1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозни кесадиган нарсалар

05:00 / 09.01.2017 5731 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки бирингиз намозга турса, унинг ҳузурида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса бўлса, сутра қилиб олади. Қачонки унинг олдида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса бўлмаса, унинг намозини эшак, аёл киши ва қора ит кесади», дедилар. Мен:
«Эй Абу Зарр қора итнинг қизил итдан, сариқ итдан нима фарқи бор?» дедим. У:
«Эй биродаримнинг ўғли, мен ҳам сен мендан сўрагандек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Бас, у зот:
«Қора ит шайтондир», дедилар
». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг зоҳиридан намоз ўқиётган одамнинг олдида сутраси бўлмаса-ю, унинг олдини эшак, аёл киши ва қора рангли ит кесиб ўтса, намози бузилади. 

ҳадис китобларда ушбу ҳадисни ўқиб, дарҳол ҳукм чиқаришга шошилмаслигимиз керак, балки бошқа ҳадисларни ҳам ўрганиб, ҳукм чиқаришимиз лозим дейилади.


Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган ҳадисда: 

«Қачонки, бирингиз сутрасиз намоз ўқиса, ит, чўчқа, яҳудий, мажусий ва аёл киши унинг намозини кесади. Агар улар бир тош отса етадиган жойдан ўтсалар, намози жоиз бўлади», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоятда олдинги ривоятдаги нарсаларга яҳудий, мажусий ва чўчқа қўшилмоқда. Яна мазкур нарсалар маълум масофа узоқдан ўтсалар, таъсир қилмаслиги айтилмоқда.

Лекин уламоларимиз, намоз ўқувчининг олдидан ушбу икки ривоятда зикр қилинган нарсалар кесиб ўтса, намоз бузилмайди, бироз нуқсон бўлиши мумкин холос, дейдилар. Бу эса уларнинг ҳадисларни инкор қилиб, ўз фикрларини ўтказиш учун уринишларидан эмас, балки бу масаладаги ҳамма ҳадиси шарифларни чуқур ўрганиб, қачон айтилганини текшириб чиққанларидан кейин эришган натижалардир. 

Ўша текширишлар ушбу икки ҳадисни маълум сабабларга кўра айтилгани, кейин эса бошқа ҳадислар ила насх қилинганини кўрсатади.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан Минода девордан бошқа томонга намоз ўқиб турганларида эшак миниб илгарилаб бордим. Ўшанда балоғатга етай, деб қолган эдим. Сафнинг баъзисини ўтиб туриб тушдим ва эшакни ўтлатиш учун қўйиб юбориб, сафга кирдим. Буни менга ҳеч ким инкор қилмади». 

Бешовлари ривоят қилган. 

Бошқа бир ривоятда: 

«Бас, эшак уларнинг олдиларидан ўтди ва намозларини бузмади», дейилган.

Шарҳ: ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳикоя қилаётган ушбу ҳодиса видолашув ҳажи йилида бўлган. Бу ҳаж Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги ҳажлари эди. 

Демак, бу ҳодиса олдинги икки ривоятдан кейин бўлгани аниқ. Шунинг учун бу ҳадис уларни насх қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг эшак миниб сутрасиз намоз ўқиётган кишиларнинг олдидан ўтишлари, қўйиб юборган эшаклари ҳамма намозхонларнинг олдидан ўтиб кетиши ҳамда ҳеч ким бир оғиз гап айтмаслиги, сутрасиз намоз ўқиётган одамнинг олдидан эшак ўтса, ҳеч гап йўқлигига далолат қилади. 

ҳадисдан маълум бўладики, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшликларидан кўп нарсани билган, тақводор зот бўлганлар.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«У кишининг ҳузурларида намозни кесадиган нарсалар зикр қилинди.
«Намозни ит, эшак ва аёл киши кесади», дедилар.
Бас, у киши:
«Батаҳқиқ, бизни итларга тенг қилдингизлар», дедилар.
Бошқа бир ривоятда эса:
«Батаҳқиқ, бизларни эшаклар ва итларга ўхшатдингиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида мен у киши билан қибланинг орасида бўлганим бор. Мен сўри устида ёнбошлаб ётар эдим. Агар бирор ҳожатим чиқиб қолса, у кишига юзланишни ёқтирмай, секин сурилиб чиқиб кетар эдим», дедилар
». 

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Оиша онамизнинг ҳузурларида саҳобаи киромларнинг илмий мажлис қилишлари.

2. Кейинчалик ҳам ит, эшак ва аёл киши намозхоннинг олдидан ўтса, намоз бузиладими йўқми, деб баҳслар бўлгани.

3. Оиша онамизнинг мазкур гаплардан аёлларни камситиш, деб хафа бўлганлари.

4. Оиша онамизнинг илмий мажлисларда сўзлашлари.

5. Аёл киши намозхоннинг олдидан ўтса, намоз бузилмаслиги.

6. Эр ётган хотинига қараб намоз ўқиса жоизлиги.

7. Намоз ўқиётган одамнинг қаршисидаги киши унга юзланмаслиги кераклиги.


Ўша киши розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олд томонларида ухлар эдим. Икки оёғим у кишининг қибласида бўлар эди. Қачон сажда қиладиган бўлсалар, қўл тегизар эдилар ва мен оёқларимни йиғиштириб олар эдим. Ўша кунларда уйларда чироқлар бўлмас эди». 

Икки Шайх ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадис ҳам аёл киши намоз ўқувчи одамнинг олдида ётса, ҳатто баданига тегса ҳам намоз бузилмаслигига кучли далилдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжуд намоз ўқишларига, чироқсиз тор уйда яшаганларига далилдир. Бу нарсаларнинг барчасидан ибрат олишимиз керак.


Абу Довуд, Молик ва Дора Қутнийнинг ривоятида: 

«Намозни ҳеч нарса кесмайди. Қудратингиз етгунча қайтаринг. Бас, у шайтондан бошқа нарса эмасдир», дейилган.

Шарҳ: Яъни, намоз ўқиётганингизда олдингиздан ўтувчини қудратингиз етгунча қайтаринг, у шайтондан бошқа нарса эмасдир, деганлари.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Намозхоннинг олдидан ўтган нарса унинг намозини ботил қилмаслиги.

2. Намозхон ўзининг олдидан ўтаётганни иложи борича ўтказмай қайтариши лозимлиги.

3. Намозхонинг олдини кесиб ўтиш гуноҳлиги.

4. Ким намозхоннинг олдини кесиб ўтса, шайтонга тенг эканлиги.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан чиқсалар, уч марта истиғфор айтар ва .Аллоҳумма антассалом давоми...

272758 05:00 / 04.01.2017
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, давоми...

71200 05:00 / 04.01.2017
Тийбий раҳимаҳуллоҳ дедилар.Намоздаги хушуъ дегани mdash қалбнинг қўрқувда туриши, кўзни сажда ўрнига қаратиш, ҳимматни Унга жамлаш, Ундан ўзга барча нарсадан давоми...

3206 15:30 / 18.10.2021
.Сутра,, деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади. .Сутра,ни Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари мандуб, Шофеъий ва Ҳанбалий давоми...

10003 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021