1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ал фақру фахрий

10:15 / 24.03.2017 3784 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: “Халқ орасида тарқалган “Ал фақру фахрий” яъни, фақирлик менинг фахримдир, деган гап ҳадисми ёки йўқми?


Жавоб: Мазкур ривоятнинг тўлиқ матни “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру”дир. Яъни, фақирлик (камбағаллик, қашшоқлик) менинг фахримдир ва мен у билан фахрланаман”.

Муҳаққиқ олим Мулла Али Қори Ҳанафий ўзларининг “Мирқотул мафотийҳ шарҳу Мишкотил масобийҳ” номли машҳур асарларида (14-жуз, 356-бет) шундай деганлар: “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” ривояти Пайғамбаримиз номларидан айтилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ва бошқа олимлар айтганларидек, бу ривоятнинг исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима) ва “ботил”дир”. Мазкур китобнинг 15-жузи, 150-бетида: “Ҳофиз Асқалоний ва бошқа ҳофизлик даражасига етган олимлар очиқ-ойдин (равшан, аниқ) баён қилганларидек, бу ривоятнинг асли-асоси йўқ, ботилдир”, дейилган.


Муҳаққиқ муфассир Олусий “Руҳул маъоний” тафсирида (7-жуз, 267-бет): “Ал фақру фахрий” хабари асли-асоси йўқ, кизб (ёлғон)дир”, деган. Мазкур тафсирнинг 20-жузи, 422-бетида: “Халқ орасида тарқалган бу ривоятнинг асли-асоси йўқ”, дейилган. Мазкур тафсирнинг яна 23-жузи, 13-бетида: “Халқ орасида тарқалган “Ал фақру фахрий” ривояти Ибн Ҳажар Асқалоний айтганидек, исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима), “ботил”дир”, дейилган.

Шайх Бакр Абу Зайд “Мўъжамул маноҳил лафзийя” китобида (21-жуз, 21-бет): “Халқ орасида тарқалаётган “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” лафзини Ҳофиз Ироқий  ва Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийлар: “Исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима), “ботил”дир”, дейишган”, дейди.

“Ат талхийсул ҳабийр фий тахрийжи аҳодийсир Рофеъиййил-кабийр” китобида (4-жуз, 156-бет): “Имом Санъоний мазкур ҳадиснинг “мавзуъ” (сохта, тўқима) эканига жазм қилган яъни, аниқ ишонч ҳосил қилган”, дейилади.

Мазкур ривоятнинг исноди “мавзуъ” бўлиши билан бир қаторда яна “ботил” дейилишининг сабаби, бу ривоят мазмун жиҳатидан қуйидаги саҳиҳ ҳадисга зиддир. Абу Бакра (ра) айтадилар: “Пайғамбаримиз ҳар намоздан сўнг: “Эй Аллоҳ, мен куфр, фақирлик ва қабр азобидан паноҳ беришингни сўраб илтижо қилурман”, деб дуо қилардилар” (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ҳокимлар ривояти).

“Тафсири Нисобурий” муаллифи (7-жуз, 151-бет): “Агар бу ривоят саҳиҳ бўлганида эди, бу “фақирлик” бошқа маънодадир, масалан: “Аллоҳ таолога бўлган муҳтожлик” деб, таъвил қилган бўлар эдик”, деганлар.

Муҳаққиқ уламолар айтадилар: “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” ривояти “кизб” (ёлғон), “мавзуъ” (сохта, тўқима), асли йўқ бўлиб, ҳадис билимдонларининг бирортаси Пайғамбаримиздан ривоят қилмаган. Қолаверса, маъноси ҳам ботил. Зеро, Пайғамбаримиз ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган фазилатлар билан асло фахрланмаганлар. Балки, кўп ҳадисларида: “Мен қиёмат куни Одам болаларининг саййидиман, аммо бундан фахрланмайман. Қиёмат куни биринчи бўлиб менинг қабрим очилади, аммо бундан фахрланмайман. Биринчи шафоат қилувчи ҳам, биринчи шафоат қилингувчи ҳам мен бўламан, аммо бундан фахрланмайман. Қиёмат кунида менга "Ливоул ҳамд" (мақтов байроғи) берилади, аммо бундан фахрланмайман. Жаннатга ҳам биринчи бўлиб кираман, аммо бундан фахрланмайман...”, деганлар” (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).


Абдул Азим ЗИЁУДДИН



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло марҳамат қилади Албатта одамлар Аллоҳга ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламларга ҳидоят маёғи бўлган давоми...

3343 14:05 / 24.03.2017
Аллоҳ таоло инсонларни яратган экан, уларнинг барча эҳтиёжларини ҳам Ўзи қондиради. Шунинг учун ҳам доим Унинг ўзигагина сиғиниш ва Ўзидангина ёрдам сўрашга давоми...

5207 14:05 / 24.03.2017
Барчамизга маълумки бугунги кунда ислом ёки мусумлон деганда ғарб халқларининг фикри 2001йил 11 сентабр воқеаларидан сўнг бир хил яъни улар терроситларrdquo. Савол давоми...

3180 21:28 / 21.04.2017
Спорт мусобақаларида қатнашувчилар зафар қозонишлари учун йил бўйи тайёргалик кўришлари ҳаммамизга маълум. Демак биз ҳам ғолиб бўлиш учун тайёргарлик кўришимиз давоми...

3838 21:14 / 18.06.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021