1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Бинога нафақа қилиш ҳақида

13:19 / 09.08.2025 1988 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар ушбу инсоний муомалалар одоби бўйича комил амалий барномани маҳкам тутадиган бўлсак,  дунё ва охиратда саодатга эришгаймиз.

عَنْ شُعَيْبِ بْنِ الْحَبْحَابِ قَالَ: بَنَى الْعَبَّاسُ بْنُ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ غُرْفَةً لَهُ، فَقَالَ لَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلْقِهَا». قَالَ: أُنْفِقُ مِثْلَ ثَمَنِهَا فِي سَبِيلِ اللهِ؟ قَالَ: «أَلْقِهَا»، قَالَ: أُنْفِقُ مِثْلَ ثَمَنِهَا فِي سَبِيلِ اللهِ، ثَلَاثًا.

Шуъайб ибн Ҳабҳобдан ривоят қилинади:

«Аббос ибн Абдулмуттолиб ўзига болохона қурди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Уни пасайтир», дедилар.

«Унинг маблағи баробаридаги молни Аллоҳнинг йўлига сарфлаб юбораман», деди.

«Уни пасайтир», дедилар.

«Унинг маблағи баробаридаги молни Аллоҳнинг йўлига сарфлаб юбораман», деди. Уч марта».

Бу ҳадиси шарифнинг матнидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун амакилари Аббос ибн Абдулмуттолибдан у қурган болохонани бузишни талаб қилганларини билиб бўлмайди.

Бу талабнинг икки сабаби бўлиши мумкин.

Улардан бири: болохона қўшнига озор етказиши мумкин (қўшнининг ҳовлисига назар тушиши ва ҳоказо). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу сабабдан уни бузишни талаб қилган бўлишлари мумкин.

Иккинчи сабаб: бу каби қурилиш қилиш умуман мумкин эмаслиги боис мазкур ман қилиш содир бўлган бўлиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу мавзудаги бошқа ҳадиси шарифларига назар соладиган бўлсак, айтиб ўтилган икки маънони ҳам кўрамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бинода кимўзарга киришмагунча қиёмат қоим бўлмайди», дедилар».

Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Нофеъ ибн Абдулҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб кишининг саодатидандир», дедилар».

Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Бунга ўхшаш ривоятларни яна келтириш мумкин. Уларнинг барчасини жамлаб, солиштириб, таҳлил қилиб кўрсак, бино қуриш ҳақида салбий гаплар келган ривоятларда уни фахр учун, кимўзарга қуриш маъноси борлигини кўриш мумкин. Бино қуриш ҳақида ижобий гаплар мавжуд ривоятларда манманлик ва риёдан узоқ бўлиш маъноси борлиги маълум бўлади.

Имом Таҳовий юқорида келтирилган биз ўрганаётган ҳадисдан пайдо бўладиган мушкулни ўзининг «Мушкулул Осор» китобида таҳлил қилиб, бу борадаги ривоят ва мулоҳазаларни жамлаш давомида Саҳл ибн Муъоз Жуҳанийдан, у отасидан қилган қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам келтирадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зулмсиз ва тажовузсиз бино қурса ва зулмсиз ва тажовузсиз кўчат экса, модомики ундан Аллоҳ таолонинг халқ қилган нарсаларидан бирортаси манфаат олиб турса, ажри унга бўлади».

Имом Таҳовий ўз таҳлиллари сўнгида бу борадаги мушкулни ечиб, қуйидагиларни ёзадилар:

«Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда бир-бирига зидлик йўқ. Болохоналар тутиш ва ундан бошқа нарсалар қуриш зулмсиз ҳамда тажовузсиз бўлса ва манфаат берадиган бўлса, мубоҳдир, ман қилинмагандир».

Эслатма: Бу китобда энг афзал асрда яшаб, ижтимоий муомалалар бўйича оламга олий мақом намуна тақдим этган кишилардан нақл қилинган тарбия, ахлоқ ва одобга тўла матнлар жамланган. Уларни ҳаётимизга татбиқ қилишга муваффақ айласин!

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади.Отам билан ансорий саҳобалар яшайдиган жойга улар ўлмасларидан олдин илм олиш ниятида бордик.Биринчи давоми...

2365 11:02 / 31.08.2020
Онанинг фарзанддаги ҳаққи отаникидан устун экани кўпчилик биладиган маълумот. Аммо ўша ҳукмнинг далили, ҳужжати қайси оят ёки ҳадисда келганини билиш ушбу давоми...

2499 11:46 / 04.06.2024
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки мўминнинг руҳи бир кунлик масофадан туриб ўзаро мулоқотда бўлади. Ўзлари давоми...

2622 19:00 / 19.11.2022
Отаси вафот этганидан кейин мусулмон фарзанд отасининг акаукаларини худди отасини эъзозлагандек эъзозлаши, уларни ота ўрнида кўриши лозимлиги шариатимизнинг давоми...

3139 11:06 / 14.01.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021