1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Ташландиқ боланинг ҳукми нима?

15:40 / 24.04.2016 4360 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Етимни боқиб олишда уни фамилия ва «номи»мизга ўтказмаслигимиз керак, бу маълум, аммо етимнинг ота-онаси маълум бўлмаса нима килиш керак (ташландиқ бўлса). Кейин қонунан уни «боқиб олишда» ҳам фамилиянгизга ўтказмасангиз ҳар хил муаммолар бўлади, шу муаммолар етимхоналарнинг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин. Жамиятимизда етимларнинг сонини камайтиришимиз учун нималар қилишимиз керак?

ЖАВОБ: Ота-онасиз етим қолган болаларни боқиб-тарбиялаш Исломдаги савобли амаллардан саналади. Аммо уларга ота-оналик даъвосида бўлмаслик, уларни боқиб олингани бошқаларга билдирилиши керак. Аллоҳ таоло: «Етимга қаҳр қилма, «соил»га зажр  қилма, Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла», деган. Зуҳо сурасидаги 9-11-оятларда етимларга Аллоҳ таоло яхшилик қилишга амр қилмоқда, уни хорлаш, камситиш, ҳақини ейишдан қайтармоқда. Ҳадиси шарифда: «Мусулмон оилаларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилувчисидир, энг ёмони эса, етимга ёмонлик қилувчисидир», дейилган. Аллоҳ таоло Моъун сурасида динсиз шахсни маззаммат қилиб: «У етимни қўполлик билан ҳайдайди», деган. Яъни, ўша  охират жазосини ёлғонга чиқарувчи киши етимга қўполлик қилувчи, уни ўз олдидан ҳайдаб солувчи одамдир. Ҳа, фақат охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина етимга шу муомалани қилиши мумкин. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни диндор деб бўлмайди.

Етим одатда ожиз, заиф шахс бўлади. Аллоҳ таоло Инсон сурасида (8-10-оятлар) Ўзининг аброр бандалари васфида: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам уни мискин, етим ва асирларга беришади. «Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз, бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламаймиз. Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқамиз», дерлар», деган.

 Етимларга ёрдам бериш ҳам ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга ақл кўзи билан бир назар солсак, бас.

Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ душманлардан қўлга тушган асир ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат қилишга даъват этди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга оятлар ҳам нозил қилинди. У зот бундан 1400 йил аввал, бутун дунё инсон ҳуқуқи нима эканини билмай турган бир пайтда Аллоҳнинг ана шундай инсонпарвар ҳукмини эълон қилдилар.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз", деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий).

 Бу ҳадиси шарифда етимни ўз кафолатига олган кишига жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишлари ваъда қилинмоқда. Бу эса етимга кафиллик қилиш улуғ иш эканига далилдир.

 Бундан етим кафили қариндошлардан бўладими ёки тамоман бегоналардан бўладими барибир, унга бериладиган мукофот олий даражада бўлаверишини билиб оламиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким икки мусулмондан бўлган етимни тутиб таом ва шароб берса, албатта, Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар» (Термизий).

 Бева ва етим учун саъй-ҳаракат қилувчи ҳам жаннатий бўлиши ҳақида ҳадислар келган. Демак, бева ва етим учун саъй-ҳаракат қилувчилардан бўлишга уринайлик (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Телевизорда кўрсатилишича, арабларда туя ва от пойгаси тезтез уюштирилиб тураркан. Бизда ҳам от пойгаси, улоқ каби мусобақалар ташкил этилиб, ўтказилади. Бу давоми...

4279 15:50 / 24.04.2016
Ассалому алайкум Эрим 2018йилнинг октябрь ойида quotАгар шу йилни охиригача келиб сан билан яшамасам талоқсанquot деб кетди. Шу билан қайтиб келмади, хабар хам давоми...

2834 09:37 / 14.03.2019
Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида, 1408 ҳ.с. 24 ndash 28 сафар 1987 йил, 17 ndash 21 октябр кунлари бўлиб ўтган ўнинчи мажлисида тиббий аломатлар ила давоми...

3693 21:33 / 25.04.2016
Ҳозир ҳар хил хушбўй атирлар духилар, айниқса франсузчаси кўпайиб кетди. Улар таркибида оз миқдорда спирт қўшилган бўлади, дейишади. Биз, яъни намоз ўқийдиганлар давоми...

4533 16:04 / 24.04.2016
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021