз фарзанди олдидаги бурчини адо этиши давоми...

2183 13:38 / 04.05.2025
Фақирлар билан яшаш роҳатбахш ҳаётдир. Чунки фақирлар чин муҳаббат ва замонлар ўтса ҳам ўзгармайдиган пойдевор соҳиблари бўлишади. Мусибат ўзи катта ҳажмли ҳолда давоми...

2538 11:00 / 22.05.2022
Франциялик аёл 14 ёшли ўғлининг Ислом динига киришини хоҳлаб, қўлидан етаклаганча Исломий марказга олиб келди. Марказга етиб келишгач, бола Марказ имомининг давоми...

3317 11:00 / 30.01.2021
Мазкур бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Одоблар хазинасиrdquo асаридан отаонага яхшилик қилиш масалаларига бағишланган мавзуларни тақдим этиб давоми...

3738 00:46 / 30.09.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021