1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръони Каримда ман қилинган саломлашиш

11:30 / 09.10.2020 17720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда мусулмон кишининг таниган ва танимаганга салом бериши суннат амалларидан бири ҳамда мусулмоннинг мусулмондаги вожиб ҳақлардан биридир. Зеро, саломлашиш билан инсон бошқа бир инсонга саломатлик тилайди, унинг сабабидан уларнинг ўртасида дўстлик, муҳаббат пайдо бўлади. Саломлашишнинг замирида эса, инсон бир инсон учун Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, нуқсонлардан саломат бўлишини сўраш бор. Ушбу ҳолат динимизнинг нақадар соф ва тинчликпарвар дин эканлигини кўрсатади. Шундай экан, ҳар бир мусулмон саломлашиш лафзларини ва одобларини билмоғи даркор. Унга оид ҳукмларни билиб амал қилиши лозим.

Халқ орасида шундай саломлашиш лафзлари борки, унда ўзлари билмаган ҳолда бошқа кишига саломатлик тилаш ўрнига унинг аксини, яъни ўлим тилаш ҳолати бўлиб қолади.

Аллоҳ таоло Мужодала сурасининг 8-оятида ман қилинган саломлашиш ҳақида шундай марҳамат қилади:

ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤﮥ ﮦ ﮧ ﮨﮩ ﮪ ﮫ ﮬ

«Ва ҳузурингга келсалар, сен ила Аллоҳ сен билан саломлашмаган тарзда саломлашурлар. Ва ичларида: «Шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди», – дерлар. Уларга жаҳаннам етарлидир! Унга кириб, куюрлар! У қандай ҳам ёмон жой!».

Аллоҳ таоло бу оятда яҳудийларнинг ҳийлаларини фош этиб, уларни мусулмонларга нисбатан муносабатлари қандай эканлигини ошкор қилган.

Яҳудийларнинг Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келганларида у зот билан Аллоҳ ўргатмаган тарзда сўрашишлари қандоқ бўлганини қуйидаги ривоятлардан билиб олишимиз мумкин бўлади.

Муҳаддислардан Ибни Аби Ҳотим Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан бундай ривоят қиладилар:

«Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига яҳудийлар кириб келиб:

«ас-Сому алайка эй Абул Қосим!» (яъни, сенга ўлим бўлсин эй Абул Қосим), дедилар. Оиша онамиз уларга:

«Ва алайкум ас-Сому», (сизларга ҳам ўлим бўлсин) дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Ҳой Оиша! Аллоҳ таоло фаҳш сўзларни хуш кўрмайди», дедилар. Оиша онамиз:

«Уларнинг «ас-Сому алайка» (сенга ўлим бўлсин) деганини эшитмадингизми?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам бундай жавоб қилдилар:

«Менинг «ва алайкум» (сизларга ҳам), деганимни эшитмадингми?»

Яҳудийлар ҳар бир нарсада ҳийла ишлатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга ёмонлик қилишнинг пайида бўлардилар. Ҳаттоки улар саломлашиш пайтида ҳам «Ас-Салому алайкум» (сизга тинчлик бўлсин)» дейиш ўрнига тилларини буриб, «Ас-Сому алайкум (сизга ўлим бўлсин)» деб сезилмайдиган қилиб айтишарди.

Анас ибни Моликдан ривоят қилинади: 

“Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан ўтирган эдилар. Яҳудийлардан бири келиб уларга салом берди. Унинг саломига жавоб беришди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига: “У нима деганини билдиларингизми?” дедилар. Улар: “Салом берди ё Росулуллоҳ” дедилар. У сизларга: “Саму алайкум” деди”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига “унга жавоб беринглар” дедилар ва улар жавоб беришди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийга: “Сен “саму алайкум” демадингми?” дедилар.  У:  “Ҳа” деб жавоб қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом асҳобларига: “Агар сизларга аҳли китоблардан бири салом берса, уларга “сенга ҳам” яъни “айтган нарсанг ўзинга ҳам бўлсин” деб айтинглар” дедилар.

Улар ўз қилмишларининг нотўғри эканини яхши билишарди. Шунинг учун ҳам ичларида «шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди», деб қўяр эдилар.

Оят сўнгида Аллоҳ таоло яҳудийлар дилидан қандай сўзни ўтказишган бўлса, шу ҳолда яна ўзларига эшиттириш учун нозил қилди:

«...Ва ичларида, шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди, дерлар».

Яҳудийларнинг бу қилмишлари, албатта ўз баҳосини топади.

«Уларга жаҳаннам кифоядир, унга кирурлар. У қандоқ ҳам ёмон жой!»  

Демак, ислом динидаги салом лафзи “сийн”, “лом” ва “мим” ҳарфларидан ташкил топиб, натижада “салима, саломатун” сўзи тузилиб “соғ-саломат бўлмоқ, нуқсонлардан омонда бўлмоқ ҳамда тинчлик-хотиржамлик” деган маънони беради. Агар ушбу калимадаги “лом” ҳарфи тушиб қолса “самун” яъни “ўлим” деган маънони беради. Бу саломлашиш тури эса шариъати исломияда ман қилингандир. Чунки саломлашишнинг ушбу кўриниши инсонга саломатлик тилаш эмас, балки ўлим тилашдир.

Таассуфким, юртимизнинг баъзи жойларида ҳам яҳудийларнинг ушбу сўрашишига ўхшаш саломлашиш бор. Мисол учун: “Сомайкум” лафзи билан сўрашиш. Аммо, уларнинг саломи билан яҳудийлар сўрашишининг фарқи шундаки, яҳудийлардек ёмон мақсадни ният қилмаслигидадир.

Бу, нияти яҳудийларнинг нияти каби бўлмаса ушбу салом лафзини ишлатаверсинлар, дегани эмас. Балки, буни билганларидан кейин, саломлашиш лафзини тўғрилаб, Қуръон ва суннатга мос равишда саломлашишсинлар демоқчимиз.

Шунинг билан бир қаторда юртимизда турли хил шеваларда саломлашишни ҳам кузатишимиз мумкин. Мисол учун: “ас-Салом”, “салом” ва “саломалайкум” каби салом лафзлари бор. Буларнинг барчаси маъноси тўлиқ бўлмаган, лафзи ҳадисда айтилганидек бўлмаганлиги учун биз уларни ҳадисдагидек “ас-салому алайкум” ёки “ас-салому алайкум ва роҳматуллоҳ” ёки “ас-салому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб салом беришларини истардик. Бу одобни нафақат диний мутахассис олимлар, балки мактабгача бўлган тарбия масканларида, ўрта мактабларида ахлоқ ва одоб дарсларида таълим берилиши, хусусан ҳар бир ота-она ўз фарзандларига ўргатиб боришлари зарур.


Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Замонавий тиббиёт кейинги эллик йилда ақл бовар қилмас даражада шиддат билан ривожланиб, ҳар қандай дарддан халос бўлиш умидини беришда давом этяпти. Соҳа давоми...

4390 16:10 / 25.03.2019
Мусулмонларнинг мақсади карвон эди. Қурайшнинг мақсади эса карвонни қутқариш эди. Аммо Аллоҳ таоло урушни ирода қилди ва Бадр жанги бўлиб ўтди.Расулуллоҳ давоми...

2524 12:30 / 28.02.2022
Савол Ассалому алайкум, ишроқ намози ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз, илтимос қачон ўқиш, савоби ва далиллар.Жавоб Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.Ишроқ, дегани давоми...

14219 11:03 / 28.01.2020
Одам боласи шуҳрат ва риёсат кетидан қувадиган бўлса, хатолари кўпайиши ва ношаръий ишларни қилиши эҳтимоли кучаяди. Шуҳратпарастлик ва мансабпарастлик ўз давоми...

5096 18:00 / 23.01.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021