1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзанинг суннатлари ҳақида

03:30 / 01.04.2023 7476 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳарлик этиш ва уни кечиктириш мустаҳаб. Имом Бухорий ва Муслим Зайд ибн Собит розийаллоҳу анҳудан ривоят этишларича, Зайд айтадилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саҳарлик қилиб, сўнгра (бомдод) намозига турдик». Зайддан «Саҳарлик билан намознинг ўртасидаги вақт қанча эди?» деб сўралди. У киши жавоб бериб: «Эллик оят ўқигудек вақт бўларди», деб айтдилар.

Ифторликни тезлатиб қилиш ҳам яхшидир. Имом Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъддан ривоят этишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Инсонлар мудом ифтор этишга шошилар экан, улар яхшиликда давом этурлар. Хурмо билан ифтор этиш, яъни оғиз очиш (мустаҳабдир)». Имом Абу Довуд, Термизий ва Ҳокимларнинг Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят этишларича эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан аввал ҳўл хурмолар билан ифтор этардилар, агар у бўлмаса, қуриган хурмолар билан оғиз очардилар, иттифоқо, у ҳам топилмаса, унда бир неча хўплам сув билан оғиз очардилар.

Рамазон ойида жуда карамли бўлиш суннатдир. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят этишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда сахий зот эдилар. Рамазон ойида ҳазрат Жаброил билан учрашган вақтларида янада сахий бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойининг ҳар бир кечасида Жаброил алайҳиссаломдан Қуръонни ўтказардилар. Шу кунларда у зот эсаётган шамолдан ҳам тезроқ яхшилик этиш билан сахий бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб рамазон ойида амру-маъруф этиш, кўплаб эҳсону-садақотлар тарқатиш суннатдир.

Шунингдек, Қуръони каримни ўқиш ва ўрганиш, хусусан, рамазон ойининг охирги ўн кунлигида масжидларда эътикоф ўтириш ва бу кунларда ижтиҳод этиш ҳам суннат амаллардан бўлиб ҳисобланади.

Икки «Саҳиҳ» китобда ҳазрат Оиша розийаллоҳу анҳо онамиздан ривоят этилган шундай ҳадис бор. Унда бу волидамиз айтадилар: «Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги кириб келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изорларини маҳкам боғлардилар. Кечаси бедор бўлар ва аҳлу-аёлларини уйғотардилар».

Уламои киромлар «изорни маҳкам боғлаш» борасида икки фикрни зикр этишади: биринчиси – бундан мақсад аёллардан четлашиш.

Иккинчиси – бу амалда жиддий бўлиш ва енг шимаришдан киноя. Улар яна: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги ўн кунликда ижтиҳод этишларининг сабаби – қадр кечасини топиш эди», деб ҳам айтадилар.

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Рўзадорлиги эсидан чиқиб еб ичиб ёки жинсий яқинлик қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига тушиши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жинсий яқинлик давоми...

35585 05:00 / 11.01.2017
Фаришталар тонгдан шомгача таом емасалар, бу иш асло ҳайратомуз эмас. Чунки, улар умуман очқамайди, уларнинг таомга ҳожатлари йўқ. Шунинг учун улар Рамазон кунида давоми...

530 20:31 / 27 февраль
Салмон Форсий анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилдилар Эй инсонлар Буюк, муборак ой сизларга давоми...

3456 05:00 / 14.01.2017
Рамазон ойи йилнинг энг афзал ойларидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу ойда Қуръони Каримни нозил қилган. Бу ойда минг ойдан яхши кеча қадр кечаси бор. Бу ойда жаннат давоми...

2656 17:00 / 20.04.2021