1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

«Мукаммал саодат йўли»га кириш

23:05 / 26.04.2017 5336 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик», деган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У Зотнинг улуғлиги ва поклигига хос ва мос ҳамду санолар ҳамда мақтов ва олқишлар бўлсин!

Оламларнинг сарвари, набийларнинг афзали, Роббидан бу дунё ва охират офиятини давомли сўраб, дуо қилиб юрган Муҳаммад Мустафога мукаммал ва давомли салавоту саломлар бўлсин!

Аммо баъд: 

Муҳтарам китобхон! Ушбу сатрлар орқали сиз билан мулоқот бошлаётганимдан ғоятда мамнунман. Сиз азизлар билан инсоннинг саодатли яшаш йўли ҳақида дилдан суҳбат қуриш истагидаман. Аллоҳ таоло ушбу бўлажак суҳбатни баракотли ва хайрли қилсин!

Ҳаммамизга маълумки, инсон зоти борки, бу дунёда бахтиёр ҳаёт кечиришни истайди. Бу хоҳиш мақтовга сазовордир. Чунки саодатли ҳаёт кечириш истаги ҳар бир инсоннинг асл ва соф табиатида бордир. Шунинг учун ҳам инсон зоти, у ким бўлишидан қатъи назар, доимо ўзига фойдали нарсаларни жалб қилиш ва зарарли нарсаларни четлаб ўтиш пайида яшайди. Айни мана шу истак ҳар бир инсон тафаккури ва уринишининг ажралмас қисмидир. Дунёда ҳеч ким бахтсиз бўлай, ёмонлик кўрай, демайди. Ҳа, ушбу истак умуминсоний истакдир. Ким бўлишидан қатъи назар, номи инсон борки, бахтиёр яшаш истаги билан биргадир.

Аммо кишилар мазкур умуминсоний орзуга эришиш – бу дунёда бахтиёр яшаш учун турли йўлларни ихтиёр қиладилар. Бу оддий ҳақиқатни тушуниб етиш учун инсонларнинг ўзлари учун танлаган ҳаёт йўлларига бир назар солишнинг ўзи кифоя. Уларнинг ҳаммаси дунёдаги барча халқларга бахтиёр ҳаётни ваъда қиладилар. Шу билан бирга, инсонларга бахт-саодат йўлини кўрсатиб беришга уринаётган кишилар ва ташкилотлар ҳам талайгина. Турли шахсларнинг, «илмий» изланиш муассасаларининг, ҳуқуқий ташкилотларнинг одамзодга бахтиёр ҳаёт, саодатли турмуш ваъда қилиб жар солаётганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Албатта, ана шу бахту саодат ваъда қилаётганларга эргашаётганлар, уларнинг тавсия ва кўрсатмаларига ихлос билан амал қилаётганлар ҳам оз эмас. 

Бахтиёр ҳаёт борасидаги бу вазият камина ходимингизни анча йиллардан буён ўйлантириб келар эди. Баъзи одамларнинг ўз ҳаётида муваффақиятга эришиш мақсадида Д.Карнегининг китобини диққат билан ўқиб, унга ихлос билан амал қилишлари ҳақида ҳам билиб юрар эдим. Танишларнинг биридан одамларнинг қандайдир янги таълимотга ишониб, иш жойларидаги ўриндиқ ва асбобларини ана шу таълимот тавсияси асосида жойлаштириб, бахт-саодат кутиб ўтирганлари ҳақида ҳам эшитган эдим. Буларга ўхшаш таълимотлар сон-саноқсиз эканини ҳам яхши англаган эдим.

Бизни кўпроқ ташвишга солган, ўйлантирган нарса эса охирги пайтларда атрофимизда пайдо бўлган турли динлар, ҳизблар, тоифалар, йўналишлар, оқимлар ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларга одамларнинг кўр-кўрона эргашиб кетаётганлари эди. Кўпчилик кишилар керакли билим ва тушунчага эга бўлмаганликлари сабабли мазкурларга эргашиб, уларнинг айтганини қилиб, ўзлари учун бахт ахтарадилар. Бечоралар аслида ўша «етакчи»ларнинг бирортаси ҳам ҳеч кимга бирор яхшилик қила олмаслигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Динимиз, мазҳабимиз, дунёқарашимиздан кўпларининг хабарлари ҳам йўқ. Аввал нима бўлса, бўлгандир. Аммо ҳозир ота-боболаримиз амал қилиб, бахту саодат топган ўзимизнинг динимиз, мазҳабимиз ҳамда маданиятимизни яхшироқ ўрганиш ўрнига ўзганинг дини, мазҳаби ва маданиятига кўр-кўрона эргашиб кетаверишни оқилона иш сифатида баҳолаб бўлмайди.

Ўша бошқа дин, мазҳаб, ҳизб, оқим, йўналиш ва ҳоказоларга эргашаётганлар аввал ўзларининг, ота-боболарининг тутган йўлларини яхшилаб ўрганиб чиқишса яхши бўларди. Ҳозирда кўпчиликни ташвишга солиб турган муаммолар, кўнгилсизликлар ва бахтсизликларнинг олди олинар эди. 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(мукаммал саодат йўли китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хушфеълли, карамли бўлади. Солиҳлар, хайр аҳли ва мискинларга тавозели бўлади. Хотиржам, сокин ва виқорли бўлади. Қуръонни тирикчилик манбаи қилиб, уни касб давоми...

2499 14:30 / 06.11.2021
1. .Биз уларни фақат ҳақ ила яратдик, лекин кўплари билмаслар,. Духон сураси, 39оят.Илм ва маърифатга молик эмаслар.2. .Албатта, уларнинг қалбларига Аллоҳдан кўра давоми...

2414 10:39 / 10.03.2022
Муслима аёл фақат мусулмон эркак билангина турмуш қуриши мумкин. Ғайридийн эркакка эрга тегиш муслима аёлга қаттиқ ман қилинган. Бу борада эркак аҳли китоб бўлса давоми...

9531 17:47 / 06.01.2018
Атиргулда, буғдой бошоғида, эман дарахтида ақл бор. Гарчи унинг ақли, яъни эман дарахтининг ақли шохлари каби қалин ақл бўлса ҳам бор. Кунгабоқарнинг ҳаракати, қуёш давоми...

2993 21:34 / 19.08.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021