1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Дарахт соҳиблари

09:49 / 19.07.2025 1644 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ عَبْدًا لِحَاطِبٍ جَاءَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْكُو حَاطِبًا، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، لَيَدْخُلَنَّ حَاطِبٌ النَّارَ، فَقَالَ: كَذَبْتَ لَا يَدْخُلُهَا، فَإِنَّهُ شَهِدَ بَدْرًا وَالْحُدَيْبِيَةَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳотибнинг бир қули бор эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Ҳотибдан шикоят қилиб келди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Ҳотиб дўзахга киради», деди.

У зот: «Ёлғон айтасан! У унга кирмайди. У Бадр ва Ҳудайбияда қатнашган», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Саҳобаи киромларнинг фазлларига фазл қўшадиган яна бир нарса уларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида инсоният тарихида катта бурилиш бўлган қалтис ва хавфли ҳодисаларда жон фидо қилганликларидир.

Бадр уруши инсоният тарихидаги иймоннинг куфрдан юқори келиш йўлида асосий бурилиш нуқтасини ясаган ҳодисадир. Мусулмонларнинг кучи мушрикларникидан уч марта кам бўлган бу урушда саҳобаи киромларнинг фидокорликлари туфайли иймон ва Ислом ғалабаси таъминланди. Шунинг учун ҳам Бадр урушида иштирок этган барча саҳобаи киромларнинг – улар ким бўлишларидан қатъи назар, жаннати эканликлари эълон қилинди.

Ҳудайбия ҳодисаси ҳам худди шундай ҳодисалардан эди. «Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчилари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни ўлдирдилар» деган гап тарқалганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги мусулмонлар хавф-хатар остида қолганларида, саҳобалар Ислом йўлида жон фидо қилиш ҳақида байъат қилдилар. Ана шунда Аллоҳ таоло улардан рози эканлигини эълон қилди.

Ҳотиб ибн Абу Балтаъа розияллоҳу анҳу мазкур икки ҳодисада ҳам иштирок этган эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг дўзахга тушмасликлари ҳақида ҳалиги қулга таъкидлаб айтдилар.

Ушбу икки ҳодисага ўхшаш бошқа ҳодисалар ҳам борки, саҳобаи киромларнинг бирлари бўлмаса, бошқалари уларда иштирок этганлар. Бу эса ўз навбатида уларнинг фазллари устига фазл қўшган.

وَعَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ عِنْدَ حَفْصَةَ: لَا يَدْخُلُ النَّارَ إِنْ شَاءَ اللهُ أَحَدٌ مِنْ أَصْحَابِ الشَّجَرَةِ الَّذِينَ بَايَعُوا تَحْتَهَا، قَالَتْ: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، فَانْتَهَرَهَا فَقَالَتْ: قَالَ اللهُ تَعَالَى: - ﮐ ﮑ ﮒ ﮓﮔ-، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: قَالَ اللهُ تَعَالَى بَعْدَهَا: -ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ-. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафсанинг олдида:

«Иншааллоҳ, (дарахт) остида байъат қилган дарахт соҳибларидан бирортаси ҳам дўзахга кирмайди», дедилар. У:

«Йўғ-е, эй Аллоҳнинг Расули», деди. У зот уни зажр қилдилар. Шунда Ҳафса:

«Аллоҳ таоло «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ‎», деган-ку?» деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло ундан кейин: «Сўнгра, тақво қилганларга нажот берамиз ва ‎золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз‎», деган-ку», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда саҳобаи киромларнинг фазллари далил билан исбот қилинмоқда. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг завжаи мутоҳҳаралари Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо ораларидаги суҳбатдир.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафсанинг олдида:

«Иншааллоҳ, (дарахт) остида байъат қилган дарахт соҳибларидан бирортаси ҳам дўзахга кирмайди», дедилар».

«Дарахт соҳиблари» Ҳудайбия ҳодисасида иштирок этган саҳобаи киромлардир. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида байъат қилганлар. Ўша машҳур байъат «дарахт байъати» деб ҳам номланади. Ушбу байъатда иштирок этган саҳобалар эса «дарахт соҳиблари» деган номни олганлар.

Аллоҳ таоло Ўз каломида улар ҳақида:

«Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида ‎сенга ‎байъат қилаётганларида рози бўлди. Бас, ‎уларнинг ‎қалбларидагини билди, уларга ‎сокинликни туширди ва ‎яқин фатҳ ила ‎мукофотлади», деган («Фатҳ» сураси, 18-оят).

Ана шу зотлардан бирорталари ҳам дўзахга тушмасликларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаб айтганларида олдиларида Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо ҳам бор эканлар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларини эшитишлари билан:

«Йўғ-е, эй Аллоҳнинг Расули», деди».

Қизиқ гап бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гапни айтсалар, завжаи мутоҳҳараларидан бирлари бошқача гап қилиб турибдилар. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизни зажр қилдилар.

«У зот уни зажр қилдилар».

Яъни, айтган гаплари учун танбеҳ бердилар. Лекин Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо ҳам ўзларича, шунчаки кўнгилларига келган гапни айтмаган эканлар. У кишининг ҳам далиллари бор экан. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга жавобан, далил келтирдилар:

«Аллоҳ таоло: «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ‎», деган-ку?» деди».

Яъни, «Аллоҳ таоло Қуръони Каримдаги «Марям» сурасида «Сиздан дўзахга яқинлашувчи – кирувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ», деган. Бу «Ҳамманинг албатта бир марта дўзахга кириши бор» деганидир. Шундай бўлганидан кейин дарахт соҳибларининг ҳам киришлари бор бўлиши мумкин».

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга масаланинг ҳақиқатини англатдилар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло ундан кейин: «Сўнгра, тақво ‎қилганларга нажот берамиз ва ‎золимларни унда ‎тиз ‎чўккан ҳолларида қолдирамиз», деган-ку», дедилар».

Яъни, тақво қилганлар дўзахдан нажот топурлар. Уларнинг дўзах устидаги кўприкдан ўтишлари юқоридаги оятга биноан, дўзахга яқинлашиш ҳисобига ўтади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 0307/7030-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаъфар Соиғ айтади.Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қўшнилари ичида маъсиятга ботган бир киши бор эди. Бир куни у Аҳмад ибн Ҳанбалнинг илм мажлисига келиб салом берди. Имом давоми...

2350 09:00 / 31.01.2023
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларҲақиқий иймон8қисм Ҳазрат Абу Бакрнинг бир ёш қуллари бор эди. У ишлар, давоми...

5759 16:31 / 21.04.2017
Букайр ибн Абдуллоҳ Озарбайжонга юрди. У Райнинг фотиҳи Нуъайм ибн Муқарринга мактуб ёзиб, Саммак ибн Харша ила мадад беришни сўради. Букайр ибн Абдуллоҳ Гур давоми...

1660 13:19 / 11.05.2025
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Саъд ибн Абу Ваққос келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз давоми...

2402 11:30 / 11.11.2023
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021