1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қиёмат куни уч тоифага Аллоҳ гапирмайди | Cийрат дарслари (368-дарс)

00:00 / 28 февраль 272 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

863. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифага Аллоҳ Қиёмат куни гапирмайди, назар солмайди ва покламайди, уларга аламли азоб бўлади: очиқ жойда олдидаги ортиқча сувни йўқсил йўлчига бермаган одамга; асрдан кейин аслида шундай бўлмаса ҳам бир кишини ишонтириб, «мен буни мана шунчага олганман» деб (ёлғон) қасам ичган ва унга молини ўтказган одамга; бир имомга дунё учун байъат қилиб, агар у бир нарса берса, унга вафо қилиб, бермаса, вафо қилмаган одамга», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

 Бошқа ривоятда бундай келган: «Савдо молига бундан кўра кўпроқ нарх берилди, дея ёлғондан қасам ичган одам; бир кишининг мол-мулкидан ўзлаштириб олиш учун асрдан кейин ёлғон қасам ичган одам; ортиқча сувини бермаган одам. Аллоҳ Қиёмат куни: «Худди сен ўзинг қилмаган нарсанинг ортиқчасини бермаганинг каби бугун сендан фазлимни ман қиламан», дейди».

Бухорий ривоят қилган.

864. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифага Аллоҳ Қиёмат куни гапирмайди, назар солмайди ва покламайди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни уч марта қироат қилдилар. Шунда Абу Зарр: «Ноумид бўлишибди, ютқазишибди. Улар кимлар, эй Аллоҳнинг Расули», деди. «Иштонини судраб юрувчи, миннатчи ва савдо молини ёлғон қасам билан ўтказувчи», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

865. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат куни уч тоифага Аллоҳ гапирмайди, уларни покламайди ва уларга назар ҳам солмайди, уларга аламли азоб бўлади: зинокор чол, каззоб бошлиқ ва мутакаббир камбағал».

Бухорий ривоят қилган.

Бошқа ривоятда: «Тўрт тоифани Аллоҳ азза ва жалла ёмон кўради: серқасам савдогар, кибрли камбағал, зинокор чол ва жабрчи имом», дейилган.

Насоий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

866. Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

(Яъни, фаржи ва тилини асраса. – Тарж.)

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
382. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саламанинг устига кирганларида, унинг кўзи очилиб қолган эди. Шунда у давоми...

4754 13:00 / 03.07.2020
364. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда бўйрадан капа тутдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3738 19:00 / 02.02.2024
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Билол барний навли хурмо келтирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга .Бу қаердан, дедилар. давоми...

7485 15:30 / 14.05.2021
321. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларни ҳар намоздан давоми...

3261 19:00 / 01.12.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар