1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Абу Ҳанифанинг ҳарислиги

09:45 / 04.09.2025 1242 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ одамлар муҳаббатини овлашга ишқибоз, улар билан дўстликни бардавом этишга ҳарис эди. Ривоятлардан маълумки, гоҳида унга нотаниш бўлган бирор кимса имом ўтказаётган илм мажлиси олдидан ўтиб қолар ва у билан ўлтириб, ҳамсуҳбат бўлиш, илмидан истифода этиш каби мақсадларсиз шунчаки қизиқиб, даврага келиб қўшиларди. Лекин, мажлис интиҳосига етганда, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ундан ҳол-аҳвол сўрарди. Агар у камбағал бўлса, ёрдам қилар, бемор бўлса, бориб зиёрат қилар, бирон ҳожати бўлса, раво қиларди. Бора-бора ўша бегона киши ҳам қандай қилиб Абу Ҳанифанинг мухлисларидан бирига айланиб қолганини сезмай қоларди.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ кундузлари соим, тунлари қоим, саҳарлари истиғфорда, қалби Қуръонга ошно эди. У зотнинг тоатга бунчалик берилишига, ибодатда бу қадар ғайрату шижоат кўрсатишига сабаб бўлган нарсалардан бири ушбу воқеадир:

«Бир куни у бир жамоага дуч келди. Иттифоқо уларнинг ўзи ҳақида шундай деётганларини эшитиб қолди: «Сизлар кўриб турган мана бу киши тунда ухламайди!». Бу сўзлар унинг қулоғига чалиниши ҳамон, у ўзига-ўзи шундай деди: Мен одамлар қошида Аллоҳ ҳузуридаги ҳолатимнинг хилофида эканман. Аллоҳга қасамки, шу соатдан бошлаб, одамлар мен ҳақимда килмайдиган ишимни гапирмагайлар. Бугундан бошлаб, то Аллоҳ билан учрашадиган онимга қадар кечаси ёстиққа бош қўймаганим бўлсин».

Ўша кундан бошлаб Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ кечанинг ҳамма қисмини имкон қадар ибодат-ла, иҳё қилишга қунт қила бошлади…

Қоронғулик ўз чойшабини бутун борлиққа ёзиб, жасадлар ётоққа таслим бўлиб, уйқуга чўмган бир вақтда у ўрнидан туриб, энг яхши либосларини кияр, соқолини тарар, хушбўйланиб, зийнатланар, сўнгра маҳбубининг висолига ошиққан ҳабиб мисоли виқор билан меҳробида саф тортарди. Туни билан хушуъ ила қиёмда тик турган ёки қаддини эгиб мусҳафга мук тушган ва ёхуд икки қўлини илтижо билан осмонга кўтарган ҳолда тонг оттирарди.

Баъзида, туннинг ҳаммасини бир оят билан қоим қиларди…

Ривоят қилинишича, у бир кечанинг ҳаммасини Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзини такрор-такрор уқишлик билан ўтказмиш:

ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ

«Ҳа, уларга ваъда қилинган вақт Соатдир. Ва у Соат офатлироқ ва аччиқроқдир» (Қамар сураси, 46-оят).

Шу оятларни қайта-қайта ўкир экан, у Аллоҳ қўркувидан, қалб торларини чок-чокидан сўкиб ташлайдиган бир йиғи ила йиғларди. Аччиқ ғусса томоғига қадалиб, юракларни эзиб ташлайдиган шаклда ҳўнграрди.

Унинг қарийб қирқ йил давомида узлуксиз суратда субҳ намозини хуфтоннинг таҳорати билан ўқигани ривоят қилинган. Вафот топган жойида Қуръони Каримни етти минг марта хатм қилган эди.

Залзала сурасини ўқиганда Абу Ҳанифанинг аъзойи баданини титрок босарди. Қалбини қўркув қопларди, қўли билан соқолини тутамлаганча, шундай дерди:

Эй, бир зарра мисқолича яхшиликка яхшилик билан мукофот берувчи…

Эй, бир зарра мисқолича ёмонликка ёмонлик билан жазо берувчи…

Қулинг Нўъмонни дўзах ўтидан асра…

Қулинг билан уни дўзахга яқинлаштирувчи нарсалар орасини узоқ қил…

Ва уни бепоён раҳматингга дохил эт, эй, раҳмлилар раҳмлиси.

Доктор Абдураҳмон Раъфат Пошонинг
«Тобеинлар ҳаётидан лавҳалар» китобидан.
Таржимон: Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Аҳли ҳадис, ва .аҳли раъй, деган истилоҳлар қаердан келиб чиққан Булар кейинги келган уламоларнинг истилоҳидир. Бу атамалар ҳижрий учинчи асрдан кейин, .Қуръон давоми...

954 12:53 / 27.05.2025
Нима учун .Сунан, китобларида бир ҳадиснинг тахрижи ёки тахриж бўлмагани ҳақида ихтилоф бор Чунки ўша китобларни ёзган имомларнинг ўзлари қўйган шартлари давоми...

826 11:03 / 14.09.2025
Одамлар орасида, жамоат намозларида баъзи бировларнинг имомнинг орқасида туриб сураи фотиҳа ўқиётганини кўрамиз. Имомга иқтидо қилган одам қироат қиладими давоми...

7134 16:15 / 28.03.2017
Ривоятларда келишича, Кўфада Алий ибн Абу Толиб ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо билан бирга Бадрда қатнашган 70 та саҳобий яшаган, улардан ташқари яна 1500 та саҳоба давоми...

1221 10:45 / 01.06.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021