1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Яхши мақсадда ёлғон гапирса бўладими?

16:04 / 24.04.2016 4145 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзан шундай ҳолатлар пайдо бўлиб қоладики, одамларга бирор яхшиликни қилмоқчи бўлганингда ёлғон гапиришга мажбур бўлиб қоласан киши. Масалан, эр-хотинларни яраштириш учун бири айтмаган гапни бошқасига ёлғондан “шундай деганди” деб етказишга тўғри келиб қолади. Саволим шуки, яхши мақсадда ёлғон гапириш жоизми?

ЖАВОБ: Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса-да, ундан каттароқ зарарни қайтариш учун уч ҳолатда истисно тариқасида ёлғон ишлатишга рухсат берилган. Булар қуйидаги ҳолатлардир:

1. Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Мусулмонларнинг бир-бирлари билан уришиб юришлари жуда ёмон иш. Бунинг оқибатида инсонлар ва жамиятлар ораси бузилади, тотувлик, аҳилликка путур етади. Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, уришишлари барча бало-офатларнинг бошидир. Шунинг учун бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандай қилиб бўлса-да уни бартараф қилишга ўтиш зарур. Бу йўлда ҳатто ёлғон гапиришга ҳам рухсат бор. Чунки одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақат яхшиликни кўзлаган бўлади. 

2. Урушда ғалаба қилиш учун. Душман билан бўлаётган қуролли қарама-қаршилик ҳаёт-мамот жанги бўлади. Бу жангда душман қўлидан келган барча ишларни, жумладан, ёлғонни ҳам ишга солади. Агар аскар енгилса, барча уммат ва миллат душман асорати остида қолади. Шунинг учун ҳам кўпчилик манфаати йўлида душманни доғда қолдириш учун ёлғон гапиришга рухсат берилган.

3. Оиланинг аҳиллигини сақлаб қолиш учун. Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳил оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб етишади. Ота-онанинг жанжаллари остида ўсган болаларнинг тарбияси бузилиши, улар жирттаки, аламзада ва бемеҳр бўлиб улғайиши мумкин. Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда муҳимдир. Ана шу аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида эр-хотин бир-бирларига яхши маънода ёлғон гап айтишларига рухсат берилган.

Ушбу истисно тариқасида рухсат берилган уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш асло мумкин эмас. Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб (ёлғончи) эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан. У: «Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Фақат уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар», деди» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий).

 Абу Довуднинг лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Фақат уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман» дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан бошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни», дейилган (Аллоҳ билувчидир). 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Мен Россияда ишлайман. Ўтган йил Рамазонда рўза тутмайдиганлар билан бирга ишлаб, ноқулайлик бўлди. Уларга .Мен рўзадорман, фалон ишни қилмасамчи, деб давоми...

4033 17:19 / 17.06.2017
16савол .Агар Қуръоний ҳукмлар комил бўлса, унда замонавий ҳукмларни ким чиқаряпти, Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Алҳамдулиллаҳ ва соллаллоҳу васаллама ва барока давоми...

3228 09:24 / 19.02.2023
.Дуоларга инган хислатлар, китобидаги ёзувлар ҳақиқатга қанчалик яқин Шунингдек, ундаги .Кимёи саодат, бўлими ҳақида алоҳида тўхталиб ўтсангиз. Яна бир савол давоми...

7311 21:12 / 24.04.2016
Агар бир киши иккинчисидан қарздор бўлса, қарз берган инсон қарз олган биродарининг уйига борса, унинг уйида овқат ейиши мумкинми Бир мажлисда .Бундай қилиш давоми...

5508 21:35 / 27.04.2016
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021