1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Валид ибн Абдулмалик

15:09 / 18.06.2025 1745 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўлиқ исми: Валид ибн Абдулмалик ибн Марвон. У роҳат-фароғатда ўсди. Тил илмида заиф эди. Халифаликни отасидан кейин, отасининг аҳдига биноан эгаллади.

Валид ибн Абдулмалик амалга оширган энг муҳим ишлар

Валид ибн Абдулмалик халифалик ишини Дамашқдаги катта жомеъ масжидини бино қилиш билан бошлади. У бу ишни халифа бўлганида бошлаб, халифалик даври тугаганида охирига етказди. Бу иш ўн йил давом этди. Мазкур катта жомеъ масжид фан ва маданиятнинг буюк нишонасига айланди.

Шу ўринда Буюк Британияда Жон Фозергил (John Fothergill) суратга олган «Шарқ ва Ғарб» деб номланган етти бўлимдан иборат фильмнинг тўртинчи қисмидан олинган иқтибосни эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.

«Дамашқ. Шом. Умавийлар масжидидан мўминларни намозга чорлаб азон айтилмоқда. Кундалик ибодатлар вақтини белгиловчи бу анъана 1400 йилдан буён давом этиб келмоқда. Ушбу чорловга дунёнинг энг буюк динларидан бири бўлмиш Ислом аҳли «лаббай», деб жавоб беради. Бу жавоб ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатининг абадий барҳаётлигини тасдиқлайди. Айни пайтда бу Исломдаги бошқа бир таълимотнинг – кашфиёт ва илмий тадқиқотларга интилиш, илмга бўлган чанқоқлик анъанасининг ҳам тасдиғидир.

Бу – ўрта аср Исломининг тамаддун тарихига қўшган, бироқ унутилган улкан ҳиссаси ҳақидаги ҳикоядир. Европа тарихининг зулматга чўмилган даврида мусулмонлар борлиқ ҳақидаги тушунчаларни умумлаштирдилар, таълим муассасаларига асос солдилар ва замонавий илм-фан пойдеворини қурдилар...

...Яқин Шарқда зулмат асрлари бўлмаган. Римликлар бу ерда узоқ тамаддунлар тарихининг кичик бир нуқтаси, холос. Шарқий Рим империяси ўз ўрнини араб саҳросидан келган янги кучга бўшатиб берган.

Фотиҳлар ўзлари билан янги динни – Ислом динини олиб келишди. Халифалар бир аср мобайнида Дамашқда Қадимий Римдан афзал бўлган салтанат ҳукмдорларига айланишди. Янги Ислом дунёсининг ҳудуди Ҳиндистондан Испаниянинг ғарбий соҳилларигача етиб борди. Римга бостириб кирган қабилалардан фарқли ўлароқ, бу фотиҳларни жоҳил варварлар деб аташ мумкин эмас эди. Дамашқда ҳатто бинолар ҳам бор маданиятни вайрон қилиш эмас, балки тараққиётни ўз олдига мақсад қилиб қўйган давлатнинг тарихидан ажиб ҳикоялар сўзлайди.

706 йилда араб дунёсидаги энг биринчи ва энг катта масжид қурилиши бошланди. У дунёдаги энг кўҳна қадамжолардан бирига айланган бино эди.

Уч минг йил муқаддам бу ерда Ҳаддод номли илоҳга сиғиниб, унга атаб қурбонликлар қилишарди. I асрда бу ерда Дамашқ Юпитерининг улкан эҳроми турарди. IV асрда у Юҳанно Маъмадоннинг (Чўқинтирувчи Иоанн) мақбарасига айлантирилди. VIII асрга келиб эса бу ерда Ислом халифалигининг энг катта масжиди қурилди.

Умавийлар масжиди Ислом тамаддун тарихининг таркибий қисми эканидан далолат беради. Янги мозаикалар ва миноралар насроний усталар томонидан эски базилика ва мажусийлар эҳромига монанд қилиб қурилган эди.

Атрофимиздаги меъморчилик обидалари халифаларнинг бу ердаги қадимий нарсаларни бузмаганини, балки улар асосида янада гўзал ва бетакрор иморатлар қурганини исботлайди. Улар илм-маърифат соҳасида ҳам ана шундай камолот сари интилар эдилар.

Ушбу дин мозийдаги билимларни эҳтиром қилиш ва уларни ривожлантириш учун ўз асосларига эгадир. Мусулмонлар ҳар куни муайян вақтларда беш маҳал намоз ўқиб, ибодат қиладилар. Шунинг учун бу дин ўзининг илк кунлариданоқ вақтни аниқ ҳисоблаш жуда муҳим аҳамиятга эга эканини исбот этган...» (Иқтибос тугади)

Биринчи шифохона умавийлар сулоласининг вакили Валид ибн Абдулмалик даврида, милодий 707 йилда қурилган. Унинг барча сарф-харажатлари давлат ҳисобидан бўлган. Беморлар бепул озиқ-овқат билан таъминланганлар.

Шунингдек, Валид ибн Абдулмалик Қуддуси шарифдаги харсанг тош устига қубба қурдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтирди. У жуда кўп таъмир ва меъморчилик ишларини амалга оширди.

«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амир Темур болалигиданоқ диний илмларни ихлос билан ўрганди, ёшликдаёқ Исломнинг бош масдари Қуръони Каримни ёд олди. У уч йил ичида Аллоҳнинг Китобини шу давоми...

5023 17:00 / 20.12.2020
Биҳар Ҳиндистоннинг шимолишарқидаги штат бўлиб, Непал билан чегарадош. Унинг майдони 174 минг км2. Аҳолиси 86,3 млн.дан ортиқдир. Маъмурий маркази mdash Патна шаҳри давоми...

2695 09:00 / 22.02.2023
Усмонли империяси ҳудудида йўлларда шундай тошлар бор эдики, улардаги ғовакка қўл суққан инсон истаган миқдорда пул олиши ёки садақа қолдириши мумкин бўлган. Ким давоми...

6224 16:21 / 23.01.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва ҳамроҳлари юриб бориб, Хузоъа қабиласига мансуб Умму Маъбад исмли аёлнинг чодири олдидан ўтдилар. У аёлнинг давоми...

3279 19:08 / 30.06.2020
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021