1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Мукофот ёки жазо Аллоҳдандир

19:00 / 22.07.2025 1133 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ

«Ҳамд осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳгадир. Сўнгра куфр келтирганлар Роббларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар» (Анъом сураси, 1-оят).

«Ҳамд» гўзал мақтовлар билан эслашдир. Дунёдаги жамики ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Китоби Қуръони Каримнинг бош сураси бўлмиш «Фотиҳа»ни, демакки, Қуръонни ҳам ҳамд билан бошлаган. Шунингдек, Ислом даъватини ва мушрикларга қарши ҳужжатлар келтирган гапларни ўз ичига олган тўрт сурага, жумладан, «Анъом»га ҳам ҳамд ила киришади.

Бу оятда Аллоҳга келтирилаётган ҳамдлар осмонлару ерни, инсон кўзига кўриниб турган чексиз ва улкан нарсаларни яратгани учун бўлиб, бу уларни яратган Зот ҳар қанча мақтовга сазоворлигининг эътирофидир.

Шунингдек, зулматлар ва нур ҳам кишини лол қолдирадиган чексиз ҳодисалар ҳисобланади.

«Ҳамд осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳгадир».

Улар ҳақида фикр юритган ақлли инсон Аллоҳга ҳамд айтмай иложи йўқ. Лекин шу ҳолатларни кўриб-билиб туриб, Роббларига ўзгаларни тенглаштирадиган кимсалар – мушриклар ҳам бор.

«Сўнгра куфр келтирганлар Роббларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар».

Агар уларнинг инсофи бўлганида эди, осмонлар ва ерга назар ташлаб, уларнинг тузилиши, улканлиги ва ажойиботларидан ягона ва ҳар нарсага қодир Аллоҳгагина иймон келтириш лозимлигини, бошқаларни Унга тенглаштирмаслик кераклигини англаб олар эдилар.

ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨﭩ ﭪ ﭫ ﭬﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ

«У сизларни лойдан яратган, сўнгра муддатни тугал қилган Зотдир. Белгиланган муддат эса Унинг ҳузуридадир. Шундан кейин ҳам сиз шак қилмоқдасиз» (Анъом сураси, 2-оят).

Яъни, Аллоҳ сизларнинг отангиз бўлмиш Одамни лойдан яратди. Шу билан бирга, ҳар бирингизнинг бу дунёда қанча муддат яшашингизни – ажалингизни белгилаб қўйди. Охиратда қайта тирилишингиз ҳам белгили. Ушбу ишларни билиб туриб ҳам яна шак-шубҳа қиласиз-а! Лойдан ясалган жасадга жон киритиш ҳозиргача ҳаммани лол қолдираётган ҳаёт масаласига боғлиқ.

Жонли махлуқотларда жон қаердан пайдо бўлди? Уни кўриш мумкинми? Илмий тажрибаларда, лабораторияларда жонни яратиб бўладими? Худосизлар ҳар қанча уринмасинлар, жон ва ҳаёт ҳақидаги бунга ўхшаш саволларга жавоб топа олмадилар.

Шунингдек, жонни берган Зот уни қайтиб олиш муддатини – ажалини ҳам белгилаб қўйган. Қачон олишини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу дунё ажалидан сўнг бошланувчи, у дунё учун белгиланган қиёмат вақтини ҳам тайин этган. Бу вақт, яъни қиёмат қачон бўлишини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Мана шу аломатлар ақли-инсофи бор инсонлар учун ягона Аллоҳга иймон келтириш, Унга ўзгани тенглаштирмаслик учун далил ва омил бўлиши керак. Лекин шундан кейин ҳам шак-шубҳа қиладиганлар бор. Ана ўшалар билиб қўйсинларки:

ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ

«У осмонларда ҳам, ерда ҳам Аллоҳдир. Сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам биладир ва нимани касб қилаётганингизни ҳам биладир» (Анъом сураси, 3-оят).

Осмонлару ерни яратган Зот, албатта, ягона Аллоҳ экани муқаррар. Бандалар нимани сир тутсалар, ҳаммасини билади. Ошкора нарсаларни билиши эса турган гап. Бандаларнинг қилган «касбу корларини», жумладан, ширк келтирган бўлсалар, уни, яхшилик ва ёмонлик қилган бўлсалар, уларни ҳам – ҳаммасини билиб туради. Бинобарин, мукофот ёки жазо ҳам Унинг қўлида.

Шундай бўлганидан кейин Уни ягона илоҳ деб тан олиш, Унга иймон келтириш ва У айтганидек яшаш керак эди. Лекин улар буни қилмадилар.

Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ёки олтиндан безалган уйинг бўлмагунича, ёхуд осмонга кўтарилмагунингча, ўша кўтарилишингга ҳам, токи биз ўқишимиз учун китоб давоми...

1612 19:00 / 30.07.2024
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Айт .Айтингларчи, агар сувларингиз ерга сингиб кетса, сизларга ким оқин сувни келтирур, 30оят.Аллоҳ таоло давоми...

3302 16:04 / 13.12.2018
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Уларга Робблари оятларидан ҳеч бир оят келмабдики, юз ўгирувчи бўлмаган бўлсалар, Анъом сураси, 4оят. Қуръони Каримда давоми...

964 19:00 / 29.07.2025
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун чин дилдан, қўрқув ила қоим бўлинг. Бақара сураси, давоми...

4043 12:00 / 08.03.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021