1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Биз енгил қилиш учун юборилганмиз!

20:34 / 23 февраль 621 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда саҳобалари билан ўтирганларида бир аъробий кириб келди ва:

- Аллоҳим! Мен билан Муҳаммадга раҳм қил. Биздан бошқа бирортага раҳм қилма!, - деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга айтдилар:

- Мунча қаттиқ турдинг, кенг нарсани тор қилиб қўйдинг-ку!

Сал ўтиб ўша аъробий масжиднинг бир бурчагига бориб, бавл қила бошлади. Саҳобалар уни қайтариш учун югуриб туришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

- Унинг ҳожатини тўхтатманглар, ўз ҳолига қўйинглар, - дедилар.

Аъробий ишини битиргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у бавл қилган жойга ишора қилиб:

- Устидан бир пақир сув қуйиб юборинглар, дедилар. Сўнгра уларнинг эътиборларини жамлаб, Аллоҳнинг динига даъват қилишда керак бўладиган буюк дарсни бердилар:

- Сизлар енгил қилиш учун юборилгансизлар, оғир қилиш учун эмас!

Бир киши шариатга терс келган мақтов билан мақтаса, асло уни қабул қилманг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аъробийнинг: «Аллоҳим! Менга ва Муҳаммадга раҳм қилгин. Биздан бошқа бирортага раҳм қилма!» деган сўзларига рози бўлмадилар. Аллоҳнинг раҳмати кенглигини, ҳеч кимга уни торайтириш ҳаққи берилмаганини тушунтирдилар.

Ибн Ҳониъ Андалусий Андалусда Ҳожиб Мансурнинг хузурига кириб: «Қадарнинг истагани эмас, сенинг истаганинг бўлади. Сен ҳукм қил, сен Воҳид ва Қаҳҳорсан. Сен гўё пайғамбар Муҳаммадсан. Сенинг ёрдамчиларинг гўё ансорлардир!» деди. Ҳожиб Мансур уни дарралашга амр қилди ва: «Аллоҳга қасамки, бундан сўнг сен билан мен битта заминда яшамаймиз», деди. Сўнгра уни Мағрибга сургун қилдирди.

Инсон ўзининг турмуш тарзига, шароит ва табиатга ўрганиб қолади. Ўша аъробий ҳам ҳожати қистаган жойда ҳожат чиқаришга одатланган эди. Набий алайҳиссалом унга юмшоқлик ва сокинлик ила муомала қилдилар. Ваҳоланки, саҳобаларини тарбия топиб пишиб етилиши учун тойилганларида адабларини бериб турардилар. Мисол учун ансорлардан бир кишининг қўлидаги тилла узугини ечиб олиб ерга улоқтирган ва унга шундай деган эдилар: «Сизлардан бировингиз дўзахдан бўлган чўғни олиб қўлига тақиб олади-я!».

Инсонлар билан муомала қилаётган пайтда уларнинг табиатлари ва одатларини билиб олинг.

Ақлли инсон ишнинг оқибатини билиб, сўнгра энг зарари озини танлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни уни бавл қилишдан тўхтатишларига йўл бермадилар. Чунки бу зарар эди. Агар улар тўхтатишганда у кийимларини ҳам нажас қиларди. Сийдиги масжиднинг бошқа ерларига ҳам сачрарди ва ҳоказо...

Бундай тутум Аллоҳ томон даъват қилаётганлар учун буюк асосдир. Бир зарардан тўсиш бошқа каттароқ зарарга олиб бормаслиги лозим.

Сиз енгил қилиш учун юборилгансиз, оғир қилиш учун эмас! Аллоҳ таоло қилич билан очилмайдиган қалбларни юмшоқлик билан очади. Қаттиққўллик ва шиддат билан ҳидоят топмаган инсонларни юмшоқлик ила ҳидоят қилади. Гуноҳкор инсон агар даъватчида муҳаббат ва шафқатни кўрмаса, нима нарса уни гуноҳни тарк қилишга ундайди?! Қаттиққўллик ва қўполлик билан айтилган мавъиза кўпинча кишиларни гунох ва саркашликда давом қилишларига сабаб бўлади. Бизнинг вазифамиз инсонларни Аллоҳ томон олиб боришдир. Уларнинг қадамларини йўлга қўйиб қўйишдир. Биз Аллоҳ билан бандалари ўртасида туриб олмаслигимиз лозим!

Биз енгил қилиш учун юборилганмиз!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига сабаб ўлимни унутишларидир. Ўлимини ўйламаган одам ҳар қандай гуноҳни тап тортмай давоми...

3558 17:30 / 02.06.2020
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Жоним қўлида бўлган Зот давоми...

2791 10:14 / 25.01.2025
Ибн Баттол .Саҳиҳи Бухорий,нинг .Илм, китобини шарҳлар экан, Имом Моликнинг шогирди Яҳё ибн Яҳёдан шундай нақл қилади .Аллоҳ қалбимга солиб, Имом Молик ибн Анаснинг давоми...

4742 19:00 / 06.05.2024
Бошқа ибодатлардаги каби, садақа ва хайрэҳсонда ҳам фарзу вожибдан кейинги ўринда ихтиёрийси туради. Албатта, садақанинг бу тури ҳам соҳибининг ўзига катта давоми...

4170 16:00 / 01.09.2021