1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Саҳиҳ ҳадиснинг асл моҳияти

15:30 / 24.04.2016 3617 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Сиз томондан берилаётган жавобларни мириқиб ўқийман. Аллоҳнинг Ўзи сиздан рози бўлсин. Мен ҳеч қачон ҳадисларга шубҳа билан қарамаганман ва қарамайман ҳам. Уларга имкон қадар амал қилишга ҳаракат қиламан. Агар бирор ҳадисга тушунмаган жойим бўлса, менинг ақлим етмайдиган жойи бор деб қабул қиламан ва билгувчидан сўраймам. Шундай ақлим етмаган ҳадиснинг қисқа мазмуни шундай эди: 

Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"Қуйидаги 5 та нарсани фақат Аллоҳнинг Ўзи билади: 

-қиёмат қачон бўлишини 

-ёмғир қачон ёғишини 

- онанинг қорнида ўғил ёки қиз эканлигини 

– 

Қолган иккитаси аниқ эслай олмаганим учун ёза олмадим. Сиздан ушбу ҳадиснинг шарҳини сўрамоқчи эдим. Яъни нима назарда тутилганини. Ҳозирги технологиялар билан онанинг қорнидаги ҳомилани ўғил ёки қиз эканини аниқласа бўлади, ёмғир қачон ёғишини қисман бўлса ҳам айтиб беришаяпти. Раҳмат.

Жавоб:

- Ҳадисни нотўри таржима қилиб олинган бўлса, шундай бўлади. Бунинг устига бешдан иккиси эсдан чиққан бўлса, ундан ҳам бадтар бўлади. Бунинг ҳам устига ҳадиснинг маъносини ҳозирги технологияларга кўр-кўрона солиштирилса яна ҳам расво бўлади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " مَفَاتِيحُ الْغَيْبِ خَمْسٌ لَا يَعْلَمُهَا إِلَّا اللهُ ": {إِنَّ اللهَ عِنْدَهُ عِلْمُ السَّاعَةِ وَيُنَزِّلُ الْغَيْثَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْأَرْحَامِ وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ مَاذَا تَكْسِبُ غَدًا وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ بِأَيِّ أَرْضٍ تَمُوتُ إِنَّ اللهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ}

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

"Ғайбнинг қалидлари бешдир. Уларни Аллоҳдан бошқ ҳеч ким билмас: Албатта, Соат илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир". Аҳмад ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда келтирилган беш нарса ҳақидаги матн Луқмон сурасидаги бир оятдир.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг илми шомилу комил ҳамда мутлақ экани, У Зотнинг илми қаршисида бошқа илмлар ҳеч нарсага арзимаслиги баён қилинмоқда.

«Албатта, Соат илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир».

У Зотдан бошқа ҳеч ким қиёмат қачон қоим бўлишини билмайди. Билиши мумкин ҳам эмас. Аллоҳ таоло улкан ҳикмат юзасидан бу илмни фақат Ўзига хос қилиб қўйган. Қиёмат қачон қоим бўлишини билмаган одамлар доимо ҳушёр турадилар. Ҳар лаҳзада қиёмат қоим бўлиб қолишидан қўрқиб, доимо яхши ишларни кўпайтиришга уринадилар, унга тайёргарлик кўрадилар.

«Ёмғирни У ёғдирур».

Ёмғирга сабаб бўладиган моддаларни йўқдан бор қилган ҳам У Зотнинг Ўзидир. Уларни бир-бирига қўшган ҳам У Зотнинг Ўзидир. Булутни пайдо қилиб, маълум жойларга ёғдирадиган ҳам У Зотнинг Ўзидир. Аллоҳ борлиқнинг ҳар бир нуқтасидаги ёмғирни пайдо қилган, ёғдирган, натижасини-да билиб турадиган Зотдир. Борлиқнинг бир нуқтасида Аллоҳ яратган шароитни кўриб, ёмғир ёғишини тахмин этган инсоннинг Аллоҳнинг сифатига шерикликни даъво қилиши кулгилидир. Бундай даъво илмдан эмас, жаҳолатдандир.

«Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур».

Дунёда қанча бачадон бўлса, уларнинг ичида нимаики бор бўлса, моҳиятини, тақдирини ва яна уларга боғлиқ ишларнинг ҳамма-ҳаммасини Аллоҳ билади. Бир аёлнинг туғиши яқин қолганида, асбоб ёрдамида ўғилми-қиз эканини тахминан билиб олиб, Аллоҳнинг илмига шерикликни даъво қилган жоҳил инсонга ҳайронсан!

«Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас».

Дунёда ҳеч бир одам эртага, балки беш дақиқа ва ундан оз вақтдан сўнг ҳам нима қилишини билмайди. У фақат ният қилади, режа тузади, холос. Лекин ҳақиқатда нима бўлишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

Аллоҳ таоло бутун жонларнинг барча замонларда, маконларда нима қилишини яхши билади. Аниқ билади. Камчиликсиз билади. Баъзи бир тахмини Аллоҳнинг иродаси ила тўғри чиқиб қолган жоҳил инсоннинг Аллоҳнинг илмига шериклик даъвосида бўлиши кулгилидир.

«Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас».

Дунёда бирорта инсон қаерда, қачон, қандай ўлишини билмайди. Бунинг ҳаммасини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

«Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир».

Шунинг учун ҳамма нарсани билади ва ҳамма нарсадан хабардор бўлади.

- Очиқ - ойдин кўриниб турибдики ҳадис ва оятда сиз айтган " ёмғир қачон ёғишини, - онанинг қорнида ўғил ёки қиз эканлигини" деган гаплар йўқ. Бас, шундай экан ўзингиз тўқиб олган нарсани ҳадис деб ва уни тушуна олмаяпман деб даъво қилишга ким ҳақ берди?! Бундай иш қилиш мусулмон инсонга мутлақо тўғри келмайди.  

Ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганишда диққатли бўлишимиз лозим. Сизнинг сўзингиз аввалида айтган маънолари яхши. Аммо ҳадиснинг ўзига келганда иш бошқача бўлиб кетган. Аллоҳ таоло барчамизни сироти мустақимда бардавом қилсин!


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум Ёшим 33 да 2 нафар фарзандим бор. Аёлим билан турмуш қурганимга 9 йил бўлди. Уйлангунимга қадар аёлимни танимаганман. Аёлим 1 чи унаштирилиб тўйи давоми...

3575 12:02 / 08.11.2018
СаволАссалому алайкум Уйқуга кeтишдан олдин сураларни ўқисам ёки эшитсам бўладими Мeн бошқа давлатдаман, қайси сураларни ўқиб юришни маслаҳат давоми...

6187 10:30 / 11.04.2018
Бир биродаримизнинг қизига жин кириб олган эмиш. Қанча дўхтирга кўрсатди, бирор тайинли ташхис қўя олишмади. Охири жин чиқарадиган бир кишига олиб бориб ўқитиб давоми...

22345 15:50 / 24.05.2016
СаволҲазрат Намоздан кейин дуо қилиш яхшими ёки бошқа пайтми шу дуо қилишда яхшилилар бормиАллоҳ хаммамиздан рози бўлсинЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Намоздан кейинги дуо жуда ҳам яхши.

4994 23:05 / 28.04.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021