1448 йил 14 муҳаррам | 2026 йил 30 июнь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Амалларда сон эмас, сифат муҳим!

17:00 / 10.03.2019 4645 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барчамизга маълумки, намоз улуғ ибодатлардан бўлиб, бу ибодатни бажариш орқали банда кўп ажр-мукофотларга эришади. Бундан ташқари, ҳадисларда баъзи нарсалар ҳақида хабар берилган бўлиб, улар намознинг савоби янада кўпайишига сабаб бўлади. Қуйида шу ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Жамоат намози

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Жамоат намози ёлғиз ҳолда ўқилган намоздан йигирма етти баробар афзал” (Муттафақун алайҳ).

Бошқа ривоятда банда таҳоратни мукаммал тарзда бажариб, намозни хушуъ билан адо этсагина бу фазилатга эришиши айтилган.

Демак, намозни жамоат билан ўқиш уйда ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража устун экан. Қайси банда кўпроқ савобга эришишни хоҳласа, масжидларга қатнаб, жамоат билан намоз ўқиши керак.

Намоздан аввал мисвок ишлатиш

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Мисвок билан (ўқилган) намоз мисвоксиз (ўқилган) намоздан етмиш даража афзал” (Аҳмад, Дорақутний, Баззор, Абу Яъло, Ибн Хузайма “Саҳиҳ”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган ва: “Бу ҳадис Муслим шартига кўра саҳиҳ”, деган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Мисвок билан икки ракаат намоз ўқишим мен учун мисвоксиз етмиш ракаат намоз ўқишимдан севимлироқдир” (Абу Нуайм “Китабу сивак”да жаййид санад билан ривоят қилган).

Шу маънода Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мисвок билан (ўқилган) икки ракаат (намоз) мисвоксиз (ўқилган) етмиш ракаат (намоз)дан афзалдир”, деганлар” (Баззор ва Абу Нуайм ҳасан санад билан ривоят қилган).

Салла ўраб намоз ўқиш

Жобир розияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Салла билан ўқилган икки ракаат намоз салласиз ўқилган етмиш ракъат намоздан яхшироқдир” (Дайламий ривояти).

Бошқа ривоятда “салла билан ўқилган намоз йигирма беш (маҳал ёки ракаат) намозга тенг, салла билан ўқилган жума эса етмиш жумага тенг” дейилган. Муҳаддис уламолар шу маънода айтилган ҳадисларнинг, хусусан юқоридаги икки ҳадиснинг санади мавзуълигини айтиб ўтишган. Аммо намозда салла ўраш ҳақида бошқа саҳиҳ ҳадислар бор. Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, бошяланг ўқилган намоздан кўра бош кийим билан ўқилгани, шубҳасиз, афзал. Салла эса намозда кийиладиган бош кийимларнинг энг афзалидир. Хуллас, намозни бош кийим билан ўқиш банда оладиган савобнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Намозни хушуъ ва хузуъ билан ўқиш

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Албатта киши (намоздан) турганида, унга намозининг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири, ярми ёзилади” (Абу Довуд, Аҳмад, Насоий “ас-Сунанул кубро”да, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да, Байҳақий “ас-Сунанул кубро”да ва Абу Яъло “Муснад”да ривоят қилган. Мунзирий: “Ҳадис ровийлари силсиласида Умар ибн Савбон бор. Унинг ривоятидан ҳужжат олинмайди”, деган. Бироқ Албоний ҳадис санади ҳасан, деган).

Амалларда сон эмас, сифат муҳим. Сонга эътибор бериб, сифатни ёддан чиқариш билан банда қилган амаллари учун оладиган ажр-савобдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Жумладан, намозда ракъатлар сонини кўпайтириш ёки намозни тезроқ ўқиб олишни ўйламаслик лозим, балки уни рисоладагидек, хушуъ ва хузуъ билан амалга оширишга ҳаракат қилиш талаб этилади. Шунда намоз учун оладиган савобларимиз кўпаяди ва ўқиган намозимиз, қиладиган бошқа ибодатларимиз Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади.

Одилхон Исмоил

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Каттақўрғон шаҳар .Қориравот, жоме масжиди имомхатиби Сайдилло домла Рўзиев билан суҳбатndash Ассалому алайкум, домла. Суҳбатга тайёрланиш асносида давоми...

2971 11:00 / 16.02.2021
Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон айтади .Халифа Мутаваккил вафот этгач, тушимда кўрдим. .Аллоҳ сенга қандай муомала қилди, деб сўрасам, .Мени мағфират қилди,, деди. .Қандай давоми...

2964 07:17 / 18.10.2019
Кимда ким банкка қўйган пули кўпайишини истаса, бунинг чорасини излайди. Худди шунингдек, кимки аёли билан ўзаро муҳаббати янада кучайишини истаса, бунинг давоми...

8436 20:30 / 08.07.2019
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам бир куни .Бу қуёш қаёққа кетишини биласизларми, дедилар. .Аллоҳ ва Унинг расули давоми...

3293 11:00 / 15.07.2020
Аудиолар

232748 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151332 14:35 / 11.08.2021