1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Меҳнат – роҳат...

21:38 / 21.04.2017 3996 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Меҳнат – роҳат...

 Бу дунё синов дунёси, унда ҳамма нарса меҳнат, машаққатга боғлиқ. Ким меҳнат қилса, роҳат кўради. Ким дангасаликка ўрганиб, мунтазам равишда роҳатга майл қилса, роҳатдан маҳрум бўлади ёки унга асло эришолмайди. Шунинг учун ҳам донолар: «Агар чарчашни хоҳламасанг, чарчагин!» дейишган. Яъни «Машаққатлардан қутулиб, роҳатга эришмоқчи бўлсанг, аввал машаққат билан меҳнат қил, ундан кейин чеккан машаққатларинг эвазига умр бўйи роҳатда яшайсан», деганидир бу. Яна дебдиларки: «Дангасалик ва жиззакиликдан эҳтиёт бўл. Зеро, дангаса бўлсанг, ҳақни адо қилолмайсан. Борди-ю жиззакилик қилсанг, ҳаққа сабр қилолмайсан». Яъни эринчоқ, дангаса одам зиммасидаги вазифаларини мукаммал адо қилолмайди, Рабби фарз, вожиб қилган ишларни амалга оширишга сабри етмайди. Жиззаки, асабий, фақат нолишни биладиган, норози одам эса Аллоҳнинг иродаси билан содир бўлган мусибат, йўқотиш ва ҳоказоларга сабр қилолмайди. «Ҳақни адо қилолмайсан» ва «ҳаққа сабр қилолмайсан» деган сўзларнинг маъноси шундай.

Дангасалик, ишёқмаслик барча кулфатларнинг бошидир. Камбағаллик айб эмас, аммо у ялқовлик сабабидан келган бўлса, катта айбдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Эринчоқлик ва ишёқмаслик бир-бири билан турмуш қурди, натижада уларнинг ўртасида фақирлик туғилди». Ҳа, қайси бир кишида ожизлик, ношудлик ва дангасалик мужассам бўлса, у инсон фақирликка юз тутади. Дангасалик ва ожизлик уруғини ерга қадаган одам, алалоқибат қашшоқлик ҳосилини йиғиб олади. Ожизлик деганда ўз иқтидорини баҳолай билмаслик, ўзига ишонмаслик, «қила олмайман», «қўлимдан келмайди», «уддасидан чиқолмасам-чи?» деган қўрқув ва хавотирларга берилиб, бирор ишга қўл уришга ботина олмаслик тушунилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ожизлик ва дангасаликдан паноҳ сўраганлар. У киши қуйидаги дуони жуда кўп ўқирдилар:

“اللهم إني أعوذ بك من الهم والحزن، والعجز والكسل...”

«Ё Аллоҳ, мен Сендан ғам ва қайғудан, ожизлик ва дангасаликдан паноҳ беришингни сўрайман» (Абу Довуд, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Ғам ва қайғу бир-бирига жинсдош нарсалар бўлгани каби дангасалик ва ожизлик ҳам бир-бирига ўхшаш нарсалардир. Шу боис ҳам улар ҳадисда ёнма-ён зикр қилинган. Пайғамбаримиз, паноҳ сўрабдиларми, демак танбаллик чиндан ҳам ёмон нарса экан.


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон хизматчидан барча исломий ахлоқий фазилатлар талаб этилади. Чунки у ўз иши доирасида мусулмонларнинг юзи, вакилидир. Ана шу талаб этиладиган хулқлардан давоми...

2938 10:18 / 27.03.2017
...Пайғамбар алайҳиссаломда бу одамларни зўрлаб исломга олиб кирадиган кучқудрат, уларни отаона, молмулкларидан воз кечишга мажбур қиладиган фавқулодда бирон давоми...

13528 14:22 / 15.03.2017
...Соғлом фикрли ақлли одамлар одамларни ўзини фойдасига эмас балки зарарига деб билади. Улар билан ёндашиб ёки қарор қабул қилиб одамларга суяниб олишмайди. Лекин давоми...

8394 14:28 / 15.03.2017
Ва улараҳли оиласи ила яхшиликда яшанг деганАллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар Чунки, сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила давоми...

4721 14:43 / 22.04.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021