1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ҳар ким севгани билан бирга бўлур!

14:12 / 27.03.2017 4093 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир кимса Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига келиб, "Эй, Расулуллоҳ! Аллоҳга қасамки, Сиз менга менинг жонимдан ҳам севимлироқсиз, Сиз менга оиламдан ҳам, ҳатто боламдан ҳам севимлироқсиз! Мен уйимда бўлсам, Сизни эслайвераман. Сабр қила олмасдан, олдингизга келаман-да, Сизга боқиб тўймайман. Ўлимимни ва ўлишингизни эсласам, Сиз жаннатга кирасиз-да, пайғамбарлар билан бирга кўтарилиб кетишингизни биламан. Мен ҳам жаннатга кирарман, лекин Сизни кўрмай қолишимдан қўрқаман", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга жавоб бермадилар, ҳатто бунга жавоб сифатида Аллоҳ таоло мана бу оятни нозил қилди:

وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَالرَّسُولَ فَأُوْلَـئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاء وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَـئِكَ رَفِيقاً {69} ذَلِكَ الْفَضْلُ مِنَ اللّهِ وَكَفَى بِاللّهِ عَلِيماً {70} 

"Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар, ҳақ-рост иймон эгалари, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир. Бу Аллоҳ томонидан бўлган фазлу-марҳаматдир. Аллоҳнинг ўзи етарли билгувчидир" (Нисо, 69-70).

Юқоридаги ривоятни Имом Табароний (р.ҳ.) ривоят қилган бўлиб (Табароний, "ал-Мўъжам ал-авсат", 1/477; "ал-Мўъжам ас-сағир", 1/52), "Мажмаъ аз-завоид"да ушбу ривоятнинг ровийлари ишончли экани, ҳадиснинг саҳиҳлиги айтиб ўтилган ("Мажмаъ аз-завоид", 6/1037).

Аллоҳ таолонинг юқоридаги хабари ва ваъдасига кўра, Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га итоат қилиш сабабли жаннатда пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ зотлар билан бирга бўлиш имконияти вужудга келади.

Имом Термизий (р.ҳ.) саҳиҳ ҳадис деб ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бир кимса келиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: "Қиёмат қачон бўлади?", деб сўраган. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) жавобни намоз ўқиб бўлганларидан кейин берганлар. Ўша кимсани чақириб, "Сен ўзинг қиёматга тайёрмисан, тайёргарлик кўрганмисан?", деб сўраганлар. У кимса: "Эй, Расулуллоҳ! Мен катта нарса тайёрламаганман, намоз ҳам, рўза ҳам тайёрламадим. Бироқ, мен Аллоҳ ва унинг Расулини яхши кўраман!", деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар:

المرء مع من أحب وأنت مع من أحببت

"Кимса севган кимсаси билан бирга бўлур. Сен севганинг билан бирга бўласан!".

Саҳоба Анас ибн Молик (р.а.): "Мусулмонлар шу кунда ҳеч қачон бунчалик хурсанд ва шодмон бўлмаган эдилар", деб эслайди (Термизий, 4/2385).

Ушбу ривоятни Имом Бухорий (р.ҳ.) ва Имом Муслим (р.ҳ.) ҳам ривоят қилганлар (Бухорий, 5/6167; 6171; 7153; Муслим, 4/2639). Имом Дорақутний (р.ҳ.) эса Расулуллоҳ (с.а.в.)дан мана шу гапни эшитган кимса ҳатто масжидга бавл қилган оддий аъробий-бадавий бўлганлигини ривоят қилган эди (Дорақутний, 1/3).

Демак, ҳаётда нима қилиб бўлса ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.)ни яхши кўриш, севиш керак бўлади. Бу эса жаннатда ул зоти бобаракот билан бирга бўлиш кафолатидир! Ул зоти шарифни севмоқ ва яхши кўрмоқ учун эса нима қилмоқ керак? Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳоба Анас ибн Молик (р.а.)га бу борада бундай деб насиҳат қилганлар: 

يا بني إن قدرت أن تصبح وتمسي ليس في قلبك غش لأحد فافعل ثم قال لي يا بني وذلك من سنتي ومن أحيا سنتي فقد أحبني ومن أحبني كان معي في الجنة  

"Эй, ўғилчам, агар қодир бўлсанг, тонг оттирганингда ва кеч кирдирганингда қалбингда бирорта кимсага нисбатан гина-кудурат ва ғилл-у ғашлик бўлмаса, шундай қилгин. Эй, ўғилчам, мана шу суннатимдир. Кимки суннатимни тирилтирса, муҳаққақ мени яхши кўрган бўлади. Кимки мени яхши кўрса, жаннатда менинг билан бирга бўлади" (Термизий, 4/2678).

Хулоса шуки, биз мусулмонлар охирзамонга яқин даврда ҳаётда яшаётган кимсалар бўлиб, саҳобаларга нисбатан олиб қараганда, биз Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрмадик. Ҳатто кўпчилигимизга ул зоти шарифнинг муборак қабрларини ҳам зиёрат қилиш бахти муяссар бўлмади. Лекин, ғоибона бўлса ҳам, биз Расулуллоҳ (с.а.в.)га ишондик, ул зоти бобаракот келтирган динга амал қилдик, ул зоти шарифнинг буюк суннатларига имконқадар амал қилиб келдик. Ҳа, Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларига қўлдан келгунча амал қилишимиз бизнинг Расулуллоҳ (с.а.в.)ни севишимизга далолатдир. 

Тўғри, суннатларга чала-чулпа амал қиламиз, айрим ҳолларда суннатларга эътибор бермаймиз, бепарво бўлиб яшайверамиз, бироқ, айрим ҳолларда суннат эканини билиб қолсак, унга ҳаммадан кўра чиройли амал қиламиз,, бу суннат экан деб, айрим суннатларни оммавий равишда бажарамиз. Худди масжидга сийиб қўйган аъробий каби Расулуллоҳ (с.а.в.)га бўлган бизнинг севгимиз чиндир, ҳақиқатдир. Энди эса Расулуллоҳ (с.а.в)нинг суннатларини тирилтириб, уларга амал қилишга киришсак, бўлгани. Шунда, ҳар ким севгани билан бирга бўлур, ин ша-Аллоҳ.


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки инсон руҳ ва танадан ташкил топган. Инсон танаси кучқувват берадиган, саломатлигини сақлаб турадиган етарлича озуқага эҳтиёжманд бўлгани сингари, руҳи давоми...

4931 15:37 / 22.04.2017
Мусулмоннинг мунофиқлиги Мусулмон Исломни қабул қилган, унга бўйсунган, Аллоҳга ўзини таслим қилган киши. Мўмин Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган одам демакдир. давоми...

4662 21:39 / 21.04.2017
Фитратни ўзгартиришдан қайтариқларАбу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ит учун ва қон олганлик учун ҳақ давоми...

2605 19:30 / 10.09.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, унда аёли билан жимоъ қилмаса, беҳуда гапларни давоми...

3292 10:23 / 27.03.2017
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021