1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Унга нима бермоқчисан?

16:40 / 20.09.2025 1381 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Омир ёш гўдак эди. Бир куни уни онаси чақирди:

- Бу ёққа кел, сенга бир нарса бераман!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерда ўтирган эдилар. Абдуллоҳнинг онасидан сўрадилар:

- Унга нима бермоқчисан?

Аёл деди:

- Хурмо бермоқчиман.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

Агар ҳеч нарса бермаганингда сенга бир ёлғон ёзилар эди!

Ислом болалар тўғри тарбия қилинишини истайди. Токи келажакда эзгулик юкини гарданига олишга муносиб бўлсин. Ўзида ҳеч нарса бўлмаган киши бошқага ҳеч нарса бера олмайди. Болалар келажагимиз экан, ислом эртани кафолатлаш учун уларни чиройли тарбия қилишга жиддий қарайди. Тарбия илми мутахассисларининг айтишича, ўсмир ёшдаги боланинг шахсиятини даволашдан кўра гўдакнинг шахсиятини тарбия қилиш осонроқ!

Шунинг учун тарбияни барвақтроқ бошлаш матлубдир.

Болалар йиғлаганда овутиш учун уларга ваъда бериб бажармаслик ёки йиғлаган болаларни олиб кетадиган қанақадир қўрқинчли махлуқларни айтиб, уларни жим қилишга уриниш, аввало, ёлғон, қолаверса, болаларнинг руҳиятини қатл қилишдир!

Болалар экиндир, янги ниҳолдир. Биз нима эксак, шуни ўрамиз. Болани қўрқитиб тарбия қилинса, у жазодан қутилиш учун ёлғон гапиришни ўрганади. Бола қўрқитиб тарбия қилинса, қаттиққўлликни ўрганади, интиқом олиш ҳисси кучли бўлиб улғаяди. Бола ёлғон билан тарбия қилинса, бошқаларга ишончни йўқотади. Талтайтириб, жуда кўп эркалаб тарбия қилинса, бемулоҳаза ва ахлоқсиз одам бўлади. Хўрлаб, қадрини ерга уриб тарбия қилинса, билиб-билмай у хорликка кўникади, шарафни ҳис қилмайдиган бўлади. Худбинликка ўргатилса, очкўз, тамагир бўлиб қолади.

Бола кичкина ниҳолдир. Ниҳолингизни қандай ўстираётганингизга эътибор беринг. Шоир айтади:

Шохларини, балки, эга олгайсан,

Аммо танасини бука олмайсан!

Болаларга ёмон тарбия бериб, ёшлигидаёқ увол қилмайлик. Оилавий жанжалларга тўла муҳитда, ёлғон, ҳурматсизликни кўриб ўсган боладан кексайганимизда яхшилик кутмайлик!

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бир киши фарзандининг итоатсизилигидан шикоят қилиб келди. Ҳазрати Умар ўғилни чақиртириб сўрадилар:

Отангнинг сенда ҳақлари борлигини билмайсанми?

Бола деди:

Биламан, эй мўминлар амири. Аммо менинг ҳам у кишининг устида ҳақларим борми? Умар розияллоҳу анҳу дедилар:

Албатта, бор. У сенга одамлар айбламайдиган она танлаши керак. Сенга яхши исм қўйиши лозим. Сенга одоб ва тарбия бериши керак!

Бола деди:

Отам менга чўридан она танлаган. Бошқа ака-укаларимнинг оналари ҳур аёллар. Улар мени «чўрининг ўғли» деб чақиришади. Менга «Жуал» (қўнғиз) деб исм қўйган. Менга фақатгина мол боқтиради. Мен ҳадис ҳам, Қуръон ҳам билмайман! Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шунда унинг отасига дедилар:

- У сенга эмас, сен унга оқ бўлибсан!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дуо ибодатнинг илигидир,, ndash деганлар. Термизий ривояти. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Роббингиз хаёли ва давоми...

41309 17:00 / 01.12.2022
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли давоми...

2401 09:00 / 25.07.2023
Аллоҳ таоло Моида сурасида шундай марҳамат қилади ٩٠ ٩١.Эй имон келтирганлар Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар ифлосдир. давоми...

2293 13:00 / 06.12.2021
Ибодатларга лоқайд бўлмаслигимиз керак. Аёллар намозларини қолдирмасликлари лозим, эркаклар эса уйларида нафл намозлар ҳам ўқиб туришлари керак.Уйимизда давоми...

3239 15:00 / 29.11.2021