1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Ожизликдан паноҳ сўраш

07:56 / 19 январь 1212 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَمِّ وَالْحَزَنِ، وَالْعَجْزِ وَالْكَسَلِ، وَالْجُبْنِ وَالْبُخْلِ، وَضَلَعِ الدَّيْنِ وَغَلَبَةِ الرِّجَالِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Биз «ғам» деб таржима қилган сўзимиз араб тилида «ҳамм» дейилади ва кутилаётган ишдан кўнгил ғаш бўлиши ва қўрқиш маъносини билдиради.

Маҳзунлик эса бўлиб ўтган ишдан хафа бўлишни англатади.

Ожизлик сўзининг луғавий маъноси бир нарсадан кеч қолиш ва заифликни лозим тутишдир. Яна бир нарсани қилишда камчиликка йўл қўйишни ҳам билдиради. Умумий маънода қудратсизликни англатади.

Дангасалик луғатда бир ишни қилишга имкони ва қудрати бўла туриб, баданининг роҳатини кўзлаб, ўша ишни тарк этишини билдиради.

Кўрқоқлик ҳам энг ёмон сифатлардан биридир. Қўрқоқ одам ҳар қандай пасткашликка боради. Ҳатто шариатга, динга хилоф иш қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таолодан қўрқоқликдан ҳам паноҳ сўраш керак.

Бахиллик ҳам жуда ёмон хислат. У кўп одамнинг бошига бало-офатларни, фалокатларни олиб келадиган сифатдир. Бахил кишини қариндош-уруғи ҳам, аҳли аёли ҳам ёмон кўради, ўзининг охиратдаги аҳволи ҳам ёмон бўлади. Аллоҳ булардан Ўзи сақласин.

Қарздорликнинг кучайиб кетишидан мурод унинг оғирлашиши ва шиддатлашиши бўлиб, қарздорнинг ноилож қолишидир.

Ўтган азизларимиздан бирлари: «Агар қалбга қарзнинг ғами кирса, албатта, ақлдан унга қайтиб келмайдиган нарсани чиқаради», деганлар.

«Одамларнинг ғолиб келиши» иборасида эси паст ва таги пастларнинг устун бўлиши кўзда тутилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги дуо жамловчи дуолардан ҳисобланади.

Зотан, разолат уч турли бўлади: нафсоний, жисмоний ва хорижий.

Нафсоний разолат инсондаги нафсоний қувватларга боғлиқ бўлади. Ғам ва маҳзунлик ақлий қувватга, қўрқоқлик ғазаб қувватига, бахиллик шаҳвоний қувватга боғлиқ бўлади.

Жисмоний разолат бадандаги қувватга боғлиқ бўлади.

Ожизлик разолати кўпроқ бадандаги аъзоларда нуқсон борлигида юзага келади.

Дангасалик разолати эса кўпроқ бадандаги аъзолар соғ-саломат ва қувват баркамол бўлган пайтда бўлади.

Хорижий разолат ноўрин шиддат ва бошқаларга устунлик қилишдан иборат бўлиб, бири молга, иккинчиси мансабга боғлиқ бўлади.

Ушбу дуода разолатнинг барча турларидан паноҳ тиланмоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 2 августдаги 02-07/6202-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар намоздан фориғ бўлсалар .Лаа илаҳа иллаллоҳу давоми...

1339 10:23 / 24.03.2025
. . Умора ибн Шубайб асСабаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Шомдан кейин ўн давоми...

1390 05:41 / 08.11.2025
Умму Рофиъ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга .Эй Расулуллоҳ, менга бир амални кўрсатингки, у билан Аллоҳ менга ажр давоми...

4347 13:07 / 17.01.2020
.Аллоҳумма ла таҳримний роиҳата наъиймика ва жаннатик, Эй Раббим, неъматларинг ва жаннатингнинг ҳидидан мени маҳрум қилма, дейилади. Имом Нававийнинг .АлАзкор, китобидан

3891 11:39 / 13.01.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021