1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Кўп зикр қилишнинг фазилати

05:06 / 22.10.2025 2508 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَقِيتُ إِبْرَاهِيمَ لَيْلَةَ أُسْرِيَ بِي فَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ، أَقْرِئْ أُمَّتَكَ مِنِّي السَّلَامَ، وَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ الْجَنَّةَ طَيِّبَةُ التُّرْبَةِ عَذْبَةُ الْمَاءِ، وَأَنَّهَا قِيعَانٌ وَأَنَّ غِرَاسَهَا: سُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ ِللهِ وَلَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَاللهُ أَكْبَرُ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга исро қилдирилган кечада Иброҳимга йўлиқдим. У менга:

«Эй Муҳаммад! Мендан умматингга салом айт. Уларга жаннатнинг тупроғи поклиги, суви ширинлиги, ўзи текис экани, ундаги дарахтлар(нинг баҳос)и «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканининг хабарини бер», деди», дедилар».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам исрода бўлган кечада жуда ҳам муҳим ишлар бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз. Ушбу ҳадиси шарифда мазкур муҳим ишлардан бири айтилмоқда.

Исро кечасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан аввал ўтган баъзи пайғамбарларга, жумладан, Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдилар. У зот Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муҳим гап айтдилар:

«Эй Муҳаммад! Мендан умматингга салом айт».

Иброҳим алайҳиссаломнинг салом айтишлари уммати Муҳаммадга мансуб ҳар бир мўмин учун буюк шарафдир.

«Уларга жаннатнинг тупроғи поклиги, суви ширинлиги, ўзи текис экани, ундаги дарахтлар(нинг баҳос)и «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканининг хабарини бер».

Бу жумладан тупроғи пок, суви ширин, ўзи текис бўлган жаннатдан бир дарахт сотиб олиш учун тўланадиган баҳо «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни бир марта зикр қилиш эканини билиб оламиз.

Ушбу зикрни қанча кўп айтсак, жаннатдаги дарахтларимизнинг сони ҳам шунча кўпайиб бораверади.

Бу ривоятдан уммати Муҳаммадияга анбиёларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ҳам зикрни кўпроқ қилишни тавсия қилганлари келиб чиқади. У зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида мазкур тавсияни саломга қўшиб етказиб қўйишни сўраган эканлар.

«Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» калимаси жаннат боғларининг кўчати экан. Уни бу дунёда кўп айтиб юрган банда жаннатга кирар экан ва бу калимани неча марта айтган бўлса, жаннатдаги боғида шу айтган ададича кўчатлари бўлар экан.

Шундай экан, «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни иложи борича кўпроқ айтишга ҳаракат қилайлик.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 2 августдаги 02-07/6202-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Азон ва иқоматни эшитган киши муаззин нима деса, ўшани такрорлайди. Фақат .Ҳаййа ъалал солаҳ, Ҳаййа ъалал фалаҳ,, деганда .Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ,, давоми...

2489 09:44 / 24.01.2025
Ҳумайд Аъраж роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади.Ким Қуръон ўқиб, сўнгра дуо қилса, унинг дуосига тўрт минг фаришта омин, деб туради,.Дорамий ривоятлари.

3278 18:22 / 09.08.2023
Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин фил аввалийна ва солли ъала Муҳаммадин фил ахирийна ва солли ъала Муҳаммадин фин набиййийна ва солли ъала давоми...

1705 08:25 / 07.12.2024
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачон бир банда ихлос билан .Лаа илааҳа иллаллоҳ,ни айтса, давоми...

1485 04:27 / 21.09.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021