1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мўминнинг икки сифати

18:45 / 10.04.2019 6662 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Мўмин оқкўнгил ва олийжаноб (инсон)дир. Фожир эса маккор ва разил(кимса)дир” (Бухорий , Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ҳоким, Табароний ва Абу Яъло ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Бу ҳадисда икки тоифанинг сифати келтирилмоқда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳақиқий мўмин қандай бўлишини таълим бериб, фожир кимсага хос бўлган иллатни баён қилмоқдалар.

Ривоятда аввал мўминнинг сифати зикр қилиниб, кейин фожирга хос бўлган одат эслатилмоқда. Эътибор бериб қаралса, бу ерда гап кофир ёки мушриклар ҳақида кетаётгани йўқ. “Мен мусулмонман”, деб кўкрак керадиган, аммо мўминларга хос бўлган хулқ ва сифатлардан бегона бўлганлар орамизда кам эмас. Ривоятни ўрганар эканмиз, мўмин киму, фожир ким ва уларга қай тарзда муносабатда бўлиш кераклигини билиб оламиз.

Хаттобий “Маолим” китобида: “Мақтовга лойиқ мўминнинг одати ва табиати соддалик, ёмонликка кўп ҳам аҳамият беравермаслик, унинг изига тушиб, текшириб юрмасликдир. Бу унинг нодонлигидан эмас, балки олийжаноблиги ва хулқи гўзаллигидандир. Фожирнинг одати эса маккорлик, ҳийла ишлатиш, ёмонликнинг тагига етишда чуқур кетишдир. Бу унинг  ҳийлага усталиги ва пасткашлигидандир”, деган.

Ибн Асир айтади: “Мўмин содда, карами кенг ва сахий одамдир. У макр-ҳийлага уста эмас, итоатгўйлиги ва мулойимлиги билан баъзан алданиб қолиши ҳам мумкин. Одамлар бундайлар ҳақида “содда йигит”, “содда қиз”, деб қўйишади. Маккорлик эса бунинг аксидир”.

Мўмин банданинг ботини билан зоҳири бир хил бўлади. Бу нарса унинг соддадиллиги, оқкўнгиллилиги, гапирган гапи ва хатти-ҳаракатларидан билиниб туради. Мўмин банда учун бировларга нисбатан кек сақлаш, гина-кудурат кабилар ёт саналади. Яна бир тоифа одамларда эса, гарчи ўзи мусулмон бўлса ҳам, соддалик, мулойимлик деган нарсадан асар ҳам бўлмайди. Бундай кимсалар табиатида қувлик, айёрлик сифатлари устун туради. Унинг қилаётган иши, умуман тутган йўли одамларга ташқи тарафдан яхши ва манфаатли бўлиб кўриниши мумкин, аммо бундай кимса фақат ўз фойдасини кўзлайди, ўзгалар манфаати билан ҳисоблашмайди. У билан муносабатда бўлсангиз, унинг айёрлиги ва маккорлиги кўриниб қолади.

Мўмин банда кўнглида кири йўқ, оқ кўнгил бўлгани сабаб ҳаётда алданиб қолиши мумкин. Лекин буни унинг лақма эканини билдирмайди. Бу мўминнинг табиатига хос бўлиб, у ёлғон-яшиқ нарсалардан узоқ бўлгани, одамлардан яхши гумон қилгани сабаб ҳам одамларни ўзига ўхшаган тўғри ва ҳалол деб ўйлайди ва кўп ҳолларда аладаниб қолади. Аммо алданишнинг ҳам меъёри бор. Шу ўринда “мўмин бир чуқурга икки марта йиқилмайди” ҳадисини, қолаверса мўминлар сергак, ақлли, фатонатли ва фаросатли бўлишлари лозимлиги ҳақида келган тавсияларни ҳам унутмаслик лозим.

1. “Мўмин мўминнинг биродаридир. Шундай экан, мўмин биродарининг савдоси устига савдо қилиши, то ўзи воз кечмагунича биродари совчилиги устига совчи қўйиши ҳалол эмас” (Муслим ривояти).

2. “Мўмин мўмин учун бир-бирини ушлаб турувчи бино кабидир” (Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

3. “Мўмин(лар) бир киши кабидирлар. Агар унинг боши оғриса, унинг ҳамма ери оғрийди. Агар унинг кўзи оғриса, унинг ҳамма ери оғрийди” (Муслим ва Аҳмад ривояти).

4. “Одамларнинг моллари ва жонлари ундан омон бўлган (одам) мўминдир. Гуноҳ ва маъсиятни тарк қилган (одам ҳақиқий) муҳожирдир” (Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

5. “Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. У биродарига зиён келтирадиган йўлларни тўсади ва уни орқасидан ҳимоя қилади”  (Бухорий “Ал-адабул-муфрад”да ва Абу Довуд “Сунан”да ривоят қилган).

6. “Мўмин оқкўнгил ва олийжаноб (инсон)дир. Фожир эса маккор ва разил (кимса)дир” (Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривояти).

7. “Мўмин (одамлар билан) тез  эл бўладиган кишидир. Киришиб кета олмайдиган ва эл бўлмайдиган одамда яхшилик йўқ” (Аҳмад ривояти).

8. “Ҳар бир яхшиликда кучли мўмин Аллоҳ учун заиф мўминдан яхши ва севимлироқдир...” (Муслим, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

9. “Мўмин битта ичакка овқат ейди, кофир эса етти ичакка овқат ейди” (Бухорий, Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).

10. “Мўмин пешонасида тер билан вафот этади” (Термизий, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).


Муаллиф
Одилхон қори Юнусхон ҳожи ўғли
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Луқмон исмли ҳабаш қул бор эди. Хожаси унга қўй сўйишни буюрди. Луқмон қўйни сўйди. Хожаси .Қўйнинг энг яхши иккита гўштини олиб кел,, деди. Луқмон қўйнинг юраги давоми...

3086 07:30 / 08.04.2019
.Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим. ,Ушбу қисқагина оятда улкан ҳақиқат ўз ифодасини топгандир. Одамлар ва жинларнинг яратилишидан ягона давоми...

12697 09:45 / 04.04.2019
Исро ва Меърож бирбиридан фарқланади. .Исро, сўзи луғатда .кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юриш,ни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг кечалардан бирида давоми...

3489 15:00 / 28.02.2022
Қиёмат кунида банда эришадиган нажот, ютуқлар орасидаги фарқ 1. Фавзул мубин Очиқойдин ютуқ. 2. Фавзул кабир Катта ютуқ. 3. Фавзул азим Буюк ютуқ. 1ndash Фавзул мубин давоми...

6617 09:00 / 14.03.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021