1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Аллоҳ дунёда бир нарсани кўтарса, вақти келиб уни туширади

09:00 / 19.08.2025 2362 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Азбо исмли туялари бор эди. Жуда тез югурарди. Араблар туя мусобақасидан маза қилишарди. Қавмнинг пайғамбари ҳам улардан бўлади-да. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам улар билан мусобақа қилиб турар эдилар. Азбо мусобақада ғолиб бўлса, саҳобалар бундан хурсанд бўлишарди.

Бир куни бир аъробий келди. Туяси билан мусобақада қатнашди. Унинг туяси ғолиб бўлди. Азбо мағлуб бўлди. Саҳобалар бундан маҳзун бўлишиб: «Азбо енгилди!» дейишди!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардаги маҳзунликни кўргач, дедилар:

إن حقا على الله أن لا يرفع شيأ من الدنيا الا وضعه

«Аллоҳ дунёда бир нарсани кўтарса, албатта, вақти келиб уни туширади!»

Нафснинг мубоҳ ишлардан роҳатланиши дурустдир. У иймонни камайтирмайди. У шахсий виқорни айбламайди. Ҳаётдаги барча нарсалардан ўзни четга олиш бу диннинг мақсади эмас. Бор-йўғи Аллоҳ таоло биздан бу ҳаётга шариатига мувофиқ шўнғишимизни, ҳазиллашишимизни, сайлгоҳларга чиқишимизни, зиёратларга боришимизни, бозорларда юришимизни, тижорат қилишимизни истайди, холос! Аллоҳнинг ҳимоясида яшаш дунё жаннатларидан бир жаннатдир! Уни яшаш керак!

Иймонингиз қанчалар юксалган бўлмасин, тавозули бўлинг. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам етган нарсаларнинг заррасига ҳам эриша олмайсиз. Мана, у зот қавмлари билан мусобақада иштирок этяптилар. Ғалаба қозоняптилар, мағлуб бўляптилар. Ҳатто мағлубиятни очиқ қалб билан қабул қиляптилар. Ақида дарсларидан бир дарс беришни ғанимат биляптилар.

Қанчалар катта салтанатга, обрў ва мол-дунёга эга бўлманг, Сулаймон алайҳиссалом эришган нарсаларнинг заррасига ета олмайсиз. Сулаймон алайҳиссалом йўлда тўхтаб, чумолининг гапини эшитиб табассум қилган эдилар.

Тақво ҳаётдан ажралишда эмас, ҳаромдан ажралишдадир!

Аллоҳ таоло: «Бугунги кунда Мен сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизларга неъматимни тугал этдим. Сизларга Исломни дин деб рози бўлдим» (Моида сураси 3-оят) оятини нозил қилгач, барча саҳобалар хурсанд бўлишди. Аммо Абу Бакр розияллоҳу анҳу хафа бўлдилар ва: «Мукаммал бўлган нарсада нуқсон бошланади!» дедилар.

Энди ўйлаб кўринг, бир пайтлар тобелари бу сайёрани буюклик ва иқтидор ила бошқарган, башарият маданиятига етакчи бўлган дин замон айланиб тобелари нуқсонга йўл қўйганидан сўнг улар ила ортда қола бошлади. Энди бугун дунёда ҳукмрон бўлиб турган ботил узоқ турармиди?! Йўқ! Аллоҳга қасамки, узоққа бормайди. Бугун ботилнинг чўққига чиққани унинг заволи яқинлигини билдиради. Кеч соатларининг бошланиши тонг отишига ишорадир!

Ёдингиздан чиқмасин! Азбо нега мағлуб бўлди? Негаки, Аллоҳ дунёда бир нарсани кўтарса, албатта, куни келиб, уни туширади!

Азбо энди бир ҳайвон. Бу башарият фожирликда энг баланд чўққига чиқса, Аллоҳ уларни пастга туширмайди деб ўйлайсизми?!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
101. Яна ўша кишидан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби, мўмин уни қаерда топса ҳам давоми...

6347 17:26 / 07.07.2018
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳнинг насроний қўшниси бор эди. У баландроқ ерда ҳожатхона қурган эди. Ҳожатхонадан Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳнинг уйига нажосат сизиб давоми...

2288 12:04 / 10.01.2023
Ҳаётда турли вазият юзага келиб, қаршимиздан биз кутмаган муаммолар чиқиб қолади. Ана шундай муаммолар ечим сифатида гоҳида бировдан қарз сўрашга мажбур бўламиз. давоми...

2130 13:45 / 10.07.2024
Ҳужжатулислом Абу Ҳомид Ғаззолий айтадиларАллоҳ таолонинг сифатлари борасида ҳам аксар инсонлар идрок қилолмайдиган махфий нарсалар бор.Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2342 09:00 / 10.09.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021